Трамп мусулмонларни киритмасликни бошлади

АҚШ мусулмонлари

Сурат манбаси, COURTESY

Янги республикачи президент суриялик қочқинларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини номаълум муддатгача тақиқлаб қўйди.

Эрон, Ироқ, Яман ва Ливия дохил аксарият аҳолиси мусулмон бўлган олти давлат фуқароларига виза беришни уч ойга маън этди.

Америка Қўшма Штатларининг 20 январь куни расман иш бошлаган президенти Дональд Трамп сайловолди кампанияси чоғида ўзининг мусулмонларга қарши кескин чиқишлари билан танилган.

Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатини "тўлиқ аниқлаб олмагунча", уларнинг мамлакатга киришларини буткул тақиқлашга чақирган.

Дональд Трамп орада Ўзбекистоннинг номини ҳам Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тилга олиб ўтган.

Ўзбекистонни ҳам, ўз таъбирида, "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, фуқароларини эса, "террорчилар", деб аташ даражасигача борган.

Уларни ҳам Америка Қўшма Штатларига киритмасликка чақирганди.

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбек ҳукумати Дональд Трампнинг бу сўзларига расман муносабат билдирмаган эса-да, бу турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.

Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги ушбу баёнотлари Американинг ўзи ва дунёнинг қатор давлатларида ҳам сиёсатчилару дин пешволари томонидан кескин танқидга тутилганди.

Бу каби танқидлар манзарасида Дональд Трамп ўз сўзларини юмшатишга ҳам борган, буларнинг барчаси даъват эмас, "бир таклиф" бўлганини даъво қилиб чиққан.

8 ноябрь кунги президент сайлови ортиданоқ, унинг мусулмонларга оиди дохил қатор шов-шувли баёнотлари "йўқолиб" ҳам қолганди.

Бу каби танқидлар манзарасида Дональд Трамп ўз сўзларини юмшатишга ҳам борган, буларнинг барчаси даъват эмас, "бир таклиф" бўлганини даъво қилиб чиққан.

Бундан ташқари, "Американи бирлаштириш" ниятида эканини қайта-қайта баён қилишга ҳам тушиб қолган.

Ҳатто, расмий қасамёдга келтириш маросими арафасида ҳам Дональд Трамп Вашингтонда ўтган концертда яна бир бор худди шундай ниятда эканини изҳор этганди.

Аммо...

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Расман АҚШ янги президенти сифатида иш бошлаганидан бир ҳафта ўтиб, Дональд Трамп юқоридаги буйруққа имзо чеккан.

Унинг бу қадами генерал Жеймс Мэттис расман Америка янги Мудофаа вазири сифатида қасамёдга келтирилиши ортидан кузатилган.

Дональд Трампнинг баён қилишича, "бу - исломий террорчиларни АҚШ дан узоқроқ тутишга қаратилган янги чора-тадбирларининг бир қисми бўлади".

Президент Трампга кўра, "фақат мамлакатларини қўллаб, халқини чин дилдан севганларгагина ўз эшикларини очиш истагидалар".

Аммо АҚШ янги президентининг буйруғи фақат бу билан чекланмаган.

Дональд Трамп амалда бўлган тартиб-қоидаларнинг қанчалик самарали эканини билиш учун бутунбошли Америкага қочқинларни қабул қилиш дастурини ҳам 4 ойга тўхатиб қўйган.

Жорий йилда мамлакати 50 мингдан ортиқ қочқинни қабул қилмаслигини айтган.

Бу эса, демократчи президент Барак Обама даврида рухсат берилган сондагисининг ярмига ҳам етмайдиган рақам экани айтилмоқда.

Аммо янги буйруқ мазмунидан аён бўлишича, Америкага қочқинларни қабул қилишда бирламчи эътибор, барибир, диний заминда тазйиққа учраганларга берилади.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг янги буйруғи аллақачон мусулмонларга қарши эканлиги мазмунида мамлакатнинг ўзи ва ташқарисида "каттаю кичик" томонидан кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг