Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озодликка чиқди

Сурат манбаси, Facebook
27 сентябр куни Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва ўта оғир жиноятларда айбланаётган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тоштурмадан чиқарилиб уйига олиб келинди. Бу ҳақда адибнинг ўғли Файзуллахон Отахонов маълум қилмоқда.
"Ҳозиргина уйдан хабар келди. Дадамларни аэропортдан кишанланган ҳолда олиб борилган Яшнобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўзининг хизмат мошинасида Тоштурмадан чиқариб эшигимиз тагига қўйиб кетган. Бундан кейин нима бўлади ҳозирча маълум эмас, ҳеч қандай тушунтириш беришмаган. Аммо уйда бўлишлари барчамиз учун катта янгилик", деб ёзади Файзуллахон Отахонов.
У ёзувчини қўллаб қувватлаган барчага Оллоҳнинг розилиги ва раҳмати ёғилишини сўраган.
"Бу кунлар" асари муаллифи Вазирлар маҳкамаси қошидаги дин ишлари қўмитаси экспертиза хулосасига кўра, конституцион тузумга тажовуз қилиш ҳамда диний экстремизм руҳидаги материалларни тайёрлаш ва тарғиб қилишда айбланаётган эди.
Ёзувчининг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. Унинг озод қилинишини сўраб онлайн петициялар тузилди ва Шавкат Мирзиёевга очиқ хат ёзилди.
Тошкент аэропортида ҳибсга олинган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш бўйича жиноий иш очилган.
"Нурулло Отахоновга 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244 1-модданинг 3 қисми, «г» банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган", деган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев.
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Туркияда юрган вақти "Бу кунлар" китобини чоп қилган.
Китобда Каримов режимидаги муаммолар рўйи рост кўрсатиб берилган эди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан ёзувчини зудлик билан озод қилишни сўраган.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги зиёлилар ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ҳимоясига турган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












