Ўзбекистондан ал-Хоразмий, Улуғбеклар яна чиқадими?

Сурат манбаси, Anora Sodiqova
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШда ватандош ёшлар билан учраша туриб, тарихда дунёга буюк олимларни тақдим қилган бугунги Ўзбекистонда ёшлар орасида аниқ фанларга қизиқишни кучайтириш ҳақида гапирди.
"Кўп қарорлар чиқди. Мирзо Улуғбек ва ал-Хоразмий мактабини яратиш бўйича қарор чиқди. Ман юрагимдан буни ҳис этиб юрардим, қачон астроном бобомиз Мирзо Улуғбекнинг невараси, давомчиси пайдо бўлади, деб", - деди.
Шу кунларда АҚШнинг нуфузли Техас Университетида сафарда бўлган тошкентлик журналист Анора Содиқова айни мавзуда ўз мақоласини чоп этди.
Унда АҚШда ва Ўзбекистонда иқтидорли талабаларга бўлган эътибор қиёсланади. Қуйида сизга мақолани ҳавола этамиз.
"Қилинди, бажарилди"
Университет талабаларга билим бериб, қўлига дипломини топшириб уларни катта ҳаётга учирма қилади. Кимдир йўлини топиб кетади, кимдир кирачилик қилиб дипломини сандиққа жойлаб қўяди... Афсуски, бу айни ҳақиқат.
Бугунги кунда Университет олдида аниқ фанларга ёшларни жалб қилиш ва таҳсилни тамомлагач уларни иш билан таъминлаш масаласи долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Уч томонлама шартномалар қоғозда бор, аммо амалда натижа бераётгани йўқ.
Бу шартномалар талаба ва билим юртлари учун ортиқча дахмаза бўлмоқда, холос.
Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги АҚШ консуллиги ташкил этган Go Viral Reporting tour дастури орқали АҚШнинг Техас штати, Остин шаҳридаги Техас Университетининг айни шу борадаги тажрибаси билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Қисқача бўлсада, Техас Университетининг бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашсам.
Техас Университети АҚШнинг Калифорния ва Гарвард Университетлари олдида ўз нуфузи ва талабалар кўлами билан тенглаша олади.
Университет талабаларини бир туманнинг аҳолисига қиёслаш мумкин. 30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олувчи университетда 12 мингга яқин ўқитувчи, домлалар дарс беради. Улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор.
Техас олийгоҳининг бошқа таълим муассасаларидан фарқи шундаки, у юқори технологияларни ривожлантиришга катта эътибор беради ва бу борада янгиликлар яратувчи талабаларни қўллаб қувватлайди.

Сурат манбаси, Anoqa Sodiqova
Аниқроғи Университет талабанинг технологик янгилигини ишлаб чиқишга ҳомийлик қилиб, уни патентлаштириш ва бизнесда, амалда қўллашга ҳам кўмаклашади.
Натижада Университет ҳам, талаба ҳам ихтиро орқали даромад кўради. Талаба кичик янгилиги ортидан келувчи даромаднинг 50 фоизигача эгалик қилиши мумкин.
Яъни Университет талабани ўқитиб, унинг ихтиросини ҳаётда қўллашга кўмаклашиб, даромадини ҳам таъминлаб бермоқда. Бунинг устига ўзи ҳам асосий даромаддан четда қолаётгани йўқ.
Хусусан, доимий ҳамроҳимизга айланган қўл телефонлари батарейкалари ҳам айнан шу университетда патентлаштирилган бўлиб, ҳозирда уни такомиллаштириш устида ишланмоқда.
Шунингдек, компьютер технологиялари бўйича ҳам патентлаштирилган янгиликлар талайгина. Университет дунёга машҳур Dell, Facebook, GM, Samsung, Apple, Google каби йирик компанияларга ҳар йили мингдан ортиқ мутахассисларни тайёрлаб беради. Бир сўз билан айтганда ушбу Университетда таҳсил олаётган талаба келажаги борлигига ишонади.
Университет ректори Григори Фенвеснинг айтишича, ҳозирда олийгоҳда саратон касаллигини операция қилишда қўлланилувчи ва умуман тиббиёт соҳасидаги янги технологиялар устида ҳам ишланмоқда.
Ўзимизнинг университетларга қайтсак, бизда салоҳиятли, билимга чанқоқ ёшларимиз талайгина.
Йилдан-йилга олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган ёшлар сафи ортмоқда.
Уларнинг иқтидоридан фойдаланиш, уларга таҳсил олишда ва янги ихтиролар қилишда кўмаклашиш, ҳамда бунга маблағ ажратиш шубҳасиз эртага катта самара беради.
Техас Университети ректорининг айтишича, 1980 йилларда штатни танг аҳволдан олиб чиқишга ёрдам берган асосий омил ҳам айнан университет талабаларини юқори технологияларга йўналтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўлган.
Ҳозирда университет тадқиқотлар учун 500 млн доллар миқдорида маблағ ажратган ва уни эртага бир неча маротаба ортиб қайтишига ишонади.
Айтмоқчиманки, бизнинг университетларда ҳам қоғозбозлик "қилинди, бажарилди" каби кўрсатмалар бериш учун ишланмаса...
Узоқни кўзлаб, катта натижаларни, ривожланишни таъминловчи лойиҳалар устида ишланса эди.
Ахир бизда катта бойлик - илмга чанқоқ ёшларимиз бор.
Уч томонлама шартномалар каби қоғозбозликни ижод қилмасдан, юқорида келтирилган университет тажрибаларини қўллаш вақти келмадимикан?
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02












