Президент Раҳмон: "Дунёвий давлатчилик - энг тўғри танлов"

Сурат манбаси, AFP
Мустақиллик куни муносабати билан сўзлаган Президент Раҳмон тожик жамияти учун ягона тўғри йўл дунёвийлик эканини айтган.
Жаноб Раҳмонга кўра, замонавий Тожикистон учун асосий муаммо минтақадаги геосиёсий қарама-қаршиликлар манзарасида кечаётган экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлиб қолмоқда.
"Замонавий дунёда тўпланган тажриба ва тараққиёт яна бир бор дунёвий давлатчилик тўғри ва пухта ўйланган танлов эканини яна бир бор исботлайди. Бугун ушбу ғоянинг ўзи жамият осойишталигининг асосларидан бирига айланди", деб айтган Имомали Раҳмон.
Тожикистон 9 сентябрни Мустақиллик куни сифатида байрам қилади. Аммо, давлат раҳбари иштирокидаги тантанали тадбир одатда бир кун ўтказилади.
Бу йилги байрам исёнкорларга қарши яна бир махсус амалиётлар манзарасида кечмоқда.
'Хиёнаткор' генерал

Сурат манбаси, AP
Айни пайтда Тожикистон Бош прокуратураси Генерал Абдуҳалим Назарзода ва Полковник Жунайдулло Умаровга қарши Жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича иш очган.
Уларга мамлакат Жиноят кодексининг 305-моддаси, (ватанга хиёнат), 307-модданинг 2-банди (экстремист гуруҳ тузиш), 309 - модда (кўпорувчилик) ҳамда 179-модда (террорчилик) бўйича айблов эълон қилинган.
Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги гуруҳ 4 сентябр куни Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларидаги милиция постларига қарши қуролли ҳужумда масъул кўрилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, қуроллилар ҳужумида тўққиз милиция зобити ҳалок бўлган.
Айни пайтда Мудофаа вазири собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ва унинг тарафдорлари Ромит дарасида яширинишган.
Гуруҳга қарши махсус амалиёт Душанбе шаҳридан 150 километрча узоқликдаги Ромит дарасида давом этмоқда.
Тўқнашувларда ҳар икки томондан жами 40 киши ҳаётдан кўз юмгани айтилади.
Аввалроқ, Президент Раҳмон собиқ мулозим Абдуҳалим Назарзоданинг исёнини ўзини "Исломий Давлат" деб атовчи гуруҳ ва глобал террорчиликка боғлаганди.
"Халқаро терроризмга қарши олиб бораётган курашимиз, аслида, мамлакатимиз, мустақиллигимиз, маданиятимиз, тилимиз, миллий қадриятларимиз, халқимизнинг эркин ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишдир", дея хулоса қилади Тожикистон раҳбари.
Байрам нутқида Имомали Раҳмон Абдуҳалим Назарзода ва махсус амалиётни тўғридан-тўғри тилга олмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












