Тожикистонлик она: 'Ўғлим Сурияга қандай борганини билмайман'

Бахтиёрнинг Сурияга қандай бориб қолгани ҳамон ноаниқ
Сурат тагсўзи, Бахтиёрнинг Сурияга қандай бориб қолгани ҳамон ноаниқ

Тожикистон фуқароси 27 ёшли Бахтиёр Шеров Сурияда Аҳмад Тожики номи билан маълум бўлган.

У 2014 йилнинг мартида Ҳалаб яқинида ҳалок бўлганига ишонилади.

Араб, инглиз ва рус тилларини яхши билган Бахтиёрни яқинлари қувноқ, меҳрибон, уятчан, камтар инсон сифатида эслайдилар.

Тожикистон расмийларига кўра, "Исломий Давлат" аталмиш жангари гуруҳ сафларида 700га яқин тожикистонлик жанг қилмоқда.

Бахтиёрнинг онаси, 49 ёшли Ҳосият Сабурова Хатлон вилоятининг Кўлоб шаҳрида яшайди.

Би-би-си билан суҳбатда у ўз тақдири, Сурияга кетганлар ҳақида шаклланган қарашлар ҳақиқий воқеликка тўғри келмаслигини айтган.

Ҳосият Сабурова: Кўплар учун мен жиҳодчининг онасиман. Яқинлари Сурия урушига кетганлар ўзларини қандай ҳис қилишларини аввал тасаввур ҳам қилмагандим. Ер юзидаги миллионлаб одамлар каби мен ҳам Суриядаги ҳодисалар, ИШИД ҳақида, уларнинг сафига қўшилаётган ёшлар борасида матбуотдан кўриб, эшитиб юрардим. Лекин, бир кун келиб, ўзимнинг бунга алоқам бўлиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келтира олмасдим.

Бизни гуноҳкор қилишмасин, бу энг осон иш. Мен фақат ёшлар нима учун урушга кетаётганлари сабабларини топишга ундайман. Нима учун, улар бегона урушдаги ўлим ва уйдаги ҳаётдан бирини танлашга келганда, биринчи йўлни афзал кўришмоқда.

Мен ўз ҳаётим, оилам, ўғлим ҳикоясини сўзлаб беришни истайман, токи сиз бундай ҳол ҳар кимнинг бошига тушиши мумкинлигини тушуниб етинг. Ҳеч кимнинг хатодан, пасткаш одамлар, ёлловчилардан ҳимояси кафолатланмаган. Менинг оғриғим ва фожеамни англашлари учун одамлар ўз динлари, этник ва миллий ўзликларидан юқори туришлари керак. Мен сизга ўғлини йўқотган она ҳикоясини сўзлайман.

Ҳосият Сабурова ўғли қандай қилиб жиҳодчилар сафига бориб қолганига тушунмайди
Сурат тагсўзи, Ҳосият Сабурова ўғли қандай қилиб жиҳодчилар сафига бориб қолганига тушунмайди

Ўғлим Бахтиёр1987 йили туғилган. У узоқ кутилган фарзанд эди. Бахтиёргача икки қиз кўрганман ва икковидан ҳам айрилганман. У менинг тўнғичим ва яккаю ягона ўғлим эди. Бахтиёрнинг дунёга келиши бизга жуда катта қувонч берганди. У жуда кўркам, сочлари узун-узун бола эди. Ҳамма мени қутлаганди ўшанда. Фарзандим шунчалар чиройли туғилди, демак, унинг ҳаёти ҳам гўзал бўлади, деб ўйлагандим. У жуда босиқ, ақлли бола эди. Кейин яна икки қиз кўрдим. У сингилларига қарашга ёрдам берганди. Мактабда ҳам яхши ўқирди. Ўқитувчилар доим ўғлимнинг тарбияси, ўзлаштириши, оғир-босиқлиги, юмшоқлиги ва ҳақгўйлиги учун мақташарди. Уни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишар эди.

Саккизинчи синфни битирганидан кейин менинг қистовим билан ҳарбий лицейга кирди. Мен ҳамиша ўғлимнинг куч тизимларида хизмат қилишини истагандим. Аммо, пулимиз йўқлиги учун ҳарбий таълимини давом эттира олмади.

Мамлакатда сиёсий вазият нотинч эди, ички уруш эндигина ниҳоя топганди, менинг топганим кун ўтказишимизга зўрға етарди. Ўғлим Кўлобга қайтиб келди ва менинг қистовим билан Исломни ўргана бошлади. Мустақил равишда араб тилини ўрганди. Бахтиёрнинг чиройли овози бор эди. Кейин у муаззин бўлди.

Эсимда, Бахтиёрнинг ўзи ҳарбий таълим учун пулимиз бўлмаганидан хурсанд ҳам бўлганди. У менга тез-тез куч тизимларида ишлаш учун қаттиққўл ва шафқатсиз бўлиш кераклиги, у эса, одамларга озор етказа олмаслиги ҳақида гапирарди. Болам жуда тақводор инсон эди.

