Лиллис: "Каримов сиймоси халқни жипслаштириш учун ишлатиляпти"

Британияда чиқадиган дунёнинг энг нуфузли журналларидан бири бўлмиш Economist Ўзбекистонда кечган президентлик сайловлари ҳақида мақола чоп этган.
Мақола "Ўзбекистон бир қаттиққўл раҳбарни бошқаси билан алмаштирди" деган сарлавҳа остида нашр қилинган.
Муаллиф - Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи ва журналист Жоанна Лиллис Самарқандда дафн этилган Ислом Каримовнинг қабридаги гуллар, тиловат ва қабр бошига келаётганларни тасвирлар экан, "бу мозорга кўмилган шахс авлиё ва ё хон эмас эди, зотан ўзини айрим пайт хонлардай тутганди...Бу Ўзбекистонни ўлимига қадар - 27 йил бошқарган Ислом Каримовнинг қабри", деб ёзади.
Унга кўра, 78 ёшда бўлган Каримовнинг ўлими унинг даври тугаганини англатмаган кўринади.
Сайловда Шавкат Мирзиёев одатда Каримов оладиган 90 фоиздан сал пастроқ натижа кўрсатди. Ҳақиқий мухолифат йўқ эди. Уч номзод эса, муаллифга кўра, жараёнга "демократик бўёқ" суриб беришди.
Би-би-си кўп йиллар Ўзбекистонда ишлаган ва мамлакат сиёсатини яқиндан билган Жоанна Лиллисни суҳбатга тортиб, аввало "Бу гал ўзгача Ўзбекистонни кўрдингизми?" деб сўради.
Лиллис: Бир қарашда ҳамма нарса аввалдагидек эди. Менимча, ва бу кўпларга маълум, Ислом Каримов вафотидан сўнг кўп нарса ўзгаргани йўқ. Ўзгача нарса шу эдики, қайсидир даражада Ислом Каримов сиймоси атрофида жўшқинлик кузатилади. Уни миллатнинг отаси сифатида тақдим қилиш давом этмоқда. Албатта уни ҳаётлигида ҳам оммага шундай тақдим қилинарди, лекин ҳозирда ўлимидан сўнг бу янада ошган. Ва янги ҳокимият халқни унинг шахси атрофида бирлашишларини истаётганини кўришимиз мумкин.
Би-би-си: Лекин бошқа томондан, ҳозирда ҳамманинг эътибори бирданига Шавкат Мирзиёевга кўчгандек кўринади, шундай эмасми?
Лиллис: Ҳа шундай. Бу ҳам визиятнинг қизиқ жиҳати. Қизиқ бир қарама-қаршилик деган бўлардим. Бир томондан жаноб Мирзиёев Ислом Каримовнинг меросхўри, унинг сиёсатининг давомчиси сифатида ўзини тақдим қилаётган бўлса ҳам, бошқа томондан қатор сиёсий бўлмаса ҳам, асосан иқтисод соҳасида ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Яъни кўринишича янги ҳокимият бу каби ўзгаришларни амалга ошираётган вақтда Ислом Каримов сиймосини барибир жипслаштирувчи шахс сифатида ушлаб туришга ҳаракат кузатилмоқда. Тўғри, бир томондан эътибор Шавкат Мирзиёевга кўчган, бошқа томондан Ислом Каримовнинг доҳийлик сиймоси ушлаб турилибди. Бу одамларни янги ҳукумат атрофида бирлаштириш усули сифатида қўлланмоқда.
Би-би-си: Баъзи жузъий ўзгаришлар бор дедингиз. Бу баъзи ўзгаришларнинг баъзилари анчайин йирик ўзгаришларга ўхшаб кўринмоқда. Масалан, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг яхшиланиши, хорижликлар учун виза тартибининг ўзгариши. Буларни анчайин салмоқли ўзгаришлар ва ислоҳотлар томон қўйилаётган қадам белгилари сифатида кўриш мумкинми?
