Остона бўйлаб бир кунлик сайл

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Кулшат Медеуова
- Role, "Гумилёв" Овросиё Миллий университети профессори
Остона ҳақида мен энг ёқтирмаган савол, янги пойтахтнинг шаҳарсозлик қиёфасини белгилаб берадиган иншоот қайси, деган савол. Бу саволдаги тагмаънолардан бири Шўро шаҳарсозлиги билимига асосланган бўлиб, бу билимга кўра, ҳар бир шаҳарнинг ўзининг бош пойдевори бўлмоғи шарт. Шаҳар шаҳар бўлиши учун унда бир неча саноат ишлаб чиқариш корхонаси бўлиши, балки айрим махфий ҳарбий-ишлаб чиқариш мажмуаси ўрин олиши, энг муҳими шаҳар муҳитини намойиш этиб турадиган темир йўл қаторлари ва баланд деворлар ортида кўриниб турадиган, тутуни кўкка ўрлаган миноралар қад ростлаган бўлиши лозим, деб кўрилган.
Иккинчи ёқимсиз савол эса хорижий сайёҳларни томошага олиб бориш мумкин бўлган Остонанинг тарихий қисми - Old Town ёки Эски Шаҳри қаерда, деган савол. Сайёҳлар хилма-хилликни, экзотикани, нафасни ичига ютиб томоша қилинадиган манзараларни яхши кўришади, Остонада шундай жой борми?
Остона эса буткул ойнаванд биноларга бурканган лойиҳа бўлиб, унда ишчи синфни эмас, кўпроқ амалдорларни кўрасиз. Ғиштин минора ўрнига Байтерек томоша майдони, бетон деворлар ўрнига Остонанинг замонавий меъморчиликка қўшган ҳиссасидан ҳикоя қилувчи километрга чўзилган реклама қатори жойлашган. Остонанинг бор қадимий тарихи яқин замондаги Шўро йилларига бориб тақалади. Миллий маданиятга оид асл осори-атиқалар эса Қозоғистон жанубига солиштирганингизда қашшоқроқдир. Этнография нуқтаи-назаридан олиб қараганда, Остонани Туркистон, Чимкент ёки Олма-Ота эски-тускилар бозори билан солиштириб бўлмайди. Хуллас, шаҳарсозлик анъаналарига мос келадиган шаҳар эмас, эпистемологиянинг боши боши берк кўчаси.
Умуман олганда, бетон ўрнини ойнаванд технологиялар эгаллагани, янги пойтахтларнинг шаффофлиги ва сирлилигида одатий саноат шаҳар унсурлари намоён бўлмаслиги фақатгина Остонага хос муаммо эмас. Бу янги визуал шаҳар алифбосига эга глобал ахборот дунёсига ўтиш билан боғлиқ умумий аҳвол.

Сурат манбаси, Getty
Остонада вақт сарфлаганингга ачинмайдиган нарса, бу замон ва маконни ўзгартириш, оддий Совет шаҳарчасини янги мустақил давлатнинг пойтахтига айлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларни кузатишдир.
“Шўро замонидан ҳозирги замонга саёҳат”ни Ишим дарёси ўнг соҳилидаги ҳар қайси нуқтадан бошлаш мумкин бўлса-да, шаҳар танасида сақланиб қолган алоҳида “советлик капсуласи” бор. Биз ҳикоямизни ана шундан бошлаймиз.
Целинограднинг(Остонанинг ўтмишдаги номларидан бири) бир нарсада омади чопган: шаҳар Шўро шаҳарсозлигининг классик намунаси бўлган. Бунда иш, яшаш ва ҳордиқ учун мўлжалланган ҳудудлар аниқ ажратилган.
Бу ерда ҳордиқ учун кичик чўл дарёси Ишим бўлган, яшаш учун эса беш қаватли турар-жой биноларидан таркиб топган бир неча обод кўчалар бўлган. Иш ҳудудидан бугунга келиб сақланиб қолган ягона бино – пештоқида “Қўриқ бўйсундирилди, жасорат давом этмоқда” деган рамзий шиор ҳамон кўриниб турган элеватор биносидир. “Ишчи зона”нинг иккинчи рамзи собиқ “Целинсельмаш” заводи биноси. Бу ҳудудни шаҳар амалдорлари “Технопарк” деб атаётган бўлсалар-да, мен унга эски Совет замони цехларида янги Остонанинг образи яратилаётган вақт капсуласи сифатида қарашни таклиф қиламан.
Деиндустрилизация, бозор либерализацияси ва сегментларга бўлакланиши оқибатида 2006 йили қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона буткул касодга учради. Унинг ўрнида “Остонатехнопарк” барпо этилди.
Технопарк янги бизнес турларини ривожлантирадиган “восита” бўлмоғи лозим эди. Бироқ охир-оқибатда давлатнинг сиёсати ўз бизнесини очмоқчи бўлганларга жойни ижарага беришга бориб тақалди. Ҳали ҳам ягона умумий девор билан ўралган 67 гектар майдонда металлоконструкция, шиша буюмлар, мебел ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташқи дунёдан узилиб қолган ўз ҳудудларига эга бўлганлар. Айнан шу ерда пиёдалар йўлакчалари учун плиткалар ишлаб чиқарилади. Остонанинг барча шиша бизнеси ҳам шу ерда жойлашган. Эски заводнинг цехларида шаҳар кўчаларини безаш билан боғлиқ дизайнерлик ғоялари дунёга келади.
Бу ҳудудга ўтиш мушкул эмас. Ҳали ҳам девор, завод дарвозахонасини ёдга соладиган нимадир сақланиб қолган, бироқ бу Сталин ампири услубидаги талабалар поликлиникасидан пойтахт бозорларини белгилаб бераётган ширкатлар идорасига “айланиб ўт”, деган маънода сақлаб қолинган тўсиқ. Яқин-атрофда эса ишлаб чиқаришга алоқаси бўлмаган янги идоралар жойлашган – нотариал, таржима, бухгалтерия, логистика ва божхона идоралари.

