‘Муҳаммад Салоҳ фарзандларим учун қаҳрамоннинг ўзи’

Сурат манбаси, courtesy
«Муҳаммад Салоҳ! Олға, Муҳаммад, олға!»
Ўтган ҳафта UEFA Чемпионлар Лигаси ярим финалида Муҳаммад Салоҳнинг "Рома" дарвозасига йўллаган улуғвор голидан сўнг менинг уйим қийқириқларга тўлиб кетди.
Саккиз яшар қизим Ҳана ва олти ёшли ўғлим Муҳаммад урган голини, одатдагидек, бошини саждага қўйганча нишонлаётган Салоҳни кўриб, қувончдан қичқирар эдилар.
«Ливерпул»нинг мисрлик қиролининг шуҳратга эриша бориши мамлакатдаги биз каби оилалар эътиборидан четда қолмади.
Ажойиб ўйинлар намойиш қилишдан ташқари Муҳаммад Салоҳ турли жамоатлар бошини қовуштирмоқда.
У майдонда ибодатга қўл очади, суннат бўлган соқолни виқор билан қўйиб юради ва футбол ўйнашни ҳам маромига етказади.
Бу менинг болаларим каби кичкинтойларга қандай таъсир ўтказиши тасаввур қилиб кўрганмисиз? У замонамиз қаҳрамонидир.
Мен Лондоннинг шарқий қисмида, Яман ва Бирмадан келган муҳожирлар оиласида туғилганман ва вояга етганман.
Тенгдошларимдан фарқли ўлароқ, мен ҳеч қачон ушбу мамлакатга нисбатан бегоналик ҳиссини туймаганман.
Бугунги кунда эса турфа эътиқод ва этник озчиликка мансуб оилалар фарзандлари мафкуралар гирдобига тушиб қолмоқдалар.
Ислом дини ва мероси тўғрисидаги бугунги кун янгиликлари уларни ташвишлантирмай қўймаяпти.
Шу сабабли ҳам Салоҳ каби ўйинчи майдонга чиққанда болалар қалби ғурур олови билан тўлиб тошиши ажабланарли ҳол эмас.
Ҳайрат

Сурат манбаси, PA
Қизим Ҳана ҳисобни очгандан сўнг қўлини юқорига кўтариб, жаннатга ишора қилаётган ва дуо ўқиётган Салоҳнинг ҳаракатларини ҳайрат ичра кузатиб ўтиради.
«Ойижон, биз ҳам шундай қиламиз!» қичқиради у.
Ислом анъаналарига кўра, мўминлар соқол қўйиб юрадилар. Салоҳ ҳам бундан истисно эмас.
Олти яшар ўғлим ойнага қараб олиб, юзидаги кўринмас тукчаларини тортқилашга ҳаракат қилганда ва "Менинг ҳам Салоҳникидек соқолим бор!" деганда юрагим хапқириб кетади.
Салоҳ шаксиз дунёнинг энг зўр ўйинчисига айланди.
Муҳаммад Салоҳ турли жамиятларни бирлаштирмоқда ва мен унинг бу ишидан масрурман.
Одамлар Энфилд стадиони атрофида Салоҳнинг фиръавн сифатида тасвирланган каттакон суратларини кўтариб юрибдилар.
Мамлакат бўйлаб Салоҳни ўз қалбига жо қилган «Ливерпул» мухлислари масжидлар ва мусулмонлар тўғрисида қўшиқлар куйламоқдалар, шиорлар айтмоқдалар. Мухлислар кўзидаги меҳр ва муҳаббатни кўрган дунё мусулмонлари эса бундай манзарадан лаззатланмоқдалар.
Ўз ватани - Мисрда Салоҳ «қирол» сифатида эътироф этилади.
Миллий терма жамоа бошидаги бахт қуши бўлган Салоҳни кўплар мамлакат учун жорий йилда Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатига йўлланма олиб берган ҳал қилувчи пеналтиси билан ёдга оладилар.
У «Ливерпул» либосида майдонга тушадими ёки Миср терма жамоаси - сиёсий ва мафкуравий қарашлар туфайли бўлиниб кетган Миср аҳли ўз уйлари ёки кафеларда, зиддиятларни 90 дақиқа ёки ундан кўпроққа унутганча, олқишлар билан унинг ўйинини томоша қиладилар.
Ўзим ҳам ҳижоб кийганим сабабли «Ливерпул» ёзуви ва тимсоли туширилган қизил рангли шарфлар ёки Миср байроғини бошига рўмол қилиб ўраб олган аёлларнинг майдондаги ўйинни қийқирганча томоша қилишини кузатиш мен учун ёқимли.
Менинг оилам каби оилалар учун бу ҳолат футбол ўйинидан ҳам кенгроқ аҳамиятга эга.
Бир неча ҳафта олдин қизим Ҳана мактабдан хомуш тортган ҳолда қайтди. Унинг синфидаги болалар 3 апрел кунига режалаштирилган мусулмонларга ҳужум қилиш акциясини муҳокама қилибдилар. Ҳана қўрққан ва хафа эди.

