Тожикистон-Сурия: Жиҳоднинг узоқ йўли

Тожикистон шимолидаги Чорқишлоқдан 17 йигит Суриядаги жиҳодчилар сафида эканлиги айтилади.
Сурат тагсўзи, Тожикистон шимолидаги Чорқишлоқдан 17 йигит Суриядаги жиҳодчилар сафида эканлиги айтилади.
    • Author, Анора Саркорова
    • Role, Би-би-си, Душанбе

Тожикистон шимолидаги кичиккина Чорқишлоқ мамлакатдаги бошқа кўплаб аҳоли масканларидан фарқ қилмайди.

Лекин охирги ойларда Чорқишлоқ жамоатчилик ва Хавфсизлик Хизмати эътибори марказида...

Чунки бу қишлоқдан бўлган 17 йигит Суриядаги жиҳодчилар сафларида жанг қилмоқда экан.

Ёшлари 19дан 35гача бўлган бу йигитлар нафақат бир қишлоқдан, балки ёнма-ён қўшни ҳам бўлишган.

Улар турли вақтда Россияга пул топиш илинжида кетиб, кеийнчалик Сурияда Башар Ал-Асад режимига қарши курашаётган кучлар сафларига қўшилишган.

Уларни Сурияга нималар етаклаб борди? Жиҳодми, пулми ё ғоя? Бу саволларга жавоб топиш учун Чорқишлоққа йўл олдим.

"Ўғлим нима учун курашмоқда?"

Чорқишлоқ Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасига яқин ердаги Исфара шаҳридан атиги 7 километр масофада жойлашган. Аҳолиси тўрт ярим минг атрофида...

Ҳали Шўролар вақтидаёқ қишлоқ аҳолси тақводорлиги билан маълум эди.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва бошқа тақиқланган ҳаракатларга аъзоликда айбланган ва қамоқ жазоларига ҳукм қилинганлар орасида исфараликлар кам эмас.

Мукаррама Қодирова 19 ёшли ўғли Аҳлиддин Камолзоданинг Сурияда эканлигидан милиция бўлинмасида хабар топди. Мукаррама ўғли билан алоқа узилиб қолганидан сўнг ўзи милицияга мурожаат қилганди.

У ўғлининг охирги маротаба Туркиядан қўнғироқ қилганини айтади.

"Мен ундан Туркияга қандай қилиб бориб қолганини сўрадим. Ахир, у Россияга пул ишлгани кетган эди... Қандай қилиб у ерга бориб қолганлигини билишга ҳаракат қилдим. У эса тинмай йиғларди. Кейин алоқа узилиб қолди. Мана бир ярим ойидан бери ҳеч қандай хабар йўқ"...

Мукаррама Қодированинг ўғлидан бир ярим ойдан бери хабар йўқ....
Сурат тагсўзи, Мукаррама Қодированинг ўғлидан бир ярим ойдан бери хабар йўқ....

Аҳлиддан отаси ва акаси кетидан Россияга йўл олиб, ўзининг тўйи ва янги уй қуриш учун пул ишлагани кетганди.

Дастлаб уйига мунтазам қўнғироқ қилиб турган Аҳлиддин кейинчалик алоқага чиқмай қўйди. Акаси ҳам уни тополмай қолди.

Аҳлиддин Камолзода Тожикистон Хавфсизлик Хизмати маълумотларига кўра, Суриядаги жанговор ҳаракатларда иштирок этаётган 17 чорқишлоқликдан биридир.

Уларнинг оила аъзолари Хавфсизлик Хизмати томонидан доимий назорат остида эканликларини айтишади.

"Кимлардир доим келиб, нималарнидир текширишади. Суратга олишади, видеога туширишади. Сўроққа тутишади. Нималарнидир аниқлашмоқчи бўлишади. Лекин биз ҳеч нима билмаймиз, ҳеч нимани яшираётганимиз йўқ", дейди Ёсинхон Эшонов.

Унинг 28 ёшли ўғли Яқубжон фарзандларини ташлаб, турмуш ўртоғи билан бирга Сурияга кетган.

"Ўғлим бир неча йил Россияда ишлади. Уйга пул юбориб турарди. Кейин хотинини ўзи билан олиб кетди. Икки ой олдин телефон қилиб Туркия ва Сурияга кетишаётганини айтди. Кейин бошқа алоқага чиқмади".

Хавфсизлик Хизматининг айтишича, Сурияга кетган чорқишлоқликлардан икки нафари аллақачон ҳалок бўлишган.

"Бедарак кетганлар"

Қишлоқликлардан илк бор Ҳожимуҳаммад Иброҳимовлар оиласига 29 ёши ўғиллари Масрурнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилишди. У бир неча ой аввал Суриядаги аксилҳукумат кучлари сафига қўшилиш учун жўнаб кетганди.

"Ўғлимизнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар беришди. Лекин мен ишонмайман, чунки унинг жасадини кўрганим йўқ... Ҳеч нима демайман, сўзлар билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Сурияга кетишга ўғлим вояга етган инсон сифатида ўзи қарор берган. Мен унинг қадамларини изоҳлай олмайман", дейди Ҳожимуҳаммад Иброҳимов.

