Ўзбекистонда "Ҳалол" стандарти қабул қилинди

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистонда "Ҳалол" белгиси остида маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бу ҳақда "Ўзстандарт" давлат агентлиги хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, мамлакатда илк бор жорий этилаётган янги стандарт Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосланади.
Агентлик хабарида Қуръони Карим ояти келтирилган: "Эй, инсонлар! Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз у сизларнинг очиқ душманингиздир". (Бақара сураси 168-оят).
Дунёда "Ҳалол" маҳсулотларга талабнинг ошиб бораётганига эътибор қаратган агентлик Ҳалол туризмнинг ривожланаётганини ҳам хотирлатган.
Хабарда айтилишича, "Ўзстандарт" агентлиги томонидан "Ҳалол" стандартининг қабул қилиниши, тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратади".
"Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар, таббарук заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорийлар, Мотуридийлар, Имом Ат Термизийлар, Навоий-у, Берунийлар авлодларини камолга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади", дея таъкидлаган "Ўзстандарт".
"Ҳалол" стандарти маҳаллий озиқ-овқат, хусусан, колбасаларга айниган ёки эшак гўшти қўшилгани билан боғлиқ қатор можаролар ортидан жорий этилмоқда.
Ўтган ой ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги колбаса цехига Хоразмдан 69 килограм эшак гўшти етказибд берилгани билан боғлиқ жиноий тергов ҳақида ҳисобот берган.
"Ўзстандарт" 2011 йили маҳсулотларга "ҳалол" маркасини ёпиштиришга тақиқ қўйган эди.
Ўзбекистон айни соҳада қўшни давлатлардан анча орқада.
Қўшни Қозоғистонда "Ҳалол" стандарти билан ишлайдиган ози-овқат саноатининг умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг.
Қозоғистон "ҳалол" стандартини 2006 йилда жорий этганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












