Шамсия: инсон ва шоир сифатида менинг ҳам дунёга айтадиган сўзим бор

Шоира ва журналист Шамсия Худойназарова Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган.
1998 йил Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини битирган.
У журналистик фаолиятини 1994 йилда вилоят "Сурхон тонги" рўзномасида бошлаган.
Университетни тугатганидан сўнг Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг радиосида фаолиятини давом эттирган.
У 2013 йилгача "Ёшлар" радиоканалининг "Маънавият" таҳририятида ишлаган.
Шоира Шамсиянинг илк икки китоби деярли бир кунда Тошкентдаги "Ёзувчи" ва "Шарқ" нашриётларида 1998 йили чоп этилган.
"Истеъдод" сериясида "Юрак япроғи" китоби чоп этилган. Шунингдек, "Сизга борар йўллар"(1998 йил) ҳамда "Кўксимдаги осмоним"(2007йил) номли шеърий тўпламлари ҳам мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
Шамсия <link type="page"><caption> "Маҳбуб куйлар"</caption><url href="http://munosabat.org/2013/05/17/%D1%82%D0%B0%D0%BD%D0%B8%D1%88%D0%B8%D0%BD%D0%B3-%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%B8%D1%81%D1%82%D0%BE%D0%BD%D0%BB%D0%B8%D0%BA-%D1%8F%D0%BD%D0%B0-%D0%B1%D0%B8%D1%80-%D0%B8%D1%81%D1%82%D0%B5%D1%8A/" platform="highweb"/></link> китобида ўзига хос ижодий экспериментга қўл урган: китобда шоиранинг 10 дан ортиқ шеърий жанрдаги ижоди маҳсулотлари жамланган.
Шоира бахшиёна усулдаги, ҳажвий йўналишдаги шеърлар, дуэт, сонет билан бирга ғазал, туюқ, рубоий, чистон, мухаммас ва мувашшаҳ услубларида ўзини синаб кўришга аҳд қилганини айтади.
Бир неча йил олдин Шамсия журналист сифатида Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Фитратлар ҳақида радиоэшиттириш тайёрламоқчи бўлганида, “Ёшлар” радиоканали Маънавият бўлими раҳбарининг "булар ҳақида эшиттириш тайёрлаш мумкин эмас” деган гапидан изтиробга тушганини айтган.
Би-би-си меҳмони - шоира ва журналист Шамсия билан суҳбат
Би-би-си: Шеъриятга қизиқишингиз, шоирликка меҳр қандай пайдо бўлган?
Шамсия: Шеъриятга, шоирликка ҳавас, қизиқиш болаликдан, оила муҳитида шаклланган. Чунки, зиёли оилада, ижодкор оиласида дунёга келганман. Раҳматли Отам журналист эдилар. Сурхон воҳасида у кишини жуда яхши эслашади. У киши вилоят газетаси ва радиоларида анча вақт фаолият юритганлар. Туман газетасининг ҳам тамал тошини қўйган журналистлардан бири ҳисобланадилар. Журналистлик фаолияти билан бир қаторда бадиий ижод билан ҳам шуғулланганлар. Кичик ҳикоялар, қатралар, новеллалар, бадиҳалар, масаллар ёзиб турганлар. Чуқур билим соҳиби эдилар. Отамнинг вафотидан сўнг мени “Сурхон тонги”га ишга таклиф этишганларида, Отам билан бирга ишлаган, у кишини яқиндан билган устоз ижодкор, фахрий журналист Хуррам Мақсадқулов менга шундай деганлари ҳануз ёдимда: “Сенинг отанг довюрак, ўткир фелъетонист эди. Қаламидан ўт чақнаб тургани учун биз уни “Сурхондарёнинг “Лермонтови” деб атардик. У фақат виждонига бўйсуниб яшади... Сен ана шундай буюк қалбли инсонга муносиб фарзанд бўла олишинг керак ва шарт!”
Хуллас, мен ана шундай юксак эътирофларга сазовор бўлган бир ижодкор, журналист – Турғун Худойназаров оиласида туғилдим ва вояга етдим. Хонадонимизда ўзига хос ижодий муҳит бор эди. Дадамнинг ижодкор дўстлари тез-тез йиғилишар, ижод, адабиёт ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар қилишарди.
Болалик йилларимизда, қишнинг узун тунларида биз фарзандлар печ(ка) ёнида тизилишиб ўтирар, дадам бизга турфа эртаклар, шеърлар, масал ва ривоятлар, ҳикоялар ўқиб берардилар. Айниқса, ўзбек халқ эртакларини жон қулоғимиз билан тинглардик. Бундан ташқари рус халқ эртаклари ва бошқа халқларнинг рус тилидаги таржимасини дадам шундоқ бир назар солиб, тўғридан-тўғри ўзбекчалшатириб ўқиб берардилар. Дадам касбий фаолиятлари сабаб ўз даврида жуда қаттиқ таъқиб-тазйиқларга, хуружларга учрагач (ҳатто бутун оиламиз таъқиб-тазйиқ остида қолган пайтлари ҳам бўлган), ҳаётининг сўнгги йилларига қадар мактабда ўқитувчилик қилдилар. Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ берардилар. Шу боисми, уйимизда, айниқса миллий тилимизга эътибор жуда кучли эди. Дадам бизнинг сўз бойлигимизни ошириш учун болаларбоп турли ўйинлар ўйлаб топардилар. Масалан, биргина сўз айтиб, биздан унинг қофияларини топишни талаб қилардилар. Ёки бирор омоним сўз айтиб, унинг турфа маъноларини топишга бизни ундардилар ва ҳоказо... - Ана шундай ажойиб мутолаа онлари бизнинг тилга, сўзга, адабиётга, шеъриятга ихлос қўйиб, улғайишимизга сабаб бўлган.
