"Нима бўлди, тушунтиринг Аҳмад ака?"

Сурат манбаси, Internet
Чинозда молиявий пирамида тузиб машҳур бўлган, икки ой олдин эса ҳибсга олинган Аҳмадбой мавзуси тинганича йўқ.
Аҳмадбой- Аҳмаджон Турсунбоев мавзуси Ўзбекистонда ҳали ҳам долзарб.
Тергов ишлари орқасидан чиққан хабарларда юзлаб доллар пулини Аҳмадбойга берганлар орасида санъат аҳли ҳам борлиги тўғрисида гаплар пайдо бўлганди.
Яқиндагина ижтимоий тармоқларда қайси хонандаю созанда Аҳмадбойга қанча пул бериб куйиб қолгани муҳокама қилинган бўлса, энди Аҳмадбойга атаб ёзилган қўшиқ тилга тушган.
Қўшиқда ўзининг эски Matiz машинаси ўрнига Captiva автомобилини орзу қилган ва Матизини Аҳмадбойга бериб, машинасиз қолган "жабрдийда"нинг дарди куйланади.
Хаёлларда не-не орзулар бор эди,
Бу ўнгимми ёки тушим, кулфат экан.
Ҳамма ҳайрон, ҳамма гирён, дили вайрон,
Нима бўлди, тушунтиринг Аҳмад ака?
Қаён боқма, суҳбат фақат сиз ҳақизда,
Баъзиси рост, баъзилари туҳмат ака.
Қанча меҳнат қилиб, чопиб топгандим-а,
Энди ўзимга келишим заҳмат ака.
Аҳмад ака, Аҳмад ака, Аҳмад ака,
Айтинг нима қилай энди Аҳмад ака?- деб куйлайди Мурод Манзур .
Қисқа фурсатда қўшиққа олинган клип минглаб маротаба томоша қилинган.
Бу Аҳмадбой номининг 'шеър'га илк солиниши эмас. Олдинроқ Аҳад Қаюм деган шоир ҳам унга атаб 'шеър' ёзиб ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган. У 'ўзининг 'шеър'и мухлислар талабига биноан ёзилган'лигини айтган.
Бечоралар ишлатмайин каллани,
Калла деса опкелибди саллани.
Сиз ҳам пойлаб айни керак паллани,
Фил ҳам ахир сизча емас, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
Хафа бўлманг шоир Аҳмад Қаюмдан,
Шеър ёзинг деб талаб қилишди ундан.
Ранжиманг сиз энди асло ҳеч кимдан,
Бу сўзларим сизга бир дарс, Аҳмадбой.
Бу сўзларим сизга бир қарз, Аҳмадбой.
Бу ишингиз яхши эмас, Аҳмадбой!
каби сатрлар битилган 'шеър' ҳали ўзбек қўшиқчилар томонидан куйга солинмади.
Аҳмаджон Турсунбоевнинг мижозлари орасида таниқли санъаткорлар ҳам борлиги ҳақида хабарлар орқасидан рўйхатдаги бир қатор қўшиқчию қизиқчилар унга алоқадорликни рад этиб чиқишган, баъзилари уни ҳатто танимасликлари, фақат тўйида бирров хизмат қилганларини айтишганди.
Чинозлик Аҳмадбойни қуюқ дуо қилаётгани акс этган видеодан сўнг хонанда Дилфуза Исмоилова Аҳмадбой ўзининг узоқ қариндоши экани, унинг тўйида тилак билдирганининг ёмон томони йўқлигини изоҳ берганди.
Хабарларга кўра, Аҳмадбойга пул бериб ҳеч нимасиз қолганлар давлат томонидан мусодара этилган пуллар ва мол-мулк эгаларига балки қайтарилар, деган умидни ҳали узганларича йўқ.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.













