Равшан Эрматов энди АҚШ-Олмония учрашувини бошқаради

Сурат манбаси, AP
Ўзбекистонлик номдор ҳакам бу гал АҚШ ва Олмония ўртасидаги ўйинни бошқаради.
"G" гуруҳининг якуний тур учрашуви 26 июн куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади.
Бу - Бразилияда бўлиб ўтаётган бу йилги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов ҳакамлик қилажак учинчи учрашув бўлади.
Жаъми саккиз гуруҳнинг аксарияти билан солиштирганда, бу гуруҳдан кейинги босқичга йўл олажак икки миллий терма жамоанинг тақдири ҳануз маълум эмас.
Бир маънода, пайшанба кунига режаланган сўнгги тур учрашувларига қадар ҳар тўрт жамоа: Олмония, АҚШ, Португалия ва Ганада ҳам нимчорак финал босқичига чиқиш имконияти сақланиб турибди.
Равшан Эрматов эса, икки ўйиндан тўплаган очколари сони (4 тадан) бўйича гуруҳда пешқадамлик қилаётган Олмония ва АҚШ ўртасидаги учрашувга ҳакамлик қилади.

Сурат манбаси, Getty
Яъни, ўзбекистонлик таниқли ҳакам бошқарувчи ўйин, албатта, яна бир нимчорак финалчини аниқлаб беради.
Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Олмония бу йил жаҳон чемпионлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.
Иккинчи тур учрашувида Гана билан зўрға дуранг ҳисоби қайд этганига қарамай, жамоанинг ўзига ўхшаб Оврўпонинг энг олд жамоаларидан бири сифатида кўрилувчи Португалия устидан дастлабки ўйинида эришган йирик(4:0) ҳисобдаги ғалабаси биринчиликда катта гап бўлганди.
Равшан бор-йўғи ўтган куни мезбон Бразилия тушган ва "А" гуруҳидан иккита нимчорак финалчини аниқлаб берган иккита ўйиндан бирига ҳам ҳакамлик қилганди.
Ўтказган уч учрашуви ортидан, Равшан жорий пайтда ҳакамлар фаолиятига баҳо берувчи worldreferee.com веб саҳифаси рўйхатида 7.9 балл билан голландиялик Бьорн Куперсдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Сурат манбаси, GOALCONTROL
Ушбу интернет нашрининг баҳоси расмий ҳисобланмаса-да, шу пайтга қадар бўлиб ўтган қирқдан ортиқ гуруҳ босқич саралаш беллашувларидан кейин ҳам улар томонидан юқори ўнликка киритилган жаҳон чемпионати ҳакамлари орасида ўзбекистонлик ҳакамдан бошқа Осиё қитъаси вакили йўқ.
Бугунги янгилик ортидан, Равшаннинг ўзи ҳам таниқли ҳакам бўлган отаси Сайфиддин ака Эрматов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ўғлининг биринчиликдаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилаётганини айтади.
"Мен Равшан ҳакамлик қилган ҳар икки учрашувни бошдан-оёқ томоша қилдим ва албатта, қониқиш ҳосил қилдим. Унақа қўпол хатоларга йўл қўйилмади. Жиддий эътирозлар бўлмади. Асосийси шу-да", - дейди Сайфиддин ака.
Суҳбатдошимиз ўғли Равшан бошқарган Мексика ва Хорватия ўртасидаги иккинчи учрашувда қўл билан ўйналган айрим ҳолатларда ҳакамлар гуруҳи эътибор қаратмаганига оид даъволарга ҳам қўшилмаслигини айтаркан, ўша пайтда жарима белгилаш нотўғри бўларди, дейди.

Сурат манбаси, Reuters
У кишига кўра, ўша пайтда Равшаннинг ўйинни давом эттириш қарори ҳаққоний бўлган.
Сайфиддин ака бу биргина ўзининг баҳоси эмаслиги, агар, ҳакамлик фаолиятидан қониқиш ҳосил қилишмаганида, ФИФА масъуллари Равшанга учинчи учрашувни ишониб топширмаган бўлишларини ҳам айтади.
"Майда хатолар ҳар доим бўлади. Яъни, ўйин натижасига таъсир қилмайдиган майдо хатолар ҳамиша бўлади. Беайб парвардигор. Мени уларни ёзиб қўйиб, ўзига айтаман. Лекин унақа қўпол хатоларга йўл қўйгани йўқ", - дейди у киши.
Сайфиддин аканинг айтишича, ўғли бошқарадиган эртанги ўйинни ҳам ошна-оғайнилари, оила аъзолари бирга йиғилиб, томоша қилишмоқчи.
Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Равшан 2010 йилги жаҳон чемпионатида бешта беллашувга ҳакамлик қилган.
Улардан дастлабкиси очилиш, энг сўнггиси эса, ярим финал учрашувлари бўлганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02