Онам – Робияхон ая – ҳам жуда китобсевар, маърифатли аёл эдилар. Рўзғор ишларидан бир он бўшасалар ҳам, қўлларига китоб олардилар. Бизга ўқиган достонлари, романлари ҳақида сўзлаб берардилар. Айниқса, мумтоз адабиётимиздаги ғазалларнинг шайдоси эдилар. Кўпинча уйда ҳеч ким бўлмаган пайтларида, онам иккимиз ёлғиз қолган лаҳзаларда Машраб девонини олиб, ундаги ғазалларни шу қадар сокин, шу қадар хазин овозда хиргойи қилардиларки, товушларида ичкин бир соғинч бор эди... Бироз хиргойи қилгач, худди шу усулда давом эттиргин, дея китобни менинг қўлимга тутқазардилар. Биласизми, Онамнинг ўша сокин, майин, ҳазин товушидаги ичкин соғинчни нимага ўхшатаман: Жаннатни соғиниб ичиккан Одамнинг ҳолатига менгзайман! Ҳарҳолда, Онам менга болалигимда шундай тушунтирганлар: “Одам гуноҳ қилганлиги учун жаннатдан қувилган. Одамзотнинг асл Ватани жаннатдир. Машрабнинг байтларида ана шу асл Ватанга талпиниш, уни соғиниш туйғулари бор. Ҳар гал Машраб ғазалларини ўқиганимда ана шундай туйғу менинг ҳам юрагимга кўчиб қолгандек туюлади... ” Бу гапларни болалик кезларимда унчалик тушунмагандирман, эҳтимол, лекин улғайиб, ўзим ҳам мумтоз адабиётга ошно бўлиб, боқий сатрларнинг мағзини чақишга уринган кезларимда Онамнинг ўша ҳолатини юрак-юракдан ҳис қилдим...
Болалик йилларимдаги китобхонлик соатларида айтилган сўзлар, ғазаллардаги оҳанглар, қофиялар шууримга шунчалик сингиб кетган эканки, энди уларнинг мазмун-моҳиятлари руҳиятимда бир-бир кўз очаётгандек. Ўшанда сўзларни, қофияларни билиб-билмай, гоҳо топқирлик ўйинлари учун айтган бўлсак, бугун ҳар битта сўз онгли равишда менинг бутун борлиғимдан, томирларимдан, юрагимдан, ич-ичимдан сизиб ўтиб, сўнгра қоғозга тўкилаётгандай... Ёзганим сари она тилимиз, туркий тилимизнинг нақадар жозибали, нақадар бой эканлигига тобора амин бўлиб бораяпман. Ва ўз ўрнида биз бугун бу улкан хазина - асрлар бўйи сайқал топган она тилимиздан етарлича ва оқилона фойдалана олмаётганимизга ҳам надомат ила иқрор бўлаяпман. Она тилимизда биз ҳали кашф этишимиз мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп эканлигини янада чуқурроқ англаяпман...
Би-би-си: Биринчи шеърингизни қачон ёзгансиз, биринчи шеърингиз қачон матбуотда эълон қилинган?
Шамсия: Биринчи шеърим - уларни шеър ҳам деб бўлмайди, албатта, шеърий машқлар десам бўлади, биринчи синфларда, 7-8 ёшларимда ёзганман. Оддий ўйинчоқлар ҳақида, ватан ҳақида, қишлоқ ҳақида, табиат ҳақида. Лекин, боя айтганимдай, ижодкор оиласида туғилганман. Сўзга талаб, ижодга талаб жуда кучли бўлганлиги учун, Дадам раҳматли биринчи устозим бўлганлари учун, у киши кўрардилар-да, "буни матбуотга чиқариб бўлмайди", дердилар. У киши кичкина ёшимдан менга катта талаб қўярдилар. Мен бир неча дафтарларни тўлдириб шеър ёзганман. Лекин отамнинг касбий фаолиятига боғлиқ таъқиб-тазйиқлар, оиламизга бўлган хуружлар туфайли кўнглим синган пайтлари ҳам бўлган. Отам раҳматли "мен эркак бошим билан шунча кўргуликлар кўрдим, шунинг учун сенинг журналист бўлишингга йўл қўймайман", дердилар. Кичкина пайтимдан мен "катта бўлсам журналист бўламан", деб айтардим-да. Баъзан отамдан яшириб ҳам шеър, кичкина ҳикоялар ёзиб юрганман. Ҳеч кимга кўрсатмаганман. Лекин вақти келиб ёзганларимни яна барибир ўзимнинг энг самимий, ишонган, талабчан устозим, ишончли дўстим - Отамга кўрсатганман. У киши айтганлар: "Сен шоир бўлсанг, ҳар тўрт сатрингда тўртта қутбнинг манзараси акс этсин, лекин улар бир-бирига жудаям моҳирлик билан, кўзга кўринмас ришта ила мазмунан боғланган бўлсин! Сен шунчаки ёзма шеърни! Ёзсанг, одамлар маънавий озуқа оладиган бўлсин. Жиддий қарагин! Бу шунчаки ўйин нарса эмас. Инсон шоир бўлиши, ном қозониши жуда осон, лекин шоир бўлиб ном қозонгандан кейин фақат шоирлиги учун шеър ёзиб юриш жудаям даҳшат." Болалагимдан анча шеърлар ёзиб юрганман. Лекин уларни фақат мактабни битираётган пайтимда эълон қилганман. Энг биринчи шеърларим туман газетаси ва вилоят газетасида чоп этилган.
Би-би-си: 10 дан зиёд шеърий жанрдаги асарларингиз жамланган “Маҳбуб куйлар” китобингиз адабий жамоатчилик, устозлар томонидан қандай қарши олинди?
