'Бобурийларни тарихдан ўчиринг!'

Бобур яратган сулола Ҳиндистон тарихида улкан из қолдирган.

Сурат манбаси, bbc

Сурат тагсўзи, Бобур яратган сулола Ҳиндистон тарихида улкан из қолдирган.

Ҳиндистондаги Ҳинду миллатчилари Бобурийлар сулоласини барча тарих китоблари ва дарсликлардан ўчириб ташлаш талаби билан чиқишмоқда.

Интернетдаги #RemoveMughalsFromBooks ҳештеги остида бошланган кампаниядаги қатнашган ҳинду миллатчилари Самарқанддан Ҳиндистонга келиб, улкан салтанат яратган сулолани ИШИДга тенглаштиришган.

Маълумки, Бобурийлар сулоласини ҳиндлар Мўғуллар, деб аташади.

Шу боис ҳам улар #RemoveMughalsFromBooks (#МўғулларниКитобларданЎчиринг) ҳештеги билан чиқишмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги айни кампания Ҳиндистон тарихидаги энг муҳим ва шонли даврни йўқотишга қаратилган.

Бобурийлар Ҳиндистонда Ислом динини ёйишган. Айни дамда улар бу эътиқод орқали ҳинд тупроғида янгича бой маданият ва санъат барпо этганлар.

Бугунги Ҳиндистон меъморчилиги, адабиёти ва таомлари ҳам Бобурийлар таъсирида бойиган ривожланган ва янги чўққиларга чиққан.

Айни дамда, мусулмон ҳукмдорлар ўз пайтида кўплаб ҳиндуларни ўлдиришган, уларни мажбуран Ислом динига киритишган ва ҳинду ибодатхонларини вайрон қилишган.

Яқинда иқтидордаги миллатчи партия, ёки БЖП вакили сўзлаган нутқ ортидан Бобурийларга қарши нафрат янада кучайиб, интернетда махсус ҳештег билан аксилбобурий кампанияси бошланиб кетди.

"Ундан кейин Тож Маҳални ҳам бузасизми?"- савол ташлаган адиб Четан Бҳагат.

Сурат манбаси, Tern TV

Сурат тагсўзи, "Ундан кейин Тож Маҳални ҳам бузасизми?"- савол ташлаган адиб Четан Бҳагат.

Миллатчи партиянинг ҳукуматдаги вазирларидан бири бўлмиш Смрити Эроний бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган тарих дарсликларини танқид қилиб, улар мамлакатдаги диний адоватни нотўғри тасвирлайди, деб чиқди.

"Дарсликлар кўпчилик миллий қаҳрамон сифатида биладиган жанговор Ҳинду етакчиси Шиважи хотирасини беҳурмат қилади" - деб айтган Смрити Эроний.

Миллатчи вазир Эронийнинг нутқи эса Бобурийларга қарши бўлган ҳинду миллатчилари оловига ёғ пуркаб юборган ва улар Бобурийларни тарих китоблардан буткул ўчириб ташлаш талаби билан интернетдаги ижтимоий тармоқларда кампания бошлаб юборишган.

Баъзилар эса Бобурийларни ИШИД жангариларига қиёслашмоқда.

"Бобурийларни китоблардан ўчириб ташлаш керак, чунки улар Ҳиндистоннинг ИШИДчилари бўлишган" - ёзади бир ҳинду.

"Бобурийларни китоблардан ўчириш эмас, балки худди ҳозирги ИШИД каби, Бобурийлар ҳам ўз даврида ҳиндистонликларга нисбатан қандай шафқатсизлик р ва зулм қилишганини кўрсатиш керак" - дея жавоб беради иккинчи ҳинду фойдаланувчи.

Бобурийларга қарши қаратилган кампания Ҳиндистонда оммалашган бўлса-да, бироқ унга қарши чиқаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

"Хўш ундан кейин нима қилмоқчисиз?" - деб уларга қарши чиқади таниқли ҳинд ёзувчиси Четан Бҳагат - "Қизил Қалъа ва Тож Маҳални ҳам бузиб ташлайсизми?"

