Қирғизистонда "Уркун" исёнини хотирлаш миллий тотувликка раҳна соладими?

Австралия Миллий Университети Араб ва Исломий Тадқиқотлар Маркази докторантураси талабаси Аминат Чокобаева миллий муносабатлар юзасидан Қирғизистонда олиб борилаётган сиёсатни тадқиқ этмоқда
Сурат тагсўзи, Австралия Миллий Университети Араб ва Исломий Тадқиқотлар Маркази докторантураси талабаси Аминат Чокобаева миллий муносабатлар юзасидан Қирғизистонда олиб борилаётган сиёсатни тадқиқ этмоқда

Биз ясси қияли тор дарага кираверишда тўхтадик; ўнгимизда улкан қиялар турарди. Шундай эсада мен ҳайдовчидан автобусни айнан шу ерда тўхтатишни сўрадим. Чунки бу ерда унутилган исён қурбонлари учун номаълум ёдгорлик бор эди. Бишкекдан икки соат узоқликда жойлашган Боом дарасида 1916 йилда Чор ҳукуматига қарши исёнда қурбон бўлганлар хотирасига кичик ёдгорлик тоши ўрнатилган. Исённинг ўзи кўпчиликка "Уркун" (қирғизчада "Қочиш") номи билан таниш. Бир неча сурат олиб яна автобусга минганимни биламан одамлар мени саволга кўмиб ташлашди.

"Бу Андижон қирғини қурбонларига ўрнатилган ёдкорликми?" - деб сўради ёш қирғиз йигити; "Бунинг нимаси сенга қизиқ бўлиб қолди?" - деб сўради ўрта ёшли қирғиз ҳайдовчиси. Ахийри бир рус аёли "Худо билади улар нимани исташган!" - деди ғазаб ва сабрсизлик билан. Турли ёш ва миллат вакилларидан берилгани инобатга олинса, бу саволлар замонавий Қирғизистон жамиятида яқин ўтмиш ҳодисалари ҳақида қандай қараш мавжудлиги ҳақида яққол тасаввурни пайдо қилади.

Колониал Марказий Осиёдаги охирги исён ҳисобланмиш "Уркун"да қурбон бўлган кўплаб инсонларнинг аксариятини қирғизлар ва қозоқлар ташкил этади. Қурбонлар аниқ рақамини билиш қийин, аммо 1916-1921 йиллар орасида тўрт мингга яқин рус деҳқонлари, 200 минг қирғиз чорвадорлари ё Чор жазо отрядлари томонидан ўлдирилган ёки очлиқ ва касалликлар қурбонига айланишган. Фожиа миқёси улкан эса-да, исёнлар ҳақида очиқча гапириш ман қилинганди; бир ўрта ёшли респондент таъбири билан айтганда: "Руслар бизнинг "Уркун" ҳақида гапиришимизни исташмасди". Этник норозиликлар сингари баъзи ҳодисаларни "унутиш" "Халқлар дўстлиги"ни ўзига шиор қилиб олган Совет Иттифоқида давлат ташвиқотининг бир қисми сифатида қараларди.

Совет Иттифоқининг қулаши "Уркун" ҳақида очиқча гапириш имконини яратди. Шундай эса-да, фақат 2008 йилга келиб парламент қурбонлар кунини нишонлаш ҳақидаги қоунни тасдиқлади. Ўшанда ҳам қонун лойиҳаси Россия Ташқи ишлар вазирлигининг кескин қаршилигига дуч келди. Қирғиз мулозимларининг Москва билан муносабатга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашувини Қирғизистоннинг Россияга бўлган иқтисодий қарамлиги билан изоҳлаш мумкин. Собиқ Совет республикаларида тарихни миллийлаштириш ҳаракатларига нисбатан Кремлнинг атайлабдан ҳурматсиз ёндашаётгани ҳам бу эҳтиёткорликни икки баравар кучайтирган. Бироқ, "Уркун" исёнининг 100 йиллиги яқинлашиши баробарида қирғин ҳақида кўпроқ хабардор этиш ҳақидаги чақириқлар ҳам кучаймоқда. Қирғиз раҳбарлари сўзи билан айтганда, Қирғизистон халқи "Уркун" исёни ҳақида билиши ва уни хотирасидан ўчириб юбормаслиги зарур. Ўшандагина "Уркун" қирғиз халқи тарихидаги "қора доғ" бўлиб қолмайди.

Аммо "Уркун"қандай хотирланиши керак? Кўплаб қирғиз миллатчилари "Уркун"ни қатлиом ёки қирғин, деб аташади, бошқалар назарида эса, у Қирғизистон ва Россия ўртасидаги мукаммал ва ўзаро фойдали муносабатларга бир оз доғ юқтирган холос.

"Уркун" исёнига бўлган қизиқишнинг қайтадан кучайиши янги миллий ўзликни яратиш мақсадида ўтмишни кенг миқёсли ва изчил ўзлаштиришнинг бир қисмидир. Бироқ Қирғизистонда ўтмишни ўзлаштириш сиёсий сохтакорликдир. Бирор киши ота-онаси Хитойга оммавий кўчишдан омон қолган кекса одамлар гаплашгудек бўлса, уларда ғазаб ва қирғин учун аждодларни айблаш ҳисси сақланиб қолгани ва бу ғазаб этник славянларга қарши йўналгани ойдинлашади. 1950 йилларда қирғиз Совет этнографлари тўплаган суҳбатларда берилган кўрсатмалар миллий зўравонликларга яққол ишора қилсада, матнларда миллатлараро алоқалар мавзусига ўта эҳтиёткорлик билан, баъзи ҳолларда эса атайлабдан чигаллик билан ёндашилган. Шу билан бирга бу суҳбатларда Совет давлати туфали қирғизлар эришган тараққиёт ва озодлик ҳақида ҳам сўз боради. "Уркун"дан омон қолган оз сонли шахслардан бири, Иккинчи Жаҳон Уруши иштирокчиси бўлган 102 яшар отахон билан суҳбатлашганимда у Ленинни илиқ сўзлар билан хотирлади. Унинг ишонишича, "улуғ доҳий" қирғизларни бутунлай қириб ташланишидан сақлаб қолганди.

Алалоқибат, ушбу баҳс Совет Иттифоқининг маданий меросини пост-Совет миллатчилиги билан яраштириш ҳаракатларига қарши туриши шарт. Аммо "Уркун" ўта миллатчи руҳдаги қарашларга манба бўлиши мумкинлигига шубҳа йўқ, аммо бечора Қирғизистон бақувват рус айиғига қарши чиқа оладими? Ё бўлмаса, "Уркун"ни хотирлаш тинч келажакни қуришда муҳим рол ўйновчи миллий озчиликларни яккалаб қўймайдими?