Шамсия: Аввало бу китобнинг дунёга келиши ҳақида бироз тўхталсам: Бир куни катта қизим Фарзона, – ўшанда 3-синфда ўқирди, – мактабдан келиб, кўзлари чақнаганча уйга кирар-кирмас ҳаяжон билан сўзлай кетди:
– Аяжон, биласизми, ўқитувчимиз бугун бизга зўр фактни айтдилар. Ҳазрат Алишер Навоий дунёдаги энг буюк шоир экан. Дунёдаги ҳеч бир халқнинг адабиётида туркий адабиётимиздагичалик кўп жанрлар кашф этилмаган ва ҳеч бир шоир Ҳазрат Навоийчалик кўп жанрда ижод қила олмаган экан. У киши шеърий йўналишда 12 та жанрда, насрий йўналишда 4 та, жами 16 та жанрда қалам тебратган эканлар. Сўз бойлиги жиҳатидан ҳам шунча асрлардан бери ҳеч ким Навоий бобомизга тенг кела олмапти! Навоий бобомизнинг сўз бойлиги ҳатто русларнинг даҳо шоири Пушкиннинг сўз бойлигидан ҳам беш-олти маротаба кўп экан! Бу фактни эшитиб, барча русийзабон синфдошларим бизга, синфдаги 4-5 нафар ўзбек миллатига мансуб болаларга ҳавас билан қарашди! Ўзбеклигимдан, Ҳазрат Навоийнинг авлоди эканлигимдан шундай ғурурланиб кетдимки...
Рус мактаби уйимизнинг ёнгинасида бўлгани учун тил ўргансин дея қизимни шу мактабга бергандик. Русийзабон ўртоқлари олдида фарзандимнинг миллий ғурури қанчалар юксалгани, даҳо аждодимизга нисбатан қалбида юксак эҳтиром жўш урганини тасаввур қиларканман, юракдан хурсанд бўлдим. Сўнг қизимнинг бошини аста силаб, қўлимдан келганча тушунтирдим:
–Устозинг тўғри айтибдилар. Чиндан ҳам Ҳазрат Навоий асрларни титратиб турган даҳо шоир! Агар ул зот бизнинг асримизда яшаганларида эди, шубҳасиз, бундан-да кўп жанрларда ижод қилган бўлардилар. Сабаби, бобомизнинг даврларида фақат аруз вазнида ёзишган, замонавий шеъриятимизда бармоқ вазнида ёзишаяпти.
Шунда у кутилмаганда мени саволларга кўмиб ташлади:
– Демак, ўзбек адабиётидаги жанрлар яна ҳам бойиб кетибди-да?! Унда нега бугунги шоирлар шунча кенг имкониятлардан фойдаланишмаяпти? Ахир, шундай улуғ шоирнинг ишларини бугунги шоирлар давом эттириши керак эмасми? Нега? Масалан, сиз ҳам шоирасиз-ку, китобларингиз чиққан, айтинг-чи, ўзингиз нечта жанрда ижод қилгансиз? Айтгандай, аяжон, сиз Ҳазрат навоий ижоди ҳақидаги бу фактларни билармидингиз? Аввал ҳам эшитганмидингиз ёки ўқиганмидингиз? Мен эса, буни билишингизни билмагандим. Бу гапларни тезроқ сизга етказай деб шошиб келувдим... Агар мен сизнинг ўрнингизда бўлсайдим, шоир бўлсайдим, ўз имкониятларимни синаб кўрардим...
Баъзан болалардан ҳам ниманидир ўрганасан киши. Очиғи, эсимни таниганимдан бери шеър ёзарканман-у, жанрларга, уларнинг сонига ҳечам эътибор бермаган эканман. Шу суҳбат туртки бўлди-ю, ёзганларимни бошқатдан кўздан кечира бошладим. Аввалги китобларимга киритилмай қолганларини ҳам жамлаб қарасам, етти- саккизта жанрда ёзган эканман. Яна янги жанрларда ёзиб, уларнинг ёнига қўшдим. Хуллас, китоб нашрдан чиққач, устоз ижодкорларнинг фикрларини билиш, икки оғиз насиҳатларини эшитишдек эзгу мақсад ила миллий матбуот марказида тақдимот ўтказдик. Таклифномалар жуда кўпчилик ижодкорларга бир-бир ярим ой олдин тарқатилганига қарамасдан, афсуски, Ёзувчилар уюшмасидан бирорта вакил қатнашмади, кела олмади. Сабаби, эртага тақдимот ўтказилади, деган куни кечқурун президент аппаратидан уюшмага янги раис сайлаш ҳақида топшириқ бўлибди. Мажлис 15 феврал, соат 11:00 бошланиши ва бу мажлисга уюшманинг барча аъзолари қатнашиши шарт эканлиги тайинланибди. Бу айни китоб тақдимоти ўтказиладиган вақтга тўғри келди... Шунга қарамай, Қутлибека Раҳимбоева, Эшқобил Шукур, Турсун Али, Қозоқбой Йўлдошев, Абдулла Улуғов сингари таниқли шоирлар, адабиётшунослар тақдимотга келишди ва ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди. “Жузъий камчиликлардан ҳоли эмас, аммо қутласа бўлади!” дейишди. Бундан ташқари ҳамкасбларимиз, тенгдош ижодкорлар, оммавий ахборот воситаларидан кўплаб мухбирлар ташриф буюришди. Ўндан ортиқ жанрда ёзилган китоб тақдимоти ҳақида деярли барча теле ва радиоканаллар, айрим газеталар хабар тарқатишди.
Тақдимот бўлиб ўтгач, Ёзувчилар уюшмасидан, виждон амри билан бўлса керак, устоз Турсунбой Адашбоев уйга сим қоқиб, (тақдимотда у киши сўзга чиқиши кутилган эди) “Шамсияхон, узр, тақдимотга бора олмадик, сизга айтишган бўлишса керак, тасодифан бизда муҳим мажлис ўтказилиши керак бўлиб қолди. Лекин ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам икки оғиз сўзимни айтсам девдим”, - дедилар. Ва жуда вазмин оҳангда дона-дона қилиб айтдилар: “Шеърлар зўр, жуда зўр! Ўқиб, кўп мутаассир бўлдик. Худди шу тарзда давом этинг. Ўзингизни, болаларни эҳтиёт қилинг. Янада кўпроқ ижод қилинг. Омон бўлинг!”
Шу қисқа ва лўнда эътирофдан руҳим анча кўтарилди. Негаки, кейинги йилларда мени адбий давралар, мушоираларга деярли чақиришмасди. Сурбетларча бостириб бораверишни эса мен ўзимга эп кўрмасдим, табиатимга тўғри келмасди. Шу боис ижодий муҳитдан анча узилиб қолгандим. Очиғи, Ёзувчилар уюшмасидан китоб тақдимотига ҳеч ким келмагани учун ўзимни анча ўгайлангандек ҳис қилдим.