Чорқишлоқлик жиҳодчиларни расман "бедарак кетганлар" дея қайд этишган.

Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлигида турли экстремистик ташкилотлар сафларига ватандошлар қандай қилиб сафарбар этилаётганликлари йўллари ҳақида маълумотга эга эмасликлари, аммо улар Сурияга Россия, Покистон, Туркия ва Афғонистон орқали кетаётганликларини айтишди.

Муҳожирдан мужоҳидгача...

Таҳлилчиларга кўра, ўзга шароитга тушиб қолганларда кўпда ўзлигини англаш ҳисси ўткирлашуви кузатилади.

Улар ўзгача эканликларини ҳис этиб, ўзларига таалуқли жиҳатларни излашлари, бирон умумийлик атрофида жипслашишга, тақводорроқ бўлишга ҳаракат қилишади. Бу табиий жараён.

Бу каби вазиятда масжид ўзларига яқинлар билан мулоқот қиладиган ягона манзилга айланади.

Муҳожирликда масжид ўзларига яқинлар билан "дардлашиш"нинг кўпда ягона жойига айланади.
Сурат тагсўзи, Муҳожирликда масжид ўзларига яқинлар билан "дардлашиш"нинг кўпда ягона жойига айланади.

Муҳожирлар ҳуқуқсизликлари ва заифликлари учун у ерда дастак ва бирдамлик излайдилар.

"Муҳожирларнинг диний саводсизликлари, соддаликлари ва иқтисодий қийин шароитларидан ёлловчилар фойдаланадилар. Лекин шуни тушуниб етиш керакки, бу жиҳод эмас. Суриядаги қарама-қаршиликнинг иккала томонида ҳам мусулмонлар курашмоқда. Бу ички фуқаровий можаро. У ердаги тожикистонликларнинг баъзилари пул учун курашмоқдалар, лекин кўплари ғояга ишонадилар. Улар алданганлар, улар ҳалок бўлган вақтлари шаҳид бўлмайдилар", дейди Сўғд вилоти уламолар Кенгаши раҳбари Ҳўжа Ҳусайн Мусозода.

Мутахассиларга кўра, Россиядаги муҳожирлар шароитидан радикал диний ташкилотлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқдалар. Улар муҳожирлар орасидаги норозилик ва ғазабни ўзлари учун керакли йўналишга буришга муваффақ бўлмоқдалар.

"Россияда муҳожирларга муносабат рисоладагидек эмас. Тожикистон расмийларининг муносабати эса бефарқ. Бундай шароитда кўплаб муҳожирлар диний ташкилотларга ёлловчилар таклифларига рози бўлмоқдалар", дейди қишлоқликлардан бири.

Собиқ талабалар тақдири

Шу йил бошларида Сурияда қатор тожикистонлик исломчилар қўлга олиниб, улар билан суҳбатлар давлат телевизиони орқали намойиш этилди.

Улар "Жабҳа-тул Нусра" ташкилоти томонидан ёллангалари ва Башар Ал-Ассад ҳукуматини ағдариш учун жангларда қатнашганликларини айтишди.

Уларнинг барчаси Суриядаги диний мактабларнинг собиқ талабалари эдилар.

Яқин Шарқдаги диний мактаб ва мадрасаларда яқин-яқинларгача минглаб тожикистонлик ёшлар бепул таълим олардилар.

2012 йили президент Имомали Раҳмон кўплаб диний марказлар экстремистик таълимотларга асосланганлигини айтганидан сўнг, тожикистонлик талбаларни ёппасига ортга қайтара бошладилар.

Мажбурий равишда тахмианан 2 минг талаба Тожикистонга қайтарилди.

Тожикистон Исломий тадқиқотлар Марказига кўра, улардан атиги бир неча юз киши мамлакатда иш топа олишган. Қолганлари яна бошқа мамлакатларга йўл олишди.

Баъзилари Хавфсизлик Хизматларининг ўта "диққат" билан уларни кузатишлари туфайли мамлакатни тарк этганлар.

Бундан ташқари собиқ толибларни сиёсий жиҳатдан ишончсиз ҳисоблаб, давлат ташкилотларига ишга олишга кўпда рози бўлмайдилар.

Интернетдаги даъватлар

Баъзи таҳлилчиларга кўра, собиқ талабалардан кўплари Яқин Шарқ мамлакатларида диний сабоқларини давом эттириш учун Россия фуқаролиги ва паспортини олиш мақсадида у ерга йўл олганлар.

Радикал диний ташкилотларнинг фаоллашуви нафақат Тожикистон ҳукумати хавотирларига сазовор бўлмоқда. Уларга қарши куч билан курашиш ҳозирча самара бергани йўқ.

Охирги ойлар мобайнида Интернетда Суриядаги тожикистонликлар акс этган бир қатор видеотасвирлар пайдо бўлди.

YouTube порталида шу йил апрел ойида пайдо бўлган видеода номаълум бир шахс тожик паспортларини алангада ёқаётгани ва рус тилида бу паспортлар эгалари Сурияда Башар Ал- Ассадга қарши курашаётганлари ва бошқаларни ҳам бу жиҳодга қўшилишга чорлаётгани акс этган.