Лиллис: Тўғри, ўзгаришларнинг ўзини ҳозирча кўрмаган бўлсак ҳам, бу ўзгаришлар ҳақида эълонларни кўрмоқдамиз. Лекин, буларнинг эълон қилинишининг ўзи бизни "балки жаноб Мирзиёев ҳақиқатан ҳам бу ўзгаришларни амалга оширмоқчидир," деган тахминларга етакламоқда. Сиз тилга олган қадамлардан ташқари валюта бозори бошқарувидаги ислоҳотлар ҳақида фармон чиқарилди. Агарда бу амалга оширилса, анчайин катта ўзгариш бўлади. Яъни, бир томондан Ислом Каримов даврида 13 йил бош вазирлик қилган шахс билан ўша даврнинг қайсидир маънода давомийлигини кўраётган бўлсак ҳам, ҳудди шу билан бирга эълон қилинган ўзгаришлар жаноб Мирзиёевнинг Ўзбекистон келажаги учун шахсий режаси ҳам борлигидан далолат бермоқда.
Би-би-си: Сизнинг "Экономист" журналидаги мақолангизда ОХҲТнинг сайловлар борасидаги хулосалар тилга олиниб, овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар рўй бергани айтилган. Лекин, бу гал овоз берувчилар орасида ҳақиқатан ҳам фаоллик кузатилиб, сайлов натижалари амалдаги овоз беришни акс эттиргандек кўриняпти, шундай эмасми?
Лиллис: Ҳа, менимча сайловларнинг расмий натижалари амалдаги овоз беришни акс эттирган. Мен Ўзбекистонда бўлган кунларим ким билан гаплашмасам, сайловда овоз бериши ҳақида айтишарди. Албатта, овоз беришга бормайдиганлар ҳам бор эди. Лекин, сайловда қатнашиш истагида бўлганларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев учун овоз беришини айтди. Шунинг учун унинг 88 фоиздан кўпроқ овоз олгани ҳақиқатга яқин, менимча. Албатта овозларни қалбакилаштириш ёки бошқа қонунбузарликлар рўй берган бўлса ҳам, биз шунга гувоҳ бўлмоқдамизки, биринчидан, бу сайловларда ҳақиқий рақобат йўқ эди. Ҳокимият қўлидаги деярли барча ресурслар одамлар Шавкат Мирзиёев учун овоз беришларига тарғиб қилишга қаратилганди. Яъни одамлар овоз беришди, лекин танлов деярли мавжуд бўлмаган шароитда овоз беришди. Мен 2015 йилги сайловларда ҳам Ўзбекистонда эдим. Шунинг учун айта оламанки, сайловлар деярли ўша йўлда бўлиб ўтди. 20 йилдан бери ҳақиқий мухолифатга изн берилмай келаётган мамлакатда ўзгача бўлишини кутиш ҳам мумкин эмасди.
Би-би-си: Мирзиёевнинг охирги амалларидан бири аввалги раҳбарият даврида турли иқтисодий жиноятлар ва кўп миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, шартли жазога тортилган баъзи шахсларни расмий вазифаларга қайтараётгани. Масалан Тошкент вилояти собиқ ҳокими Козим Тўлаганов ҳукумат таркибидаги бўлинмалардан бирига раҳбар этиб тайинлангани ҳақида хабарлар бор. Бу нимадан далолат беради, деб ўйлайсиз?
Лиллис: Бу борада бирон хулоса қилиш қийин, ҳозирча. Менимча, буни бир неча йўлда талқин қилиш мумкин. Биринчидан, балки Шавкат Мирзиёев бу айбловлар ички тортишувлар натижаси бўлганлигига ишонар. Чунки Марказий Осиё давлатларида коррупцияда айблаш билан сиёсий рақиблардан қутулиш йўлида фойдаланилиш усули кенг тарқалган. Балки янги президент бу айбловларни шу каби амалларнинг натижаси сифатида кўраётгандир. Бошқа томондан, балки ўзи ишонган шахсларни ўз жамоасига олиб келишга ҳаракат қилаётгандир. Қайси йўлда талқин қилмайлик, бу шахсларнинг қайтарилиши барибир Мирзиёев ўзи ишониши мумкин бўлган, ўзи таяна оладиган шахсларни ўзига яқин бўлишларига интилаётган кўринади. Лекин, бошқа томондан у иқтисодни очиш ва хорижий сармояларни жалб этиш ҳақида гапирмоқда. Биров, коррупция сояси остида қолган шахсларнинг ҳукумат таркибида бўлишлари не қадар хорижий сармоядорларни жалб қилишга ёрдам берадими йўқми, албатта бу катта савол.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