Лекин отахон адиб, улуғ шоир, бугунги замонавий адабиётимизнинг тирик виждони – устоз Шукруллонинг камтарона ижодимга берган баҳоси мен учун бошқаларнинг берган ва берадиган баҳосидан афзал ва бир умрга татигулик бўлди...
Мен адабий анжуманларга қатнашмасам ҳам, фарзандларимни тарбиялаш учун уйда ўтирган кезларимда ҳам ўқишдан, изланишдан, ижоддан, фикрлашдан тўхтаганим йўқ. Ўзим учун ўзим ижодий муҳит яратишга ҳаракат қилдим. Лекин бир нарсадан қаттиқ қўрқардим: ўз қобиғимга ўралиб қолишдан! Ўзимга ўзим қанчалик талабчан бўлмай, барибир, катта ижод йўлини босиб ўтган устоз ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, танқидчилар фикрини билиш мен учун жуда-жуда муҳим эди. Кейинги ижодимга шунга қараб йўналиш олишим учун ҳам ўз ютуғу-камчиликларимни тажрибали ижодкорлардан эшитиш ўта зарур эди...
Бешинчи фарзандим ҳали кичкина, чақалоқ бўлгани учун ўзим бора олмасам-да, минг истиҳола билан “Кўксимдаги осмоним” ҳамда “Маҳбуб куйлар” номли икки китобимни турмуш ўртоғим орқали Шукрулло домлага бериб юбордим. Катта ва машаққатли ижод йўлини босиб ўтган устод сифатида ўз маслаҳатларини дариғ тутмасликларини, камчиликларимни рўй-рост айтишларини илтимос қилиб, ўтинч ила икки энлик мактуб ҳам ёзиб бердим. Орадан икки кун ўтар-ўтмас, не шарафки, шундай табаррук ёшда бўлишларига қарамасдан, қарийб юз ёш билан юзлашаётган устознинг ўзлари уйга сим қоқиб қолдилар!
– Мен - шоир Шукрулломан. Шамсияхон билан гаплашмоқчийдим, - дедилар салом-аликдан сўнг. Мен ҳам ўзимни таништиргач, дедилар:
– Қизим, сен мендан маслаҳат беришимни сўраб, китобларингни турмуш ўртоғинг орқали бериб юборган экансан. “Кўксимдаги осмоним”ни ўқияпман, озгинаси қолди. Аммо хафа бўлмайсан, мен сенга маслаҳат бера олмайман...
– Нега?... (Бу саволни ичимда айтдимми ё овоз чиқарибми, эслай олмайман.)
– Чунки сен етук шоира экансан. Маслаҳатга муҳтож эмассан. Шоир, ижодкор сифатида аллақачон шаклланиб бўлибсан. Шу боис мен сенга маслаҳат беролмайман. Сени фақат дуо қиламан: илоҳим, умринг зиёда бўлсин, турмуш ўртоғингиз билан қўша қариб, фарзандларингнинг роҳатини кўринглар. Ва бундан-да самаралироқ ижод қилиб, халқимизга туҳфа этавер!...
– Аввало, Сизни уринтириб қўйганим учун узр сўрайман. Эътиборингиз ва баҳоингиз учун раҳмат, устоз! Лирик шеърларим аввал ҳам китоб ҳолида чиққанди. Лекин янги китобимда мумтоз жанрларда ҳам ўз ижодий имкониятларимни синаб кўришга интилгандим. Лирик шоира бўлиб қолаверсамми ёки бошқа жанрлардаги изланишларимни ҳам давом эттираверайми? Самара берармикин? Шу ҳақдаги фикрингизни ҳам билмоқчийдим, - дея олдим севинчдан ва ҳаяжондан овозим титраб.
– Яхши, янги китобингни ҳам ўқиб чиққач, сенга яна қўнғироқ қилиб, фикрларимни айтаман, - дея хўшлашиб, гўшакни қўйдилар устоз.
Бир ҳафталардан сўнг ваъда берганларидай, домла яна сим қоқдилар. Ва худди шундай деганлари ҳозир ҳам шундоққина қулоғим остида жаранглаб тургандай:
– Қизим, мен бир пайтлар рубоийлар ёзгандим, сен эса туюқлар, чистонлар ҳам ёзибсан. Худо ёмон кўздан асрасин ишқилиб. Мен биргина рубоийимнинг ортидан туҳматларга учраб, сургунларга ҳам бориб келдим, суронларни йилларни бошдан кечирдим. Мен кўрган кўргуликлар сизларнинг бошларингизга тушмасин, илоё. Ҳарқалай, ҳозир замон бошқа-ку...
Сенга айтмоқчи бўлган энг муҳим гапим шу: Биласанми, қизим, бизда истеъдодлилар кўп, жудаям кўп, лекин, эътиқодлилар кам. Истеъдод эътиқод билан уйғунлашгандагина ижодкор мукаммаллик касб этади. Ҳам ёзганда ўзи ҳузур қилади, ҳам халққа, ўқувчига нафи тегади, маънавий озуқа етказолади. Йўқса, ҳаммаси бекор. Афсус, бугунги ижодкорларнинг кўпчилиги ана шу ҳақиқатни англаб етган эмас... Мен ҳар икки китобингни ўқиб чиқдим ва ҳар бир сатрингда эътиқод, эътиқод бўлганда ҳам мустаҳкам бир эътиқодни кўриб, ҳис қилиб, жуда-жуда қувондим. Демак, адабиётимиз, миллатимиз учун сендан ҳали катта нарсалар, кўп яхшиликлар кутсак бўлади, бунга ҳақлимиз! Ҳарқалай, мен шунга ишондим, чин юракдан ишондим!
...Табаррук ёшдаги улуғ устознинг бу гапларини эшитиб, кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Буни ҳозир сизга айтаяпман-у, худди ўша лаҳзалардагидек товушларим титраб кетяпти. Бу юксак ишонч, камтарона ижодимга берилган бу юксак баҳо менинг ижод йўлида чеккан барча заҳматларим, ўзимни ўгайлангандек ҳис қилгандаги барча ўкинчларимни ювиб юборди десам, асло муболаға бўлмайди.