"Тарихий меросимизни вайрон этишимиз эмас, аксинча, асрашимиз керак!" - ёзади адиб.

Бобурийлар келтирган сомса, кичири ё бирёний эса бутун Ҳиндистон севадиган таомлардан.

Сурат манбаси, THINKSTOCK

Сурат тагсўзи, Бобурийлар келтирган сомса, кичири ё бирёний эса бутун Ҳиндистон севадиган таомлардан.

Аксилбобурий кампаниясига норозилик билдирган ҳиндистонликлар эса Бобур келтирган ва барча ҳиндистонликлар севиб тановул қиладиган таомларни эслатишган.

Масалан, бирёний, сомса, кичири ё кулча нонсиз бирон ҳиндистонлик дастурхонини тасаввур этиб бўлмайди.

Бу овқатларни эса Бобур ўзи билан бирга Андижон ва Самарқанддан, яъни бугунги Ўзбекистондан келтирган.

"Бобурийлар салтанати ҳақидаги мақолаларни тарих китобларидан чиқариб ташласангиз майли" - ҳазилнамо фикр қолдиради бир фойдаланувчи - "Фақат, илтимос, улар келтирган овқатларни тақиқламанг!"

Ислом Ҳиндистондаги иккинчи йирик дин ва мамлакат ҳам сон жиҳатдан дунёнинг иккинчи йирик мусулмон мамлакати.

Бу ердаги мусулмонлар Бобурийлардан жуда фахрланишади.

Қолаверса, Ҳиндистон рамзи бўлган Тож Маҳални ҳам айнан Бобурийлар тиклашган.

Бобурий ҳукмдор Акбар Шоҳ даврида эса Ҳиндистонда динлар орасида уйғунлик ва дўстликка эришилган.

Ҳиндистондаги иқтисодий ўсиш ортидан шаклланган ўрта табақа орасида миллатчилик кайфиятлари тобора кучаймоқда.

Шу сабабли ҳам БЖП ёки миллатчилар партияси ҳозир иқтидорга келган.

Бобурийлар Ҳиндистонда янгича маданият ва санъат барпо этишган.

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Бобурийлар Ҳиндистонда янгича маданият ва санъат барпо этишган.

Айрим миллатчилар ҳатто Тож Маҳални бузиб ташлаш керак, деган фикрларни ҳам илгари суришади.

Айодҳадаги Бобурийлар масжиди Ҳинду худоси шарафига қурилган ибодатхона ўрнида тикланган экан, деган хабар ортидан эса 1992 йили Ҳинду миллатчилари масжидни вайрон этишганди.

Кейинги чорак аср давомида Гужорат штати ва Мумбай шаҳри ҳиндулар ва мусулмонлар орасидаги ўта қақшатқич хунрезликларга саҳна бўлган.

Кашмир можароси ва қўшни Покистон билан ўртадаги мавжуд адоват ҳам Ҳиндистондаги мусулмонларга нисбатан ёвқарашни кучайтиргани айтилади.

Ҳинди тилида мусулмонлар келтирган арабча, форсий ва туркий сўзлар кўп бўлса-да, миллатчилар сўнгги йиллари уларнинг кўпчилигини ўзгартиришди.

Масалан, адабий тилда мусулмонча жарангловчи сўзлар алмаштирилди. Энди "Ҳиндустан" эмас "Бҳарат", "Муҳаббат" эмас балки "Пйар" дейилади.

Сўнгги ойларда мол гўшти еган мусулмонлар ҳиндулар тарафидан калтакланган ва ўлдирилган ҳолатлар ҳам бўлди.

Миллатчилар бундай зўравонликка қарши гапириб чиққан Шоҳруҳ Хон ва Амир Хон каби юлдузларни ҳам хоинликда айблаб, Покистонга кетсин, деб талаб қилишади.

Ҳинд зиёлиларига кўра, мамлакатда тоқатсизлик вақт сайин кучайиб бормоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,
  • телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon