"Каримовнинг уч фарзанди бўлган"

Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов

Сурат манбаси, Алишер Таксановнинг шахсий архиви

Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси расмий веб-сайти - islamkarimov.uz да марҳум Каримовнинг уч фарзанди бўлгани ҳақида маълумот берилган.

Таржимаи ҳол бўлимида шундай ёзилган:

"...Унинг уч нафар фарзанди ва олти нафар набираси бўлиб, улар билан мулоқот унга катта қувонч келтирарди.

Унинг рафиқаси - Татьяна Акбаровна унинг ҳақиқий дўсти, ёрдамчиси, фикрдоши эди, Ислом Абдуғаниевич билан 47 йил бахтли турмуш қуриб, у билан ҳаётнинг барча заҳматларини баҳам кўрди", дейилади таржимаи ҳолда.

Ўзбекистонлик журналист ва иқтисодий таҳлилчи ва бугун Швейцарияда муҳожиротда истиқомат қиладиган Алишер Таксанов Ислом Каримовнинг тўнғич фарзанди Пётр Каримов билан болаликдан дўст бўлган.

Ўзбекистон расмий матбуотида ёзилганидек Ислом Каримовнинг икки қизи эмас, ўғли ҳам борлиги ҳақида Алишер Таксанов бир неча мақолалар ёзган.

Проза.ру сайтидаги Пётр Каримовга бағишланган мақола "Машҳур инсоннинг номаълум ўғли" деб сарлавҳаланган.

Алишер Таксановнинг айтишича, Пётр Каримов Ислом Каримовнинг биринчи рафиқаси Наталья Петровна Кучма билан турмушидан 1966 йил апрелида туғилган ўғлидир.

Алишер Таксанов сўзларига кўра, тириклигида Ислом Каримов ўзининг биринчи турмуши ва ўғли Пётр ҳақида гапиришни тақиқлаган.

Тошкентдаги Халқ иқтисодиёти институтини битирган Пётр Каримовнинг Россияда молия ташкилотларида фаолият юритаётгани хабар қилинади.

"Бугунга келиб Пётр ҳақидаги маълумотни яширишнинг ҳожати йўқ, деган қарорга келганлар", дейди Алишер Таксанов.

1991 йилдан буён Ислом Каримовнинг таржимаи ҳолида икки қизнинг отаси деб ёзиб келинган.

2017 йил сентябрида Президент Мирзиёев Ислом Каримов оиласига таъзия билдираркан, Гулнора Каримова номини тилга олмади.