Федерика Могерини Тошкентга йўл олмоқда

Сурат манбаси, Reuters
9 ноябр куни Тошкентга сафар қиладиган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар бўйича Олий вакилининг Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмийлар билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.
Могерини бошчилигидаги ҳайъат Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" минтақалараро вазирлар учрашуви ҳамда "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам иштирок этади.
Ҳайъат таркибига ЕИнинг халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Олий вакили Невен Мимица ва бошқа расмийлар ҳам кирган.
Инсон ҳақлари
Могеринининг Ўзбекистонга сафари арафасида Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳақлари ташкилоти Европа Иттифоқини инсон ҳақларини минтақа давлатлари билан муносабатларнинг муҳим таркибий қисмига айлантиришга чақирган.
Ташкилот чоршанба куни чиқарган баёнотда Мирзиёев ҳокимиятга келгандан буён Ўзбекистонда айрим ижобий силжишлар кузатилгани, жумладан, 16 нафар ҳукумат танқидчилари қамоқдан озод этилгани айтилади.
Шунингдек, катта сондаги одамларнинг "қора рўйхат"дан чиқарилгани, фикр ҳамда ифода эркинлигига қўйилган чекловларнинг юмшатилгани ва бюджет ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш тақиқлангани қайд этилган.
Ҳюман Райтс Уотчга кўра, Европа Иттифоқи бу қадамларнинг тўғрилигини эътироф этиш билан бир қаторда Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳақларини ҳимоялаш юзасидан узоқ давом этадиган ўзгаришлар қилишга чақириши лозим.
Ташкилот шу йилнинг 27 сентябрида Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаевнинг сиёсий айблар билан ҳибсга олингани ва шу куннинг ўзида Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод этилганига қарамасдан, ҳануз экстремизм билан боғлиқ айбларга юз тутаётганини эслатган.
Бу Европа Иттифоқи Ташқи ишлар бўйича Олий вакилининг Ўзбекистондаги ҳокимият ўзгаришидан буён мамлакатга илк сафаридир.
Марҳум Ислом Каримов даврида ЕИ-Ўзбекистон алоқалари стратегик шерикликдан жазо чораларига қадар турли босқичларни бошдан кечирган.

Сурат манбаси, Uzbekistan Embassy
Андижон воқеалари ортидан Иттифоқ 12 нафар Ўзбекистон мулозимларига нисбатан жазо чораларини киритганди.
Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида муносабатлар қайта тикланган ва 2011 йил ноябрида Ислом Каримов Брюсселда қабул қилинганди.
Айни пайтда Ўзбекистонга Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари етиб кела бошлаган.
Улар Самарқандда БМТ шафеълигида ўтадиган халқаро анжуманда қатнашади ва нутқ сўзлайдилар.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












