Мусулмонлар Халқаро йога кунини танқид қилишмоқда

Сурат манбаси, AP
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Деҳлидаги биринчи Халқаро йога кунига бағишланган оммавий йога маросимида иштирок этган.
Маросимда 35 минг нафар давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари ва ҳарбийлар иштирок этган.
Якшанба тонгидаги маросим қаттиқ хавфсизлик чоралари остида ўтган, Деҳли кўчаларига минглаб полиция ва ярим ҳарбий кучлар жойлаштирилган.
Ҳиндистоннинг бошқа шаҳарларида режаланган бу каби оммавий маросимларда миллионлаб инсонларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Ҳиндистоннинг қадимий йога санъати ишқибози бўлган Бош вазир Моди 21 июннинг БМТ томонидан Халқаро йога куни деб эълон қилиниши ташаббускори бўлган.
Расмийлар аввалроқ Бош вазир маросимда қатнашиши ва нутқ сўзлашини айтишган, аммо Моди кутилмаганда йога машқига қўшилиб, кўпчиликни ҳайратга солган.
Йога куни дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам нишонланмоқда.
Нью Йоркнинг Таймс ҳиёбонидаги маросимда 30 минг киши иштирок этиши кутилмоқда.
'Ҳиндуларнинг дини'
Йога куни Ҳиндистоннинг айрим минтақаларида тангликларга ҳам сабаб бўлган.
Мусулмон ташкилотлари "тинчлик ва тотувликни тарғиб қилиши" айтилган йога кунини танқид қилиб чиқишган.
Уларга кўра, йога амалда ҳиндуларнинг диний амалидир.

Сурат манбаси, AP
Кўпчилик мухолифлар жаноб Модининг миллатчиҳи ндулардан ташкил топган ҳукумати қадимий ҳинд интизомини тарғиб қилишни ният қилганлигини айтишади.
Бироқ ҳинд расмийлари ушбу айбловларни рад этадилар.
Уларга кўра, йогада қатнашиш мажбурий эмас ва мусулмонларнинг йогага қаршилиги ҳақидаги хабарлар бўрттирилган.
Мусулмонлар кенгашидан Камол Фаруқийнинг Би-би-сига айтишича, йогани тарғиб қилиш билан ҳукумат ўзининг "ҳинду кун тартиби"ни илгари сурмоқда.
Бунга жавобан асл ҳинду руҳонийси бўлган миллатчи БЖП партияси депутати Йоги Адитянат "йогага қарши бўлган мусулмонлар ўзларини денгизга чўктиришлари" кераклигини айтган.
Ассам штатида мусулмон талабаларнинг оммавий йога маросимларига қарши норозиликлари бўлиб ўтган.
Айни пайтда айрим штатлардаги тадбирларда Рамазон ойи бўлишига қарамасдан, мусулмонларнинг ҳам иштирок этганликлари хабар қилинмоқда.
Охирги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ҳиндистон аҳолисининг 80 фоизи ўзини ҳинду деб ҳисоблайди.
Мусулмонлар эса аҳолининг 13.4 фоизини ташкил этади.
Hindustan Times рўзномасининг ёзишича, йога машқлари тасвирланган энг кўҳна форсий матн 1602 йилда Аллоҳободда чоп этилган.
Китоб кейинроқ император Шоҳжаҳон сифатида танилган Бобурий шаҳзода Нуриддин Муҳаммад Салим буюртмасига кўра тайёрланган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