Би-би-си: Кейин у нималар билан шуғулланди?

Ҳосият Сабурова: Бошқалар каби Россияга ишлагани бориб турди. Бир неча марта Москвада бўлди. Ватанда ишга жойлашиш қийин эди. Илк йиллар мен ҳам ўғлимнинг олдига бориб турдим, у билан айрилиқни кўтара олмадим. Унутилмас пайтлар. Мен энагалик қилардим, у эса, турли ишларни бажарарди. Кўпда биз бирга тушлик қилардик, Мир шоҳкўчасидаги масжидга борардик.

Ўғлимда радикаллашув, тажовузкорлик умуман йўқ эди. Баъзан ейишга пули бўлмаса-да, тиланчиларга эҳсон бериб юрарди. Кўп ўқирди. Ислом асосида яшашга уринарди. Унинг учун яхшилик, катталарга ҳурмат каби қадриятлар муҳим эди. Мен бу қадар кўнгилчан ва виждонли инсонни тарбия қила олганимдан хурсанд бўлардим.

Би-би-си: Сурияга у қандай қандай бориб қолди?

Бахтиёрнинг ҳаётидан суратлар
Сурат тагсўзи, Бахтиёрнинг ҳаётидан суратлар

Ҳосият Сабурова: Мен ўғлимдан олдин Россиядан қайтдим. Ота-онам вафот этишганди. У Россиядан туриб менга далда бўлишга ҳаракат қилганди. Оға-иним бўлмагани учун ўғлим ҳамманинг ўрнини босарди. Доим қўнғироқ қилар, юпатар, кўнглимни кўтарарди. Сўнгги бор келганидан мажбурлаб уйлантирдим. Ўзим унга қаллиқ топгандим. Кейин яна Россияга кетишига тўғри келди. Ҳозиргача ўзимни кечира олмайман. Россияга чипта олиш учун ҳам пулимиз йўқ эди. Мен 400 доллар қарз олдим. Ўғлим ишлаб пулни қайтаришини айтди. Шахсан ўзим унга чипта олиб бердим. Бир неча ой ишлаб пул топа олмади. Иш берувчилар уни алдаганларини айтди.

Бир куни қўнғироқ қилиб, Олмонияга кетаётгани, оқ йўл тилашимни сўради. Мен йиғладим, бунақа режадан воз кечишини, унинг бу қадар узоқда бўлишини тасаввур қила олмаслигимни айтдим. Бахтиёр кўпга кетмаётгани, яна икки юртдоши ўзи билан бирга эканини гапирди. Ялинаверганимдан кейин, у ўйлаб кўришга ваъда берди. Ўғлим шу билан беш ой телефон қилмади. Унга нима бўлгани, ким билан қаерга кетгани ҳақида айтиш жуда қийин. Мен ўғлимнинг Сурияга кетиши мумкинлигини хаёлимга келтирмагандим. Бундай эҳтимолни тасаввур ҳам қилмаганман.

Би-би-си: Кейинчалик боғландими, сиз билан?

Ҳосият Сабурова: Беш ой ўтиб қўнғироқ қилди. Номер кўринмади. Мен фақат йиғладим. У мени юпатди. Мен унинг қаерда экан, нима иш қилаётгани билан қизиқа бошладим. Аммо, бу саволларга жавоб бермади. Яна бир неча бор телефон қилди. Лекин, узоқ гаплашмасдик, умумий гаплар, жуда камгап эди. Охирги маротаба гаплашганимизда овози синиқ, ҳорғин ва бўғиқ эди. "Нима бўлди" десам, жавоб бермади. Мен йиғладим, қайтгин деб илтижо қилдим, у сукут сақлади. Сўнгги марта телефон қилганида номери кўринди. Қайта қўнғироқ қилсам, араб тилида автомат жавоб келди. Олмонияда бўлса, нега арабча овоз келаётгани мени ҳайрон қолдирди. Хатолик бўлгандир, деб ўзимни тинчлантирдим.

Би-би-си: Ўлими ҳақида қандай хабар топдингиз?

Ҳосият Сабурова: Бир кун олдин тобим қочди. Этим уюшиб, бошим оғрирди. Ўзимга нима бўлаётганини тушуна олмадим. Худди томоғимдан биров буғаётгандек бўлди, нафас ололмадим. кейин бирдан қўйиб юборди. Кўнглим нимадир сезди, ўғлим ортиқ ҳаёт эмаслигини дарров англадим.

Буни тушунтириш қийин, аммо мени оналар тушунишади, айниқса, фарзандини йўқотганлар. Она ўз боласининг ўлимини сезади.

Кейин билдим, менинг бетоблигим ўғлим ҳаётининг сўнгги дақиқаларига тўғри келган экан.