Устоз кейинги қўнғироқларида насрга ҳам қўл урган ё урмаганлигимни сўрадилар. Беш-олти йил муқаддам лўндароқ ҳикоя ёзаман деб бошлаган машқларим қиссага ўхшаб чўзилиб кетаверганлиги, аммо улардан ҳеч кўнглим тўлмагани боис ташлаб қўйганлигимни айтдим. У киши: “Ўша “чалажон” қўлёзмаларингни ол-да, болаларингни етаклаб, рафиқинг (турмуш ўртоғинг демасдан, устоз шоирона лутф қилдилар) билан бирга бизнинг уйимизга келинглар. Қўлёзмаларингни кўздан кечириб, керакли маслаҳатларимни айтаман. Қолган гапларни юзма-юз ўтириб гаплашамиз, сизларни кутаман”, - дедилар. Устознинг дуоларини олиш учун хонадонларига боришга ваъда бердим-у, аммо бунга улгурмадим, афсус. Чунки, тез орада оиламизнинг бошида қуюқ қора булутлар пайдо бўлди...
Яна шу нарсани алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истардимки, китоб тақдимотидан сўнг бир-икки кун ўтиб, моҳир таржимон Хуршида Маматова каминани забардаст ва зукко олим, мунаққид, профессор Наим Каримов йўқлаётганликларини айтиб қолдилар. Турмуш ўртоғим билан бирга устознинг ишхоналарига бордик. Ижод жараёним қандай кечиши, беш нафар фарзанд (тағин ҳаммаси кичик ёшда) парвариши, тарбияси билан ижодга қандай вақт ажратишим, умуман, таржимаи ҳолим билан қизиқдилар. У киши ҳам насрга қўл урган-қўл урмаганлигимни сўрадилар. Суҳбатимиз жуда самимий кечди. Шунда домла: “Кейинги ўн-ўн беш йил ичида замонавий адабиётга унча аралашмай қўйгандим. Очиғи, кўнглим тўлмаган жойлари кўп эди. Лекин, кейинги пайтларда уч-тўрт нафар ижодкорнинг ёзганлари менга анча манзур бўлди. Шу боис энди ёзмасам бўлмайди. Замонавий адабиётдаги илк мақоламни сизнинг ижодингизидан бошламоқчиман”, - дедилар ва “Зулфияхоним, Саидахоним ва Ҳалимахонимлардек халқимизнинг юрагидан чуқур жой олиш сизга ҳам насиб этсин!” - дея дуо қилдилар.
Севинганимдан :”Домла, шу гапларингизнинг ўзи мен учун катта далда, катта мукофот, энди газетага ёзмасангиз ҳам майли!” – деб юбордим. Шунга қарамай, домла “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Юракнинг гуллаган фасли” сарлавҳаси остида салмоқли бир тақриз – мақола ёзиб чиқдилар.
Баъзи ижодкор опаларимиз, дўстларимиз “Қатағон қурбонлари, жадид адабиёти, камида Ойбек домладек забардаст шоирлар ижодини тадқиқ этган профессор, энг талабчан, энг ростгўй ва энг холис адабитшунос олим - Наим Каримов сенинг ижодинг ҳақида мақола ёзиши жуда катта воқеа”, - дея таъриф этишди.
Хуллас, замонамизнинг икки буюк маърифатпарвар инсонлари, икки улуғ устознинг эътирофлари юрагимга жуда катта таскин берибгина қолмай, балки зиммамга янада катта масъулият юклади.
Манзура: She'rlaringiz biram yaxshi ekan. Аyol qalbidagi kechinmalarni hech bir zo’riqishsiz sodda, ravon qilib tasvirlagan, maza qiladi odam o’qib. Shoir bulmaslikka haqqim yo’q mening, debsiz. Shoirlikni missiyasini nimada kurasiz? Muhabbat haqidagi sherlaringizdan so’ng vatan, ozodlik to’g’risida yozganlaringizni o’qib o’quvchi tasavvurida butunlay boshqa inson gavdalanadi. Vatanga muhabbatni ishonarli, ortiqcha dabdabalarsiz bera olgansiz. Hamma sherlar mukammal, so’z oldidagi mas'uliyati juda kuchli. Navoiyni uqib, Ona haqidagi ARMON, АЁЛ ЎЙЛАРИ, БИР ШУҲРАТПАРАСТ ИЖОДКОРГА, САЖДАГОҲДАЙ СЕНГА СИҒИНДИМ, ВАТАН! Hammasida bir-biriga o’xshamagan ko’ngil turlanishlari bor. Haqiqatdan yaxshi she'r odamga boshqacha ta'sir qiladi, balandlikka kutaradi. Chinchiklab uqiladigan she’rlar ekan:
АЙ, КЎНГЛИМ…
Ай, тоҳир кўнглим-а, ай соҳир кўнглим,
Сувратинг гоҳ ботин, гоҳ зоҳир, кўнглим.
Дайр денгизига чўккан жавоҳир,
Англарлар-да сени ҳам охир, кўнглим…
Ийманиб яшайсан ичимга ботиб,
Сени ошкор этмай кетгим келмайди.
Бироқ дуч келганнинг кўзин ўйнатиб,
Анордай яйратиб ситгим келмайди!
Ай, тоҳир кўнглим-а, ай соҳир кўнглим,
Гоҳ ботин эрурсан, гоҳ зоҳир, кўнглим.
Дайр денгизида бўл соф жавоҳир,
Сен ҳам англанарсан, ки охир, Кўнглим!..
Шамсия: Ҳар қандай миссия инсоният босиб ўтаётган йўлнинг маълум бир нуқтасида бошланиб, маълум бир нуқтасида тугайди, якун топади. Демакки, ҳар қандай миссиянинг босиб ўтадиган масофаси чегараланган... СЎЗ эса азал ва абаддир! Шу маънода мен шоирликни ҳеч бир миссияга алмаштиролмайман. Фикримни янаям очиқроқ ифода этадиган бўлсам, ШОИРЛИК деган сўз билан МИССИЯ деган сўзни мен арифметик усул билан ҳам, маънавий усул билан ҳам ва ҳатто мафкуравий усул билан ҳам бир-бирига қўша олмайман. Яъни, менинг наздимда бу икки сўзнинг маъно ва моҳияти орасида осмон билан ерча, эҳтимолки, абадият билан лаҳзачалик тафовут бор ва уларнинг сўз бирлиги сифатида ишлатилишини ҳазм қила олмайман, рости. Шоирлик мен учун миссия эмас! Шоирлик мен учун СЎЗ сеҳрини, сир асрорини излаш, топиш, англаш бахти! СЎЗ эса мўъжизакор ҳаётнинг, сирли коинотнинг эшикларини очгувчи калитдир. СЎЗ - ўзликни англамоқ, дунёни билмоқ, Оллоҳни танимоқ воситасидир. СЎЗ – қалбдаги туйғуларимга исм топиб берадиган, муножотларим ила ҲАҚқа, ҲАҚИҚАТга олиб борадиган нурли ва муаззам бир йўлдир!
“Сўзда сеҳр, шеърда эса ҳикмат бор” дейилади ҳадиси шарифда. Муродим: шеърларим ҳикматларга йўғрилса, ҳар бир сатримда ҳикматлар балқиб турса ва улардан инсонлар баҳраманд бўлишса...
“ШОИР БЎЛМАСЛИККА ҲАҚҚИМ ЙЎҚ МЕНИНГ!...” деган сатрларни ёзаётганимда ҳам ҳаёлимдан ҳеч қанақа миссия тушунчаси ўтган эмас. Бу сатрларимни юрагимда ҳали айтилмаган, айтолмаган дардларим бисёрлиги, менинг инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам дунёга айтадиган ёниқ сўзларим борлигига ишорат дея қабул қилишларини жуда-жуда истардим...
BЕК: Cho'lpon, Fitratlar haqida eshittirish tayyorlash mumkin emasligiga izoh berishganmi?
Фейсбукдаги Villi Va исмли фойдаланувчи: Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпон булар адабиётимизнинг ўлмас ва буюк номоёндалари ҳисобланади. Айтингчи, булар ҳақида радио эшитириш тайёрлашингизга нима учун эътироз билдиришган, нима деб ўйлайсиз, ёки сабабини айтишдими? Олдиндан раҳмат.
Шамсия: Ҳақиқатдан ҳам Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носирларсиз ўзбек адабиёти етим бўлиб қоларди. Улар жадид адабиётининг ёрқин вакиллари эди. Жадид адабиёти намоёндаларининг ҳаёти ва ижодига мустақилликнинг дастлабки йилларида катта эътибор қаратила бошлаганида бутун халқимиз, айниқса, зиёлилар жуда-жуда қувонишганди. Лекин, афсус, бугун ана шу эътибор суст, жуда суст. Ҳаттоки уларнинг ижодини ўрганиш, тарғиб қилишга зимдан таъқиқ қўйилганлигини эшитиб, қаттиқ изтиробга тушганман. Бу улуғ сиймолар ҳақида эшиттириш тайёрлашимга нима учун эътироз билдиришаётганлигининг сабабини сўраганимда, маънавият бўлими бош муҳаррири Ақида Исаевадан шундай жавобни эшитганман: “Иккита қулоғингизга қуйиб олинг, бизда юқоридан келган топшириқни бажариш бор, сабабини сўраб-суриштириш йўқ! Сўраб-суриштирганингиз билан ҳеч кимдан жавоб ололмайсиз. Раҳбарлар сизга ҳисобот беришмайди.” Сўнг қўлидаги бир қанча варақли “қора рўйхат” ёзилган блокнотини кўрсатиб, қатъий таъкидлаган: “Мана бу рўйхатда ёзилганларни эфирга бериш мумкин эмас, сиз билан биз ижрочимиз, буйруқни бажаринг, тамом-вассалом!”
Бир лаҳза ўзимга келолмай қолдим, юрагимдан бир нарса узилгандай бўлди:”Наҳотки, миллатимизнинг гулларини эфирга беришни таъқиқлаганлар ва бу бемаъни буйруқни ижро этишга бел боғлаганлар шундай улуғ сиймоларнинг ижодини ўқиб таъсирланмаган, маънавий озиқ олмаган бўлишса?... Наҳотки, улар вақтинча берилган курси, амал – мансаб учун шу қадар тубанликка боришса?... ”
Жадид адабиёти вакилларининг сатрларида халқни маърифатга чорлаш, зулмга қарши курашиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ундаш, даъват қилиш яққол сезилади. Демак, уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишни таъқиқлаётганлар халқнинг онги уйғониши, ақл кўзи ва кўнгил кўзи очилишидан қаттиқ қўрқадиган, саросимага тушаётган кишилардир. Бу улуғ сиймоларни халқдан узишга чиранаётганлар яқин тарихдан сабоқ олиши керак. Собиқ Шўронинг энг қатағон йилларида ҳам Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини, “Меҳробдан чаён” романларини, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирларнинг шеърлари, пъесаларини одамлар яширин бўлса-да ардоқлаб, йиғлаб, кўзга суртиб ўқиганлар. Бундан кейин ҳам бу улуғ сиймолар халқимизнинг қалбида шундай севимли бўлиб қолаверади. Бунга иймоним комил. Уларнинг асарларини яна қайта таъқиқ қилиб, “қора рўйхат”га киритмоқчи бўлганлар эса, ўзлари инсоният тарихининг “қора рўйхати”га тушиб қолиши шубҳасиз.
Би-би-си: Нега айнан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида уларнинг ижоди таъқиқланган? Сабабини айта оласизми?
Шамсия: Сабаби, бугун телерадиокомпанияга ижоддан мутлақо бехабар раҳбар келтирилди. Бош муҳаррирликка ҳам ана шу раҳбарнинг қолипга сиғмас буйруқларини сўзсиз бажарадиганлар тайинланаяпти. Жамоада талантли, софдил ижодкорлар талайгина. Аммо ЎзМТРКда авж олган қаллобликлар, коррупция, маҳаллийчилик, ижодкорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиши ва бошқа иллатларга қарши бош кўтариб чиққанларнинг бошига қора кунлар солинаяпти. Ё ишдан ҳайдалади, ё қамалади, ё бўҳтонлар, фитналар уюштирилиб обрўсизлантирилади. Биргина мисол: Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновалар раҳбариятга қарши бош кўтариб чиққач, ҳоли не кечгани бутун дунёга маълум бўлди. Улардан ташқариям қанча талантли журналистлар, режиссёрлар ими-жимида ишдан ҳайдалди. Баъзилари, буюртма асосида кўчаларда калтакланиб, қўрқитилгани учун, нафасини ичга ютиб яшаб юрибди. Қолаверса, оилавий икки журналист – мен ва турмуш ўртоғим ҳам ишдан кетдик. Турмуш ўртоғим - Нарзулло Охунжонов ”Ўзбекистон” каналининг сиёсий ва ҳуқуқий эшиттиришлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб турган бир пайтда раҳбариятнинг танқидни таъқиқлаганига қарамай, жиддий танқидий эшиттиришлар тайёрлаб, эфирга узатганлари ортидан бутун оиламиз, ҳатто ҳали вояга етмаган фарзандларимиз ҳам қаттиқ таъқиб-тазйиқ остида қолиб кетди. Йирик коррупцион тўда фарзандларимиз ҳаётига таҳдид солиш билан қўрқитмоқчи бўлишди бизни. Уйимизгача бостириб келишдан ҳам тап тортишмади. Шу боис нафақат ишдан кетдик, балки иссиқ уйимизни, яқинларимизни, жондан азиз она тупроғимизни ташлаб чиқишга – Ватанимизни тарк этишга мажбур бўлдик..... Лекин бу адолатсизликлар узоқ давом этиши мумкин эмас, ҳар нарсанинг ҳам охири, якуни бор. Яхши кунлар келишига умид боғлаб яшаяпмиз.
Би-би-си: Маънавий қашшоқлик деган иборани тилга олдингиз юқорида. Бугун бутун дунёга сочилиб кетган ўзбек зиёлилари халқимизнинг ҳозирги маънавий савияси ҳақида бош қотиришаяпти. Маънавий қашшоқликка олиб борадиган иллатларни нималарда кўрасиз? Буни бартараф этиш учун қандай йўл тутмоқ керак?
Шамсия: Миллатнинг чинакам талантли, билимли ёшларига йўл бериш керак. Сир эмас, мамлакат коррупция ботқоғиға чуқур ботди. Ҳамма соҳада таниш-билишчилик, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, порахўрлик... Энг даҳшатлиси, ҳатто адабиёт соҳасида ҳақиқий талантлилар бир четда қолиб, пули, юқорида таниши борлар “линия”га чиқарилаяпти, мукофотлар, унвонлар берилаяпти. Аксарият шу тоифадагиларнинг “асар”лари, енгил-елпи, саёз сатрлари “мана, адабиёт, шеърият шунақа бўлади”, деб халққа таништирилаяпти, тарғибу -ташвиқ этилаяпти. Кимларгадир ёқмаслиги мумкин, лекин бир аччиқ ҳақиқатни очиқ айтиш керак. Бугун мумтоз адабиётдан анча узоқлашдик, айниқса, ёшлар. Мумтоз адабиёт намоёндалари ахлоқий покликка ниҳоятда қатъий амал қилишган. Ва шу йўл орқали илоҳий муҳаббатга интилишган. Шунинг учун ҳам уларнинг илоҳий нурларга йўғрилган сатрлари боқий яшаб қолди. Бугун-чи?... Бугун аксарият ижодкорларнинг муҳаббат ҳақидаги тушунчалари чинакам, соф, илоҳий муҳаббатдан анча йироқ эканлиги яққол кўзга ташланади. Бу дунёқараш сатрларда ҳам акс этади. Шу ҳақда мулоҳаза юритар эканман, беихтиёр, Гётенинг ҳикматли гапи ёдимга тушади: “Инсонлар ахлоқан бузилиб боргани сари адабиёт ҳам айниб бораверади...” Энди хулоса қилинг, адабиёт айниди деган гап – миллат айниди, маънавий инқироз сари юз тутди, деган гап эмасми?... Қодирий бобомиз бежиз айтмаганлар: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир...” Шу боис ижодкор укаларимиз, сингилларимизга мумтоз шоиру шоираларимизнинг ижодий сирларини ҳамда инсоний камолотга эришиш сирларини кўпроқ ўрганишларини тавсия этардим.
Маънавий юксакликка эришиш учун энг аввало адабиётда чуқур ислоҳот керак. Чунки, адабиёт миллатни тарбиялайди. Миллатни тарбиялаш учун эса, соғлом адабиёт керак! Хусусан, жадид адабиётини таъқиқлаш эмас, аксинча, халққа тарғиб этиш керак! Ахир, бу ҳам ўзбек адабиётининг ажралмас бир бўлаги! Адабиёт тарихини бири тирик организм деб тасаввур этадиган бўлсак, жадид адабиёти – бутун бир уйғониш даври адабиётини ундан кесиб олиб, ажратиб ташлаш, шу тирик организмнинг бир оёғи ё бир қўлини сабабсиз, шафқатсизларча кесиб ташлашдай гап...
Бизнинг бир заиф жиҳатимиз бор – маҳаллийчилик. Бундан воз кечиш, ҳар жабҳада чинакам билим ва иқтидор соҳибларига йўл бериш ва халқнинг чинакам фидойилари, талантларини халқнинг ўзига қайтариш керак. Аслида маҳаллийчиликнинг ўзи ҳам маънавий кемтикликнинг бир кўриниши. Ватан отлиғ муқаддас тушунча, тасаввур маълум бир региондангина иборат деб ўйлаш ўта тор фикрлиликдир. Шундай одамлардан чинакам ватарпарварликни кутса бўладими?... Халқимизнинг жуда топиб айтган бир нақли бор: “Бўлинганни бўри ер...”