Сурат манбаси, Rabiya Limbada
Тушунтириш
Биз кейинги бир неча ҳафтани бу акция Ислом ва мусулмонларни яхши тушунмайдиган жимитдек гуруҳнинг иғвоси эканлиги, мамлакатдаги аксарият одамлар бундай ўйламаслигини Ҳанага тушунтириш билан ўтказдик.
3 апрел келганда эса у мактабга боришни, ҳатто, уйдан ташқарига чиқишни истамади - у ҳамон қўрқувда эди. Ота-она сифатида бу ҳолдан бизнинг қалбимиз парчаланди.
Биз ўзимиз ҳар куни хавотирга соларли мавзуларни муҳокама қилиб турган пайтимиз фарзандларимизга қўрқувга тушиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, деб қандай айтамиз?
Бироқ Муҳаммад Салоҳ мусулмонлар борасида қотиб қолган қарашларни ўзгартирмоқда. Бу ҳолга гувоҳ бўлишнинг ўзи мароқли. Узоқ даврдан сўнг биринчи марта мусулмонлар олабўжи сифатида тасвирланмаяпти.
Менинг мусулмон бўлмаган «Ливерпул»ни қўллаб-қувватловчи дўстларим ҳам айни фикрда.
Уларнинг сўзларига кўра, Салоҳнинг шахсияти ва тимсоли тор фикрли одамларга қарши бемалол тура олади.
Мен футболдаги тактикалар ёки ушбу ўйин тарихи бўйича мутахассисликка даъво қилмайман.
Ягона билганим шуки, Муҳаммад Салоҳ ўзининг «Ливерпул»даги қисқа даври мобайнида бирорта ҳаракат уддасидан чиқа олмаган амалга қўл урди - динлараро муносабатларни ижобий ўзан томон бура олди.
У шубҳасиз мусулмон. Мен уни доимо мусулмон сифатида кўришни истайман.
Муҳаммад Салоҳ ким ўзи?
- Тўлиқ исми: Муҳаммад Салоҳ Гали
- Туғилган вақти ва жойи: 15 июнь, 1992 йил - ал-Ғарбия, Миср
- Тўп сурадиган клуби: «Ливерпул» - 2017 йил июнь ойида "Рома"дан 34 миллион фунт-стерлинг эвазига сотиб олинган
- Амплуаси: Ҳужумкор ярим ҳимоячи
- Миллий терма жамоаси: Миср
- Профессионал Футболчилар Ассоциацияси томонидан Англия Премер Лигасида «Йил ўйинчиси» деб эътироф этилган илк мисрлик футболчи ҳисобланади.
Ўтган ҳафта берган интервьюларидан бирида «Ливерпул» бош мураббийи Юрген Клоп Салоҳ ва Садио Мане, Эмре Кан каби бошқа мусулмон ўйинчилар майдонга тушишидан олдин таҳорат олиши ҳақида гапирган эди.
Клопнинг айтишича, жамоанинг бошқа ўйинчилари мусулмон биродарлари таҳоратини тугатиб олгунга қадар кутиб ўтирар ва уларнинг бу амалига ҳурмат билан қарар экан.
Бундай сўзларни эшитиш мен ва болаларим учун қанчалик қувончли эканлигини таърифлаб бериш мушкул.
Биз кунлик беш маҳал намозимиздан олдин таҳорат оламиз - бу Яратган олдида баданни покиза тутиш амалидир.

Сурат манбаси, courtesy
Шундай кичик бир ҳолат бошқа диндагилар томонидан тилга олинаётгани ва унга ҳурмат кўзи билан қаралаётгани менинг фарзандларим ҳамда дунёдаги бошқа мусулмон болалар учун пурмаъно хабардир.
Исломда биз ҳурмат ва сидқидилдан меҳнат қилиш борасида кўп суҳбатлашамиз.
Бундай қараш фарзандларимиз тарбиясининг пойдеворини ташкил қилади.
Менинг турмуш ўртоғим Салоҳни меҳнатсевар ўйинчи сифатида бот-бот таърифлаши ҳам бежиз эмас.
Салоҳнинг «Челси» кийими остида бироз вақт тўп сургани ҳам унинг ўз вазифасини сидқидилдан бажаришининг ёрқин намунаси бўлди - у тинмай меҳнат қилди ва янада юқорироқ чўққини забт этишга эришди.
Ҳана, Муҳаммад ва улар каби миллионлаб болалар учун Салоҳ илҳом манбайи бўлиб хизмат қилмоқда.
Келаётган ёз фаслида бу ёш истеъдоддан янада гўзалроқ ўйинлар кутиб қоламиз ва унинг ҳаққига дуо қилишдан бир зум тўхтамаймиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












