Президент Раҳмон энди ‘миллат раҳнамоси’

Сурат манбаси, Getty
Яъни, Тожикистон парламентининг қуйи палатаси (Мажлиси Намояндагон) “Тинчлик, миллий бирдамлик ва миллат раҳнамоси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади.
Парламент вакилларининг бу қарори ортидан, Тожикистоннинг амалдаги узоқ йиллик раҳбари “халоскор сифатида қилган тарихий вазифаси учун” миллат раҳнамоси, дея эълон қилинди.
Хабарларга кўра, янги қонун жаъми 16 банддан иборат ва у президентлик ваколатини топшириши ортидан, давлат раҳбарининг мақоми қандай бўлишини белгилаб беради.
Янги қонун, ўз ўрнида, президентлиги ортидан, 63 ёшли Имомали Раҳмоннинг дахлсизлигини ҳам кафолатлайди.
Бундан ташқари, “миллат раҳнамосига” нисбатан ҳурмат қандай бўлиши кераклигини ҳам кўрсатиб беради.
Янги қонунга мувофиқ, Тожикистонда президент Имомали Раҳмоннинг ҳаёт йўлини ёритиб берувчи кутубхона ва музейлар ҳам ташкил қилинади.
Бу бандларга амал қилмаганлар эса, худди шу янги қонуннинг ўзи асосида жавобгарликка тортилади.
Президент Имомали Раҳмон қўшни Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келади.
Минтақадаги қолган “миллат раҳнамолари”

Сурат манбаси, Getty
2010 йилда Қозоғистон парламентининг ҳар икки палатаси ҳам лозим қонунчиликларни қабул қилган ва мамлакатнинг амалдаги президенти Нурсултон Назарбоевни "Миллат раҳнамоси” ёки “Элбоши” мақоми билан сийлашга қарор қилганди.
"Миллат раҳнамоси" бўлиш Нурсултон Назарбоев ва унинг оиласини жиноий жавобгарликдан соқит этиши, мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлаши айтилганди.
Янги мақоми президентликдан истеъфо бергандан сўнг ҳам, жаноб Назарбоевнинг мамлакат ижтимоий- сиёсий ва иқтисодий ҳаётига оид қарорларни беришда ўз сўзига эга бўлишини англатарди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг амалдаги узоқ йиллик раҳбари давлат қурилиши, мамлакат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳам Қозоғистон халқи, давлат органлари ва расмий мулозимларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўларди.
Бундан беш йил бурун мавжуд қонунчиликка киритилган тузатишлар бу ва яна қатор масалалар бўйича миллат раҳнамосининг фикрлари билан кенгашилиши шартлигини тақозо этарди.
Аммо, шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Қозоғистоннинг 75 ёшли президенти ўзига “миллат раҳнамоси” мақомини берувчи қонуний тузатишларни имзолашдан бош тортганди.
Қозоғистон қонунчилигидан яхши бохабар айрим мухолифат лидерлари эса, ўшанда, агар, президент Назарбоев расман вето ҳуқуқидан фойдаланиб қонунни рад этмаса, қонун лойиҳаси бир ойдан сўнг автоматик равишда кучга кириши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.
Жамоатчилик вакиллари эса, “миллат раҳнамоси”га берилаётган бундай ҳуқуқлар пайғамбарларда ҳам бўлмагани айтиб, янги қонун лойиҳаси Нурсултон Назарбоевни илоҳийлаштириб юбораётганини таъкидлашганди.
“Аркадағ” ёки “Орқатоғ”

Сурат манбаси, AP
Минтақа давлатлари орасидан эса, биринчилардан бўлиб Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурот Ниёзов расман “Туркманбоши” мақоми билан сийланган.
Қозоғистон парламентида кечган воқеалардан бир йил ўтиб эса, Туркманистон Оқсоқоллар кенгаши Гурбангули Бердимуҳаммедовга "Аркадағ" ("Орқатоғ") унвонини бериш таклифи билан чиққанди.
Ушбу унвон расман овозга қўйиб тасдиқланмаган бўлса-да, ўшандан буён мамлакатда кенг қўлланила бошлаган.
Туркманистонлик айрим шоир ва ёзувчилар аллақачон президентнинг янги мақомини мадҳ этиб, шеъру ашулалар ҳам битишган.
Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йилда, Туркманбошининг кутилмаган ўлими ортидан қудратга келганди.
Жаноб Бердимуҳаммедов орада муайян ислоҳотларга қўл урган эса-да, маҳаллий кузатувчилар сўнгги пайтларда Туркманистонда унинг шахсига сиғиниш ҳоллари ҳам кучайиб бораётганини айтишади.
Дейлик, бошқарувни ўз қўлига олганига ҳеч қанча вақт бўлмай, президент Бердимуҳаммедов марҳум Ниёзовга ўхшаб, аллақачон кўплаб унвонлар ва мукофотлар олишга улгурган.
У Тиббиёт ва Иқтисодиёт фанлари доктори, Туркманистон Қуролли кучлари генерали ва Туркманистон Фанлар академияси академиги саналади.
Бундан ташқари, спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун карате бўйича қора белбоқ соҳибига ҳам айланган.
Яқинда "Туркманистон қаҳрамони" унвони берилган ва ундан аввал Руминиядаги Халқаро алоқалар ва иқтисодий ҳамкорлик институти томонидан "Йилнинг одами", деб ҳам топилган.
"Туркманистон қаҳрамони" унвони эса, фақат давлат ва халқ олдида мислсиз хизмат қилган Туркманистон фуқароларигагина берилади.

Сурат манбаси, AP
Яқинда интернет нашрларида ўзбекистонлик иқтисодчи академик Рустам Абдуллаев ҳам президент Ислом Каримовга Отаўзбек – ўзбеклар отаси ва ўзбек давлати асосчиси расмий мақомини бериш таклифи билан чиққанди.
Аммо Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларидаги чиқишларда ва халқ орасида президент Каримовни юртбоши, деб аташ одатий тус олган.
Қирғизистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатларида сўнгги йилларда кузатилаётган бу каби ҳолат аллақачон минтақада шахсга сиғиниш кучайиб бораётганига оид гап-сўзларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












