Ўзбекистонда энди бензин тақчиллиги бўлмайдими?

Сурат манбаси, facebook/mirziyoyev
Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон томонида нефтига қизиқиш бўлаётганини маълум қилди. Мамлакат энергетика вазири Қанат Бозумбаев Ўзбекистонга бир йилда бир неча миллион тонна нефт сотишга тайёрлигини айтди. Олдинроқ Ўзбекистон Россиядан 5 йилига миллион тонна нефт олиши айтилганди.
"Қозоғистон бу йил тортиб оладиган 86 миллион тонна нефтнинг атиги 14,5 миллион тоннаси ички бозорда қайта ишланади. Қолган ҳаммаси экспортга кетади. Ушбу заҳирадан бир неча миллионини Ўзбекистонга юбориш мумкин. Ҳамма гап нархи ва инфраструктурада", - деган Қанат Бозумбаев.
Қозоғистон вазирининг айтишича, Ўзбекистон Жиззахда қурилаётган нефтни қайта ишлаш заводи учун Россия ва Қозоғистондан хом-ашё изламоқда.
Олдинроқ Жиззахда қурилаётган нефтни қайта ишлаш заводига Россиядан йилига 5 миллион тонна нефтни Қозоғистондаги қувур орқали импорт қилиш борасида келишгани хабар қилинган эди.
Давлат ахборот агентлиги ЎзАнинг хабар қилишича, Жиззах Нефтни қайта ишлаш мажмуасининг қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига баҳоланган.
Бу ерда бир йилда 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш мумкин бўлади.
ЎзА Жиззах заводига нефть "яқинда барпо этиладиган нефть қувури орқали етказиб келинади" деб хабар берган эди.
Бироқ орадан бир ой ўтгандан сўнг neftegaz.ru сайти Россия Ўзбекистонга ваъда қилган 500 минг тонна хом нефтнинг атиги 30 мингини 2017 йилда етказиб бера олишини маълум қилди.
30 минг тонна синов тариқасида етказилиши, бундан ортиғини Россиядан Ўзбекистонга олиб келиш имкони йўқлигини айтишган расмийлар.
Россия расмийларига кўра, хомашёни Омск-Павлодар-Чимкент магистрал нефт қувури орқали Қозоғистоннинг Чимкент шаҳригача оқизиб етказиш, Чимкентдан Ўзбекистонгача эса транспортда ташиб бориш режаланган.
Қозоғистон томонининг маълум қилишича, Ўзбекистон Россиядан олмоқчи бўлган нефт аввалига йилига 5 миллион тонна дейилган, кейинчалик эса 3 миллион тоннага туширилган.
Қозоғистон Энергетика вазири Қанат Бозумбаев агар Россиядан олинадиган нефт кўпроқни ташкил қилса Чимкентдан тўғридан тўғри Жиззахга қувур орқали етказилади. Яъни Совет даврида мавжуд бўлган нефт қувури қайта таъмирланаиб ишга туширилади. Бироқ Ўзбекистонга оқадиган нефт ҳажми камроқ бўлса ушбу қувур таъмирланмайди ва нефт цистерна вагонлар орқали етказилади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02













