Ўзбекистон Сенатининг раиси: "Товуқ боқинг"

Ниғматулла Йўлдошев

Сурат манбаси, Asiaterra

Сурат тагсўзи, Ниғматулла Йўлдошев ўтган йил сентябрида Президент ваколатларини бажаришдан бош тортган эди.

Ўтган йил сентябрида Президент ваколатларини бажаришдан бош тортган Ниғматулла Йўлдошев Президент Мирзиёевнинг аҳолини қашшоқликдан олиб чиқиш учун товуқ боқиш ҳақида қилган чақириғига қўшилган.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев Фарғона вилоятининг Бувайда туманига сафар қилган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев парламентнинг ҳар икки палаталари спикерлари ҳамда депутатларни "кабинетларида ўтиравермасдан" вилоятларга сафар қилиш ва жойлардаги вазиятни яқиндан ўрганишга чақирганди.

Бу ўтган йил сентябрида Ислом Каримов вафоти ортидан Президент ваколатларини бажаришдан бош тортган Сенат раисининг минтақаларга илк сафаридир.

Олий Мажлис палаталарининг 2016 йил 8 сентябрда ўтган қўшма йиғилишида Ниғматулла Йўлдошев ўз қарорини давлат бошқарувида "тажрибасизлиги" билан изоҳлаган ва Президент вазифасини бажарувчи лавозимига Бош вазир Шавкат Мирзиёев номзодини таклиф қилган.

Расмийлар Сенат раисининг қарорини ҳимоя қилишган ва Конституциянинг 90-моддаси бузилгани ҳақидаги даъволарни рад этганлар.

Йўлдошевнинг ўз сафарини нима учун Бувайдадан бошлагани очиқланмаган.

Унга ҳамроҳлик қилаётган маҳаллий расмийлардан бирининг Би-би-сига айтишича, Бувайда тумани 214 минг аҳолиси бор ва " доимо қарзда ўтирадиган" ҳудуд ҳисобланади.

"Бу туманда ишсизлик юқори даражада, касб-ҳунар коллежи битирувчилари, умуман, меҳнатга яроқли аҳолининг деярли 90 фоизи ишсиз", - дейди маҳаллий расмий.

Бувайдаликлардан яна бирининг айтишича, ишсизлик боис туманда жиноий вазият ҳам оғирлашган

"Туманимизда бир ойда бешта босқинчилик ва ўғирлик содир бўлган - дейди у. Ёш йигитлар Россия ва Қозоғистон, вилоятнинг Сўх туманларига бориб ишлаб келарди. Қиш фаслида у ерларда ҳам иш камайгани, баъзи эркаклар Россиядан депортация бўлгани сабаб ишсизлик туфайли ўғирликлар кўпайган".

"Товуқ боқинг"

Ниғматулла Йўлдошев тумандаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин муҳокама қилишга чақирган.

Аммо йиғилиш қатнашчиларидан бирининг Би-би-сига айтишича, "аввалдан тайёрланган" уч-тўрт нафар тадбиркор банклардан кредит олиш, ер ажратиш, конвертация масаласи бўйича ёрдам кераклигини айтишган.

"Муаммоларини айтган тадбиркорларнинг ўзи ҳам бу муаммолар ҳал бўлмаслигини яхши билишади", - дейди бувайдаликлардан бири.

Би-би-сига маълум бўлишича, Бувайдадаги учрашувлар чоғида Ниғматулла Йўлдошев ҳам қишлоқ хонадонларида товуқ боқишни тарғиб қилган.

У маҳаллий мутасаддиларга паррандачилик учун кредит сўраган аҳолига тезда кредит ажратиш ва кам таъминланган оилаларга парранда боқиш учун катаклар қуриб бериш вазифасини юклаган.

Аввалроқ Қорақалпоғистон ва Хоразмга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини ўз турмуш шароитларини яхшилаш учун товуқ боқишга чақирганди.

"Қорақалпоғистон бўйича, умуман республика бўйича қишлоқ жойларидаги ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга мажбур", - деган Президент.

Унинг айтишича, 100 та товуқ боқиб, ҳар куни камида 50 та тухум олган оила "кам таъминланган оила бўлмайди".

"10 та тухумни ўзи еб, 40 тасини сотган хонадон кам бўлмайди", - деб айтган давлат раҳбари.

Жаҳон Банкининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда ҳаёт кечиради.

2014 йилда Британияда чоп этиладиган Экономист журнали Ўзбекистон аҳолисининг 76 фоизи қашшоқликда ҳаёт кечиради, деган хулосага келган.

"The Economist Intelligence Unit" ўзининг "Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал индекс"ида Ўзбекистонни 109 мамлакат орасида 73- ўринга қўйган.

Аҳолининг озиқ-овқат сотиб олиш салоҳияти бўйича, Ўзбекистон дунёнинг энг йўқсил мамлакатлари сирасига киритилган.

Жаҳон Банкининг 2015 йилдла чоп этган маълумотларига кўра, жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон ($2,132) Қозоғистондан ($10,510)қарийб 5 баробар орқада.

Ўзбекистонда "қашшоқлик" ўрнига "кам таъминланган" ибораси қабул қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.