Бугун йирик саноат марказлари учун машҳур бўлган жентрификация, музейлаштириш Остонага хос эмас. 2000 йилларнинг ўртасида амалдорлар Технопарк атрофидаги деворни йиқиб, уни шаҳарнинг умумий танаси бир қисмига айлантиришга уриниб кўрдилар. Лекин алал-оқибат “уйдаги жанжални кўчага чиқармаган маъқул” деган қараш устун келди. Шу нарсани тан олиш керакки, бу ерда вайронагарчиликка йўл қўйилмади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳудуд йўқ. Шакли мунтазам ўзгариб турган бўлса-да, ҳамма жойда иш давом этаяпти.
Сайрни давом эттириб, биз Целинограднинг асосий транспорт магистрали бўйлаб ўтишимиз шарт. Бу ерда “Совет онгсизлиги” ҳамма жойдагидан ҳам кўра яққолроқ кўзга ташланади. Классик “Хрушчевка” биноларнинг ҳаммаси бир қолипдаги, миллий бўлмаган ташқи кўриниши икки марта қайта қурилди. Тарихий Остонанинг илк қайта қурилиши (1998) “Потёмкин қишлоғи” усулида амалга оширилди: биноларнинг устини винил сайдинг – ташқи таъсирлардан ҳимоялайдиган қоплама билан ўзгартиришди. 2006-2008 йиллардаги иккинчи қайта қуришда биноларга Қозоқ миллий меъморчилиги услубини беришга ҳаракат қилишди. Бунда миллийликка ишора қиладиган ҳандасавий расмлар, устун ва аркалар ва бошқалар ўрнатилди, девор фибробетон билан қопланди.
Аммо бу дизайнерлик услублари Совет замони жисми ташқи кўринишини косметик безаш имконини бергани билан “советлик” мазмунини яшира олмайди. Моҳиятан бу усулни неоколониал онг жароҳатларининг оқибати деб қабул қилиш мумкин. “Советлик” деб эса либерал иқтисодиёт замонида Технопарк захирасида Шўро замонидан сақланиб қолган буюмларни ишга солиб иш кўриш одатини аташ мумкин.
Сўл соҳилдаги ойнаванд жозибали Остона жаҳон меъморчилигининг янги нуқтаси деб аталиши учун курашмоқда, аммо бу ҳаракатларга эски одатлар – ҳамма нарсани қишлоқи гўллик билан амалга ошириш истаги издан чиқармоқда. Ҳатто янги пойтахтнинг ташқи кўринишини аъло даражага етказиш мақсадида таклиф қилинаётган жаҳон меъморчилигининг “юлдуз”ларининг ҳам “икки ўт” орасида қолишларига тўғри келаяпти. Бири ўзлари мансуб бўлган маданий авангард бўлса, иккинчиси буюртмачилар талаб қилаётган маданий ўзига хосликни излаб топиш.
Меъморчилик ҳар доим замоннинг дунёқарашдаги ўзгаришини ифодалашга сезгир бўлиб келган. Остонанинг янги образи шаҳарсозликка доир дарсликлардаги меъморий дабдабабозлик билан тенглаштиришга интилиш утопияси ҳисобланмайди. Балки у янги турдаги табақаланиш, истеъмол ва қоришиқ меъморчилик, энг муҳими янги турдаги келажакка эга(бу ҳақда кейинги сафар батафсил) буржуазия шаҳридир.
Остона – ҳокимият иродаси, маблағ мўл-кўллиги ва ижрочиларнинг соддалиги билан янгилик яратиш учун жуда қулай жой. Эрнст Блох фикрича, янги нарса янгиликнинг ўзи эмас, балки янги нарсани топиш соғинчидир. Остонани тадқиқ қилаётганлар айнан шу ҳис билан дуч келадилар.
Остона – истак лойиҳасидир. Бу истак бир инсонга тегишлими, бир неча гуруҳгами ёки бутун халққа – бунинг аҳамияти йўқ. , Кўчманчилик ғилдираги бу лойиҳа домига буюк меъморларни ҳам, янги ғоя эгаларини ҳам, оддий амалдор-ижрочиларни ҳам, анъанадорларни ҳам, шаҳарнинг сайёҳлик йўналишлари бўйлаб келиб, уни ғайриихтиёрий ўрганаётганларни ҳам тортиб кетди.
Кулшат Медеуова - "Гумилёв" Овросиё Миллий университети Фалсафа кафедраси профессори. Фалсафа фанлари доктори. 2007 йилда "ХХ асрдаги антропоурбаник лойиҳалар доирасида утопик онг ўзгариши" деган мавзуда диссертация ёқлаган. Кулшат Медеуова илмий тадқиқотлари доирасига утопик онг трансформацияси, антропология фалсафаси, шаҳар антропологияси, миллий маданият концепциялари эпистемологияси, меъморчилик ва фалсафада постмодерн йўналишлари киради.












