Эмомали Раҳмон Марказий Осиёнинг «Путини»ми?

The Economist журнали кимни Марказий Осиёнинг "Путини" деб атади?
Сурат тагсўзи, The Economist журнали кимни Марказий Осиёнинг "Путини" деб атади?

Нуфузли The Economist нашрининг ёзишича, Россия собиқ Шўро давлатлари орасида мухолифат арбоблари кўчада отиб кетиладиган ягона давлат эмас.

Нашр шу ой бошларида Истанбулда аввал заҳарланиб, кейин отиб ўлдирилган Тожикистон мухолифат лидерларидан бири Умарали Қувватов тақдирига ишора қилади.

47 ёшли тожик мухолифати раҳбарларидан бўлган Умарали Қувватов пайшанба, 5 март куни Истанбулнинг Фотиҳ туманида отиб ўлдирилган эди.

The Economist ҳам ўз мақоласида "Группа 24" ташкилотининг раҳбари Умарали Қувватов аввалига президент Раҳмоннинг оиласи, унинг куёви билан бизнес ҳамкор бўлганини қайд этади.

Умарали Қувватов “оила аъзолари” билан келишолмай мамлакатдан қочишга мажбур бўлгач, Тожикистон ҳукумати уни ватанга қайтаришга жаҳд қилди.

Январ ойида Тожикистон ҳукумати Туркиядан "Группа 24" ташкилоти раҳбари, бизнесмен Умарали Қувватовни беришни талаб қилган, бироқ Анқара рад жавобини берган эди.

Парламент сайлови ва ё тинчлик шартномаси билан “видолашув...”

"Парламент сайлови билан кўмилган тинчлик шартномаси..."

Сурат манбаси, president.tj

Сурат тагсўзи, "Парламент сайлови билан кўмилган тинчлик шартномаси..."

Тожикистон мухолифати ҳайриҳоҳларидан бири ўз Facebook саҳифасида “ Президент Раҳмон парламент сайловлари билан ниҳоят 1997 йилги тинчлик шартномасини гўрга тиқди”, деб ёзди.

The Economist нашри ҳам Қувватовнинг ўлдирилишидан тўрт кун аввал бўлиб ўтган бу сайловларга эътибор қаратади.

Халқаро кузатувчилар, жумладан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, қатор фаоллар сайлов жараёнида қонунсизлик ва сохтагарлик кенг тарқалганини ҳужжатлаштирган.

Интернетда тарқалган видео лавҳаларда бир киши бир неча паспорт билан овоз бераётгани, сайлов қутилари тайёр қоғозлар билан тўлдирилаётгани акс этган.

Бу гал, маҳаллий журналистларга кўра, мулозимлар деярли очиқчасига қонунбузарлик қилишди ва ёки қонунбузарликларни кўриб, кўз юмиб туришди.

Мухолифат ва мустақил номзодларга босимлар ҳам ортиқча “парда”ларсиз амалга оширилди.

Тожикистон ўзининг мустақиллик тарихида эркин ва адолатли сайлов ўтказмаган.

Мамлакатда кечган бирор бир сайлов халқаро кузатувчилар томонидан демократик андозаларга мос деб тан олинмаган.

Аммо ўтмишда сайловларда мухолифатга иштирок изни берилар, бир –икки ўрин қозонишига “кўз юмилар” эди.

Бу гал эса ... беш йиллик қонли фуқаролар урушидан кейин имзоланган тинчлик шартномаси билан ватанга қайтган, қудратдаги ўринларнинг 30 фоизи берилган, асосан исломий мухолифат ҳукумат томонидан деярли мавҳ этилди.

The Economist нинг ёзишича, афтидан президент Раҳмон мамлакатнинг қонли тарихи, ҳали ҳам тўла амалга ошмаган тинчлик шартномасига терс ўгирилган кўринади.

Аммо хавотир шундаки, Тожикистонда мухолифат бутунлай кучсизланиб қолгани йўқ ва улар орасида сабр косаси тўлганлар, зўравонлик бу тузум билан курашишнинг ягона йўли деб ишонганлар бор...

“Группа 24” энди қандай йўл тутади?

"Группа 24" янги раҳбари - Шарофиддин Гадоев
Сурат тагсўзи, "Группа 24" янги раҳбари - Шарофиддин Гадоев

Ташкилот фаоллари марҳум Умарали Қувватов ўрнига унинг издошларидан бўлмиш Шарофиддин Гадоевни сайлашган.

Интернетдаги маълумотларга кўра, Гадоев 30 ёшда ва Умарали Қувватов бошлаган ишни давом эттиришга бел боғлаган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида у «халқни уйғотиш ва Тожикистонда адолатга асосланган ижтимоий сиёсатни барқарор» қилиш йўлида курашишини айтмоқда.

47 ёшда қурбон бўлган устози Умарали Қувватовдан анча ёшроқ, ҳали яхши танилмаган янги лидер «Группа 24» ташкилоти ва ё мамлакатдаги мухолифат учун нималар қилиб бериши аниқ эмас.

Аниғи шуки, Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги мухолифат ва ўзгача фикрловчиларга қарши қатъий курашга бел боғлаган кўринади.

Айниқса, "Группа 24" учун Тожикистонда ҳар қандай фаолият хатарлидир.

Бу ташкилот Тожикистонда давлат тўнтариши содир қилишга уринишда айбланиб, экстремистик ташкилот деб эълон қилинган ва мамлакатда расман тақиқланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02