Нега Ўзбекистон спорт федерацияларига спортчилар раҳбарлик қилмайди?

Ришод Собиров (чапдан иккинчи) Ўзбекистоннинг энг машҳур дзюдочиларидан бири.

Сурат манбаси, judo.uz

Сурат тагсўзи, Ришод Собиров (чапдан иккинчи) Ўзбекистоннинг энг машҳур дзюдочиларидан бири.

Ўзбекистон Миллий Банки раисининг ўринбосари Алишер Акмалов Ўзбекистон дзюдо федерациясининг раиси этиб бир овоздан сайланди. Бу ҳақида Миллий олимпия қўмитаси хабар тарқатди.

Миллий олимпия қўмитасида душанба куни бўлиб ўтган анжуманда сўнгги йилларда дзюдо федерациясига раҳбарлик қилиб келган Адҳам Аҳмедбаевнинг нега ишдан олингани айтилмади, аммо дзюдо спорти тараққиётига қўшган ҳиссаси олқишланди.

55 ёшли янги раис Алишер Акмалов Тошкент халқ хўжалиги институтини "Саноатни планлаштириш" мутахассислиги билан тамомлаган.

Спорт соҳасида Акмалов ҳеч қандай унвон ё даражага эга эмас.

Би-би-си нега спортга алоқаси бўлмаган мулозим дзюдо федерациясига раҳбар этиб тайинланганини сўраб Ўзбекистон дзюдо федерациясига сим қоқди.

Исмини айтмаган федерация ходими Алишер Акмалов ёшлигида дзюдо билан шуғулланганини айтгани, аммо спортчи эмаслигини билдирди.

"Шу киши тайинланиши айтилди. Бизнинг олдимизга шу фактни қўйишди. Бизда ҳеч қандай танлов йўқ ким раҳбар бўлишига. Аввалги раисимиз ҳам дзюдоист бўлмаган", - деди ходим.

Ўзбекистон дзюдочилари халқаро мусобақаларда илғор ўринларни эгаллаб келадилар. Ўтган йил Рио де Жанейрода ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик икки дзюдочи Диёрбек Ўрозбоев ва Ришод Собировлар бронза медалини қўлга киритганлар.

Алишер Акмалов "саноатни планлаштириш" ихтисослигига эга.

Сурат манбаси, judo.uz

Сурат тагсўзи, Алишер Акмалов "саноатни планлаштириш" ихтисослигига эга.

Душанба куни ўтган анжуманда олдинда турган муҳим мусобақалар - келаси йили Индонезия мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари, ҳамда "Токио 2020" Олимпия ўйинларида ўзбек дзюдочиларидан нафақат кумуш ва бронза, балки олтин медаллар кутилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Спортга алоқаси йўқ етакчилар

Спортга алоқаси бўлмаган расмий ва норасмий шахсларнинг спорт федерацияларига раҳбарлик қилиши Ўзбекистон учун оддий ҳол.

Йил бошида иқтисодчи мутахассислигига эга сиёсатчи - Сенатор Мираброр Усмонов Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарлигини "Ўзбекнефтегаз" раиси Алишер Султоновга топширганди.

Султоновнинг муовинларидан бири этиб зиддиятли ўзбек ишбилармони Салим Абдувалиев тайинланган. Унинг яна бир муовини эса "Ўзбекистон ҳаво йўллари"ининг раҳбари Валерий Тянь.

Салим Абдувалиев айни дамда Ўзбекистон кураш уюшмасининг президентидир.

Ўтган ой Мираброр Усмонов узоқ танқидлар ортидан ниҳоят Ўзбекистон футбол федерацияси раислигини Умид Аҳмаджоновга топширгани кўпларда аввалига саволлар туғдирганди.

Депутат Аҳмаджонов Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти битирувчиси экани маълум бўлгач, футбол ишқибозлари бироз енгил тортишди.

Тараққий топган мамлакатларда спорт федерацияларига раислик лавозимига одатда собиқ спортчилар сайланади.

Хусусан, ҳозирда Британия дзюдо уюшмасига 39 йил дзюдо бўйича халқаро мусобақаларда беллашган спортчи Ронни Саез раислик қилади.

АҚШ дзюдо уюшмасига эса ўз дзюдо мактабини очиб "Сенсей" даражасига эга бўлган дзюдочи Жон Паччионе раҳбардир.