Афғонистон: Қодирийнинг тенгсиз ‘Ўтган кунлар'и ўзбек тилида чоп этилди

Сурат манбаси, courtesy
Замонавий ўзбек романчилигининг юзи бўлган бу "шоҳ асар" яқинда ўзбекча араб имлосида босмадан чиқди ва 5 октябрь куни пойтахт Кобулда расман ўқувчиларга тақдим этилади.
"Ўтган кунлар" романи араб имлосига афғонистонлик журналист, ижодкор ва таржимон Муҳаммад Ҳасан Тўлқин томонидан ўгирилган.
"Муаллиф"га кўра, Абдулла Қодирийнинг асарини сўзма-сўз, таъбир жоиз, "қўлда" бирма-бир ўгириб чиққан ва бу ишга нақ икки йил вақт сарфлаган.
Муҳаммад Ҳасан Тўлқиннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, буюк ўзбек романнависи ва унинг ижоди билан илк бор интернет орқали "танишган".
Яъни, Афғонистон Олий ўқув юртларидан бирининг Ўзбек тили ва адабиёти бўлими битирувчиси эканига қарамай, ўзининг тўрт йиллик таҳсили давомида Қодирий ёки "Ўтган кунлар", деган номга бирор марта бўлсин, "тўқнаш келмаган", адибнинг шахси ва ижоди у ерда ўқитилмаган.
Унга кўра, "интернет орқали танишув" жараёнида энг аввало бу романнинг номи эътиборини ўзига жалб қилган ва ўзига шу қадар мафтун этганидан, асарни лотин ҳам қолиб, кирилл имлосида ўқиб битирган.
"Ўтган кунлар"ни араб имлосига ўгирган пайтда ҳам унинг кириллча шаклидан фойдаланган.
Муҳаммад Ҳасан Тўлқиннинг айтишича, ўзларида фақат араб имлоси истеъмолда эканига қарамай, кириллчани худди шу имлода фаолият юритувчи ўзбекзабон веб саҳифалар орқали мукаммал ўрганишга муваффақ бўлган.
"Ўтган кунлар"

Сурат манбаси, facebook
"Бу роман, ҳақиқатан, менда жуда катта таассурот қолдирди. Буни тилда ифодалаб бера олмайман. Кимки "Ўтган кунлар" романини ўқиса, ўзбек тилининг қанчалик бадиий жиҳатдан кучли, бақувват эканини кейин сезиб олади", - дейди у.
"Мен бу романни бир марта эмас, ўн марта ўқиганман. Бу роман бадиий нуқтаи назардан, Абдулла Қодирийнинг қалами неқадар ўткир эканлигини кўрсатади, ўз қаҳрамонлари ҳар бирини қандай қилиб қаламда ифодалагани, уларга қанчалик кучли тасвир бергани, ҳақиқатан, одамни лол қолдиради".
Суҳбатдошимизга кўра, асар Афғонистондаги "Карвон" нашриётхонасида босмадан чиққан ва уни тайёр ҳолда маҳаллий ўқувчиларга тақдим этиш учун кетган барча сарф-харажатлар 3000 АҚШ долларини ташкил қилган.
Унинг айтишича, бу маблағдан икки минг долларини ўз ёнидан сарфлаган.
"Агар, бу романнинг аҳамияти назарда тутилса, моддий имкониятим кўтарганида, мен уни ўз пулимга чоп қилиб, Афғонистондаги ўзбек муассасаларига текин тарқатган бўлардим", - дейди у.
Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, жаъми минг нусхадаги "Ўтган кунлар"ни энди Фарёбдан тортиб, Бадахшонга қадар, барча Олий ўқув юртлари қошидаги Ўзбек тили ва адабиёти бўлимларига бермоқчи.
"Ўзбек талабаларининг қўлига етса, улар бу асарни ўқиса, ўрганса, ораларидан Абдулла Қодирий каби забардаст бир ёзувчи чиқади, деган умиддаман", - дейди у.
Қодирийлар оиласи
Муҳаммад Ҳасан Тўлқиннинг айтишича, ўзининг бу ташаббуси марҳум Абдулла Қодирийнинг оиласи томонидан жуда хуш қаршиланган.
Адибнинг набираси Хондамир Қодирий, ҳатто, араб имлосидаги "Ўтган кунлар"га кириш сўзи ҳам ёзиб берган.
"Бундан ташқари, яна бирор жойи тушиб қолган бўлмасин, деган истиҳолада, кирилл ва лотин имлосида ёзилганлари билан муқояса қилишлари учун ўзларига "Ўтган кунлар"нинг эски араб алифбосида ёзилган аслидан нусхасини ҳам юборган".
Унинг айтишича, чеккан шунча заҳматлари бесамар кетмаган, босмадан чиққан тайёр ҳолдаги "Ўтган кунлар" ўзига жуда маъқул келган.
"Абдулла Қодирийнинг сифатли акси бизда йўқ эди. Биз интернетдан адибнинг энг сифатсиз бир аксини топдик ва уни сифатли ҳолга келтириш учун тасвирчи махсусан бир ой ишлади. Шу боис ҳам, янги чоп этилган романнинг кўриниши, ташқариси, ичкариси, ҳамма нарсаси менга ёқди", - дейди у.
Муҳаммад Ҳасан Тўлқинга кўра, Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар"и ўзи ўзбекча араб имлосига ўгирган учинчи бадиий асар бўлган.
Бунгача туркиялик адиб Аҳмад Лутфий Қозончининг Йўлдош Эшбек таржимасидаги "Ўгай она" ва туркиялик олим Юсуф Четиндоғнинг ўзбек тилида Ўзбекистонда чоп этилган Навоий ҳақидаги асарини Афғонистон кутубхоналаридан топиб, ўзбекча араб имлосига ўгирган.
Унинг айтишича, шароити ва имконияти кўтарса, келажакда Абдулҳамид Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз", Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён"и каби яна қатор забардаст ўзбек адибларининг асарларини Афғонистонда ўзбек тилида чоп этиш ниятида.
Муносабат

Сурат манбаси, facebook
Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлари" ўзининг бадиий қудрати жиҳатидан адабиёт аҳлининг манаман, деган вакиллари томонидан бирдек эътироф этилган ўзбек тилидаги саноқли романлардан бири бўлади.
Жумладан, шарқшунос олим Е.Э. Бертельс, "Ўтган кунлар"га баҳо бераркан, "Европа романи, инглиз романи, рус романи билан бир қаторда Ўзбек романи яратилгани"ни эътироф этганди.
Сўнгги янгиликка ўз муносабатини билдираркан, ўзбек, рус, француз, олмон, турк ва бошқа тилларда чоп этилган ўнлаб забардаст асарлар муаллифи Абдулҳамид Исмоил, "Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлари" Афғонистонда ўзбек тилида чоп этилибди деган хабар баримизни бағоят қувонтиради. Бу нафақат афғон ўзбекларига, балки арабча имлода ўқийдиган барча туркийзабон ўқувчиларга - Қашғардан тортиб то Саудия Арабистонига қадар - ажойиб тортиқдир. Шу кунларда бу китобнинг инглизчага ҳам таржимаси битибди деб эшитдим. Абдулла Қодирийнинг кенг жаҳон ўқувчисига тақдим этилиши - айни муддао", - дейди.
Энг сўнггида марҳум адибнинг ўз сўзларидан иқтибос келтирилганда эса, "Ёзганинг, агар, ўзингни йиғлатмаса, кулдирмаса, ўзгани ҳеч йиғлатмас-кулдирмас...".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