Миллат маънавиятини юксалтириш учун ҳар қандай хусумат, манфаат, ғаразни йиғиштириб қўйиб, аввало зиёлилар бирлашиши ва халқни ўз ортларидан эргаштириши керак деб ўйлайман. Дунёга не-не даҳоларни берган миллатнинг тарихий шонини тиклашдек буюк мақсад онгли, ақлли кишиларнинг бирлашишига арзимабдими?..
Би-би-си: Айни пайтда қандай ижодий ишлар билан бандсиз?
Шамсия: Ижодкор қаерда бўлса ҳам, қандай шароитда бўлса ҳам, барибир ёзади. Мен-да устозларимнинг, мухлисларимнинг ишончларини оқлаш учун яна янги жанрларга қўл уришга ўзимда куч топдим. Мақсадим, шеър ёзиш техникасини – ю, биргина услубни эгаллаб олиб, ё биргина мавзу атрофида айланиб умр ўтказмоқчи эмасман. Ҳар қанча мукаммал ёзмасин, шоир ўзини-ўзи такрорлаб қолиши ёмон. Шоир учун ҳам олим учун ҳам изланиш бир умр, ҳаётининг сўнггига қадар давом этиши керак. Ҳозир янги китобим устида ишлаяпман. Яна мумтозлик сари юз бурдим. Фардлар, қитъалар, мусаддас, мусамман, мустаҳзод жанрларида ҳам ўз ижодий имкониятларимни синаб кўришга жазм этдим. Айниқса, туюқ санъати мени ўзига жуда ром этиб қўйди. Бундан ташқари бир қанча аллетрациялар ҳам ёздим. Лирик шеърлар ёзишни-да канда қилганим йўқ. Мен буларни айтиб бировга мақтаниш ёки кўз-кўз қилиб, кимларнидир қойил қолдириш фикридан мутлақо йироқман. Зеро, бани башарни лол қолдирган туркий адабиётнинг буюк тарихи бор. Бу улкан адабиётнинг чўққиларини забт этган Ҳазрат Навоий, Ҳазрат Бобур сингари улуғ даҳолари бор. Шундай азим, улуғвор адабиётнинг мухлисларини ҳайратга солиш кўп душвор. Эзгу мақсадим - улуғ даҳо аждодларимизга чексиз эҳтиром ва ҳавас ила улар кашф этган назмий гулистондан ўзим баҳраманд бўлиш баробарида бир назмий гулдаста тузиб, мухлисларимга туҳфа этишдир!
Би-би-си: Янги шеърингиздан ўқиб бера оласизми?
Шамсия: Суҳбатимизда айтиб ўтганимдек, Ватанда Қодирий-у Чўлпонларни таъқиқламоқчи бўлганларига гувоҳ бўлиб, кўнглим кўп маҳзун бўлганди. Аммо истеъдод – Оллоҳнинг ўзи суйган бандаларига берган бир қатра нури. Бу нурнинг йўлини тўсиб бўлмайди. Яратган Эгам ўзи берган истеъдодни Ўзи яна юзага чиқаришга қодир ва қудратли! Инчунун, Чўлпоннинг шеърияти ҳам туркий оламда мангу қолажак! Мен Туркияга келиб, Чўлпон шеъри билан айтилган қўшиқни тинглаб, кўп мутаассир бўлдим. Улуғ шоиримизнинг “Гўзал Туркистон!” номли шеърини гўзал турк хонандаси Япрак Саяр маромига еткизиб куйлабди. Шеърга мос мусиқа, мусиқага мос ижро, дардли овоздан таъсирланиб бир шеър ёзгандим. Ижозатингиз билан шуни ўқисам:
УЙҒОН, ТУРКИСТОН!!!
(ЧЎЛПОНОНА)
Ичимда қарсиллаб кетди бир исён,
Кўзимда чарсиллаб чақнади нафрат.
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Ўлимга элтар бу гирдоби ғафлат!
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Кўнглингга дарз кетди, уйғонмайсанми?
Ичингдан отилиб чиқмасми вулқон,
Ғафлат музлигида тойғонмайсанми?
Сип-силлиқ музларни эритолмасми
Қонингни қиздирган минг йиллик ҳислар.
Бошингдан зулмни аритолмасми
Ҳазориспанддаги илоҳий ислар?!.
Ў, аҳли Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Элингга дарз кетди, уйғонмайсанми?
Қара, парча-парча, лахта-лахта қон, -
Тилингга дарз кетди, уйғонмайсанми?..
Уйғонолмайсанми, битдими мадор,
Шунчалар қотдими тил танглайида?
Не-не шоирларинг кетдилар бадар,
Олимлар отилди қоқ манглайидан...
Ҳикмат: бир олимнинг ўлими, ҳатто
Бир эл ўлимидан қайғулироқдир...
Олимлар – набилар меросхўрлари, -
Зулматларни ёритгувчи чироқдир!
...Чироқсиз қолмоқда хонадонларинг,
Аждодларинг руҳи келди чирқиллаб.
Мунис сингилларинг, онажонларинг
Зиндонлар кунжида йиғлар ҳиққиллаб...
Уйғон-ай, Туркистон! - Алпомишларинг
Бир бурда нон учун қулликка кетди.
Фаҳш учун зўрланди гулдай қизларинг,
Чеккан хўрликларинг суякка етди...
Ахир, суягини хўрлатмас султон,
Сен Султон эдинг-ку, уйғон, Туркистон!
Топталди ғуруринг, номусу оринг,
Энди жонингними қилурсан ўлпон?..
Эй, аҳли Туркистон! Жонингни қутқар!
Силтан! Султон бўлсанг, шонингни қутқар!
Кўз оч! Иймонингга ўт кетмоқда, - Ў-ў-ў,
Ўлмай туриб уйғон, иймонингни қутқар!!!
Ўлимга элтади, ахир бу ғафлат...
Ичингда ёнмасми зулмга исён?
Кўзингни очмасми золимга нафрат,
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!
Ў, қадим Туркистон! Уйғон, ай! Уйғон!!!












