Ислом ва мусулмонлар: Муҳаммад Салоҳ энг сахий футболчими?

Муҳаммад Салоҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Сўнгги йилларда Мисрдан фақат нохуш хабарлар келмоқда: сиёсий норозиликлар, худкуш ҳужумлари, террорчилик хуружлари ва бошқалар. Бироқ бир мисрлик бундай хунук манзарани ёрқин томонга ўзгартирмоқда.

Ливерпул таркибида кетма-кет ғалабалар қозонаётган, шон-шуҳратга кўмилаётган Муҳаммад Салоҳ нафақат клуб ишқибозлари, балки бутун дунё бўйлаб футбол мухлисларининг қалбини эгаллашга муваффақ бўлган.

«Муҳаммад болалигидан софдил бўлган,» дейди Салоҳ тўп сурган илк профессионал клуб бўлмиш Ал Мокавлун мураббийси Ҳамди Нуҳ.

"Мен сизга кўпчилик билмайдиган бир ҳикояни сўзлаб бераман. У энди 10 ёшда ва қишлоғи Басюндаги маҳаллий клубда шуғулланаётган эди. Машқ майдончасининг шундоқ ёнида кучукчалари билан бир она ит юрарди."

«Ҳали кичиклигига қарамай, Салоҳ ҳар куни уйидан кучуклар учун овқат таший бошлайди. У доимо шундай бўлган. У улкан қалб соҳиби, бошқаларга нимадир ҳадя қилишни яхши кўради.»

Муҳаммад Салоҳнинг сахийлиги борасида бир дунё маълумот топиш мумкин. Бир эркак лейкамиядан азоб чекаётган фарзандининг операцияси учун Салоҳ пул тўлаганини айтган; у она қишлоғи Басюнда болаларнинг ўқиши учун диний марказ барпо этган ва у ердаги ҳамширалар муассасалари ҳисобига пул ўтказиб берган.

Унинг саховатпешалигидан оддий одамлар у ёқда турсин, ҳатто, ҳукумат ҳам баҳраманд бўлган. Ўтган йили иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган Миср ҳукуматига у $300 мингга яқин хайрия қилган.

Одамлар Салоҳнинг ҳаммадан ҳам кўпроқ қишлоқдошларига ғамхўрлик қилишини айтадилар. Футболчи Муҳаммад Салоҳ Хайрия Фонди орқали қишлоғидаги 450 оилага ойлик ёрдам пули жорий этган.

«Бой-бадавлат бўлиб кетгандан сўнг оиласи ва туғилган ерини эсдан чиқариб қўядиган бошқа футболчилардан фарқли ўлароқ Салоҳ ҳеч қачон ўзининг аслида ким эканини унутмайди,» дейди Миср миллий терма жамоасининг собиқ медиа ходими Инас Мазҳар.

«Салоҳнинг қишлоғи учун ажратаётган ёрдам пулларининг бари отаси томонидан назорат қилинади.»

«Масалан, қишлоқда кимдир тўй қилмоқчи бўлса, Салоҳнинг отасига учрайди. Ёки кимдир касал бўлиб, пулга зориқаётганини айтса, отаси бориб кўриб, унинг аҳволи ҳақиқатан оғирлигига ишонч ҳосил қилгач, ёрдам пули ажратади.»

Тўсиқларни яксон этиб

Муҳаммад Салоҳ

Сурат манбаси, Getty Images

Салоҳ пул бўлмаса ҳам, бошқа йўллар билан одамларга ёрдам бериб келади.

У Мисрда гиёҳвандликка қарши тарғибот ролигида суратга тушгандан сўнг бу видео атиги уч кун ичида саккиз миллиондан кўп кўрилган, одамларнинг муаммога нисбатан эътибори кучайган.

«Эрталаб соат тўртда мажоли қолмаган бир ёш йигит гиёҳвандликдан қутилиш учун касалхонага кириб келди. У Салоҳ роликда гиёҳвандликдан қайтиш лозимлигини айтгани учунгина даволанишга қарор қилганини маълум қилди,» ёзади Қоҳирадаги шифохоналардан бирида ишловчи доктор Бени Суэф.

Хўш, Салоҳ нега бу қадар одамларга ёрдам беришни истайди?

«У одамлар оғзига тушиш учунгина сахийлик қилмайди, балки унинг ўзи ҳам жуда кўп қийинчилик кўрган, шунинг учун муҳтожлик нималигини яхши тушунади,» дейди жаноб Мазҳар.

Пойтахт Қоҳирадан беш соатли йўл наридаги қишлоқда катта бўлаётган ёш Салоҳ Мисрнинг 2000 йиллардаги энг ёрқин футбол юлдузи Муҳаммад Абутрикага ўхшашга ҳаракат қилар эди.

Абутрика муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзишни бошлаган илк мисрлик футболчилардан бири эди.

Аммо Салоҳнинг мурувват кўрсатиш даражаси ҳамманикидан ўтиб тушди.

«Салоҳ тўсиқларни яксон этмоқда,» дейди мураббий Ал Селуки.

"Озгина қийинчиликдан нолиб, вой-войлаб ўтириш мисрликлар қонида бор, лекин Салоҳ бундай қилмади. Унинг қатъиятини эришган ютуқларидан ҳам кўриш мумкин."

"У биз - мисрликларни дунёга қайта танита бошлади. Мен яқин вақт ичида Жанубий Африка, Португалия, Испания, АҚШ ва Марокашда бўлдим. У ердаги одамларга мисрликман, десам, улар эҳромлар ва фиръавнлардан ҳам биринчи ўринда Мо [Муҳаммад Салоҳнинг лақаби] ҳақида эслайди."

Бироқ жаҳон матбуоти Салоҳ тўғрисида ҳар доим ҳам ижобий нарсалар ёзавермайди.

Масалан, ўтган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан яқин муносабатда эканини кўрсатган Салоҳ жиддий танқидларга юз тутган эди.

«Баъзида футболчиларга нисбатан нотўғри қараш шаклланиб қолади,» изоҳлайди африкалик таниқли футболчи Лорен.

"Мо Салоҳ яхши йигит ва ёшларга ўрнак бўла олади. Бундан ташқари у Африка футболи учун кўп ишлар қилмоқда, сабаби Салоҳнинг шундай даражага эришганини кўрган африкалик болаларда ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлади."

Салоҳнинг Мисрдаги шуҳрати шу даражага етганки, март ойида ўтказилган президентлик сайловида айрим овоз берувчилар бюллетенларга номзоди қўйилмаган Муҳаммад Салоҳ номини ёзиб чиққан эдилар.

«Салоҳ бизга жуда кўп нарса берди, энди биз учун шуларни қайтариш вақти келди,» сўзлайди сайловда футболчи учун «овоз берган» 20 яшар Абдуллоҳ Ҳани.

Видеолавҳамизни кўринг, улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.