Ўзбекистон 550 минг тонна пахта толаси сотади

Сурат манбаси, Screen shot
XII Халқаро Ўзбек Пахта ва Тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркасида Ўзбекистон 550 минг тонна пахта толаси сотиш ва пахтадан тайёрланган тайёр маҳсулотлар етказиб бериш бўйича 1 миллиард 322 миллион АҚШ долларига тенг шартномаларни имзолаган.
Ярмарка 12-13 октябр кунлари пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган.
Тошкентдаги халқаро тадбирда 44 мамлакатдан келган 1,5 минг вакиллар иштирок этишган.
Ўтган йилги шартнома бўйича Ўзбекистон 700 минг тонна пахта толаси ва текстил маҳсулотлар етказиб беришни зиммасига олганди.
Ўзбек пахтаси Оврўпонинг бир қатор мамлакатлари ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.
Бангладеш, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Молдова, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Россия, Туркия ва Япония, Сингапур ўзбек пахтасининг асосий харидорлари ҳисобланишади.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан бери ўтган вақт ичида халқаро инсон ҳақлари ташкилотларининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш талаблари янграйди.
Инсон ҳақлари фаоллари мамлакатга сармоя ажратган Жаҳон Банки ва бошқа халқаро ташкилотларни ҳукуматга мажбурий меҳнатга қарши босим ўтказишга чақирадилар.
Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишган.
Бош вазир Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб сайлангач, мажбурий меҳнат ҳолатларидан раҳбариятни огоҳ этишни сўраганди.
Бироқ хабарларга кўра, Ўзбекистонда пахтага мажбурий меҳнат "кўнгилли чиқиш" кўриниши остида ҳануз давом этиб қолмасдан, кучайтирилган. Айни пайтда ўқитувчилар ва шифокорлар дохил минглаб хизматчилар пахта даласида.
Фермер хўжаликлари далалардаги пахтани ўз кучи билан, қўшимча ишчи кучисиз пахтани йиғиштириб олиши мушкул.
Ваъдалар
Шавкат Мирзиёев яқинда 2020 йилга бориб пахтанинг 30 фоизи машинада терилишига ваъда берди. Лекин бош вазир 2013 йилда ҳам икки-уч йилдан сўнг пахта териш машиналари 80 -90 фоиз пахтани териб олишини айтган эди.
Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Бош вазир Шавкат Мирзиёев тўқимачилик саноатини кучайтириш эвазига яқин йиллар ичида Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта толасининг асосий қисмини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш режасини айтди.
Бундай мақсадни бош вазир бундан уч йил олдин ҳам билдирганди.
Иқтисодий таҳлилчилар Ўзбекистон пахтадан воз кечиб, суғориладиган ерларнинг катта қисмига мева-сабзавот ва бошқа муқобил экинларни ўстириш, кўпроқ ва пахтадан самаралироқ даромад олишини, ишлаб чиқарувчилар манфаатдорлигининг ошишига сабаб бўлишини айтадилар.
Бироқ ҳукумат пахтадан воз кечмоқчи эмас.
Пахта етиштириш бўйича Ўзбекистон дунёнинг энг йирик пахта етиштирувчи давлатларидан бири саналади. Пахта экспорт қилиш бўйича эса, жаҳонда юқори бешликка киради.
Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистоннинг асосий валюта тушуми пахта олди-сотдисидан келади.
Ўзбекистонда фермер эркин эмас ва у давлатга топширган пахтаси жаҳон бозорида қандай баҳода сотилишини билмайди.
Ўзбек пахта толасини четга сотиш билан қайси ширкатлар шуғулланиши ҳам жамоатчиликка қоронғу.
Четга сотиладиган пахта толаси баҳоси "давлат сири" ҳисобланади ва пахтадан тушган валюта қаерга, қандай мақсадга сарфланишини ҳам кўпчилик билмайди.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