Март ойи охирида менга телефон қилишди, тожик тилида: "Абу Аҳмаднинг онасимисиз", деб сўрашди. Мен ҳеч қандай Абу Аҳмад танимаслигимни Бахтиёрнинг онаси эканимни айтдим.

Лекин, у: "Бардам бўлинг. Ўғлингиз ҳалок бўлди, бугун дафн қилдик. Сабр берсин сизга", деди.

Ҳушимни йўқотдим, қанча ётганимни билмайман. Қарасам, телефон ҳали ҳам ўчмаган, қўнғироқ қилган одам менинг дод-фарёдимни эшитиб турган экан. Мен ундан исбот талаб қила бошладим. Ўғлимнинг сурати, у ҳақдаги маълумотни кўришим мумкин бўлган вебсаҳифа манзилини беришди.

Жасадини юборишларини сўрадим. У бунинг иложи йўқлиги, у тупроққа топширилганини айтди. Мен ҳануз нима учун ўғлимнинг жасадини Олмониядан юбориш имконсизлигига тушуна олмасдим.

Маъракаларни қандай ўтказганимиз эсимда йўқ. Қариндошларим ўғлимнинг ҳарбий кийим-бошдаги ва ўлик ҳолатдаги суратларини олиб келишди.

Аввал, фотомонтаж қилишган деб ўйладим, лекин ўғлимни танидим. Мени алдашмоқчи, мазах қилмоқчи бўлишса керак, деб ўйладим. Аммо қизим акаси ўлдирилгани, ҳаммаси ростлигини ва ўғлим энди йўқлини айтди.

Би-би-си: Ўғлингиз Сурияда бўлиши мумкинлигини сезганмидингиз?

Ҳосият Сабурова: Йўқ. Сурия ҳақида хабарларни кўрардим, лекин менинг ўғлим у ердаги урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳеч ҳам хаёлимга келмаган. Сурия ва менинг ўғлим. Ахир улар бир-биридан йироқ, бир-бирига тўғри келмайдиган тушунча. Ахир менинг ўғлим босиқ, ҳаётни севувчи, юмшоқ ва кўнгилчан инсон эди. У қандай қилиб урушга бориб қолсин? Суриядаги суратларида у улғайган кўринади. У бошқача, катта ёшли одамга айланганди.

Унинг Сурияда эканлигини ҳам матбуотдан билдим. Бир неча ой карахт бўлиб юрдим. Ҳеч нимани тушунмасдим. Одамлар ўғлим Суриядаги урушда иштирок этаётгани ҳақида гапиришарди, мен аҳамият бермасликка ҳаракат қилардим. Реаллик мен учун ғойиб бўлганди. Шокка тушганимни кейин тушуниб етдим. Бироз ўзимга келгач, интернетни титкилаб, бирданига ўғлим қаерда бўлганини англаб етдим.

Би-би-си: Ўғлингизнинг ўлими ҳаиқдаги хабардан сўнг ҳаётингиз қандай ўзгарди?

Сурияда олингани даъво қилинган сурат
Сурат тагсўзи, Сурияда олингани даъво қилинган сурат

Ҳосият Сабурова: Мен билан махсус хизматлар шуғуллана бошлашди. Биламан, бу - уларнинг ишлари. Лекин, бу азоб эди. Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигидан тўхтовсиз келишарди. Ўғлимнинг Сурияда эканлиги, режаларидан хабарим бўлган-бўлмагани, қанча пул олгани, менга қанча юборгани билан қизиқишди. Бу жуда оғир пайтлар бўлганди.

Бахтиёрни яхши билганларнинг менга муносабати ўзгармади. Ҳамдард бўлишди, ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Ўғлимнинг ҳикояси улар учун ҳам даҳшатли эди.

Баъзилар мени назоратга олишгани, хонадонимда камера ўрнатилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлашди. Шу боис, қариндошлар ишларини йўқотишдан қўрқиб, мени кўргани келишмасди.

Айримлар телефон рақамларини ўзгартиришди. Бошқалар телефон қилсам, гўшакни қўйиб қўйишарди. Кўчада кўрсалар, кўрмаганга олишарди. Мен учун бу жуда оғриқли эди, аммо мен уларни тушунардим.

Кўплар билан алоқам узилди. Ҳатто, ишдан ҳайдашга ҳаракат қилишди, кетиш ҳақида ариза ёзишга мажбур қилдилар. Мен рози бўлмадим, айбим нима эканини исботлашларини талаб қилдим.

Яқинларим билан борди-келди қилмаяпман. Чунки, улар оғир кунларимда мендан юз ўгиришди. Улар учун мен ўлганман, мен учун улар...

Ҳаётимнинг маъноси йўқолди. Яхши сўзга, дастакка мухтож эдим. Улар эса, ўз ишлари, карьераларидан қўрқдилар. Мен уларни тушунаман, лекин энди улар менга керак эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio