Бокс, Шаҳрам Ғиёсов: Ўзбекистонда ҳар доим бокс зўр бўлган, шунинг учун медаллар кўп

бокс

Сурат манбаси, Getty Images/Valery Sharifulin

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги жаҳон чемпионатида ўзига хос рекорд ўрнатди - жаҳон чемпионатини учта олтин медали билан якунлади. Бунга қўшимча яна битта кумуш ва битта бронза медали олди.

Ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов ҳам уларнинг ютуқларини беэътибор қолдирмади.

Финал жанглари манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан хос суҳбатида уларни бу ютуқлари билан табриклади.

"Ўзбекистонда ҳар доим бокс зўр бўлган, шунинг учун медаллар кўп. Жаҳон чемпиони бўлиш ҳар кимга ҳам эмас. Мен уларни табриклайман", дейди у.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Терма жамоа қўлга киритган олтин медалларининг сони бўйича мезбон Россия билан қолган барча давлатларни ортда қолдирди, медаллар жадвалини пешқадам мавқеъда якунлади.

Россия мезбонлик қилган бу галги жаҳон чемпионатида Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ва Баҳодир Жалоловлар ўз вазн тоифаларида янги жаҳон чемпионларига айланишди.

Дилшодбек Рўзметов кумуш ва Бобоусмон Батуров бронза медалларини олишди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги биринчиликда ўзига хос рекорд ўрнатди - энг кўп сондаги, яъни тўрт нафар боксчиси финалга чиқди.

Жамоа бу ютуғи билан афсонавий Кубани ҳам, мезбон Россияни ҳам ортда қолдириб кетди.

Жаҳон чемпионлиги учун жанглар бугун, 21 сентябрь кунига режаланган.

Финал жангларида:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров (Ўзбекистон) - Амит (Ҳиндистон)

-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов (Ўзбекистон) - Лазаро Альварес Эстрада (Куба)

-63 кг: Энди Круз (Куба) - Кейшовн Девис (АҚШ)

-69 кг: Андрей Замковой (Россия) - Пат МакКормак (Англия)

-75 кг: Глеб Бакши (Россия) - Эумир Марсиаль (Филиппин)

-81 кг: Дилшодбек Рўзметов (Ўзбекистон) - Бекзад Нурдаулетов (Қозоғистон)

-91 кг: Муслим Гаджимагомедов (Россия) - Хулио Сезар Кастильо (Эквадор)

+91 кг: Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) - Камшибек Конкабаев (Қозоғистон)га қарши рингга тушишганди.

Бу галги жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни саккиз нафар боксчиси саккиз вазн тоифасида намоён этган.

Уларнинг орасида Шаҳобиддин Зоиров бўладими, Баҳодир Жалолов ёки Бобоусмон Батуров - турли йирик халқаро турнирлар ғолиби, совриндорлари бўлган боксчилар ҳам оз эмасди.

Ўзбекистонлик ҳаваскор боксчилар Куба, Қозоғистон, россияликлар қаторида дунёдаги энг кучлиларидан саналишади.

Улар бу йилги жаҳон чемпионатида ҳам медалларга асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилишган.

Ўзларининг биринчилик олди энг сўнгги ўқув-машғулотларини ҳам мезбон Екатеринбургда ўтказишганди.

Сўнгги бир неча йил давомида профессионал рингда жанг ўтказиб келаётган Шаҳрам ўшанда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига ягона олтин медални келтирган боксчи бўлади.

У жорий пайтда профессионал боксда WBA Intercontinental чемпионлик камари соҳиби саналади.

Туркиядагиси ортидан, бугун пойтахт Тошкентда ҳам ўзининг биринчи мастер классини бераркан, Би-би-си Ўзбек хизмати номдор боксчи билан суҳбатлашиш, унинг бу йилги жаҳон чемпионати ҳақидаги фикрларини ҳам билишга ҳаракат қилди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Германия мезбонлик қилган сўнгги жаҳон чемпионатида барча вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб борган.

Ўшанда жаҳон чемпионатини бир олтин, учта кумуш ва иккита бронза медали билан якунлаган.

Германия мезбонлик қилган биринчиликда жаъми медалларининг сони бўйича Кубадан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Бу биринчиликда Ўзбекистонни жаҳон, Осиё чемпионатлари ва Рио Олимпиадаси совриндорлари бўлган 10 нафар боксчиси намоён этганди.

Ўзбекистон шу пайтгача бокс бўйича жаҳон чемпионатларида ўттиздан ортиқ медалларни қўлга киритган.

Жаъми медалларининг сони бўйича асосан юқори ўнликдан жой олиб келган.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг бу йилги жаҳон чемпионатидаги иштироклари сизда қандай таассурот қолдирди? Уларнинг жангларини қаерда, қандай томоша қилдингиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek