Тожикистон ва минтақага хавф қаердан келади?

Сурат манбаси, AFP Getty
АҚШ давлат котиби Жон Керри Марказий Осиёга сафарини давом эттирмоқда. Керри жанобларининг минтақа раҳбарлари билан учрашувларида кўрилган асосий масала хавфсизлик билан боғлиқ экани айтилади. Аммо минтақага асосий хавф қаердан келади?
Би-би-си мухбири Хайрулло Файз нотинч Афғонистон шимолига яқин минтақа Тожикистоннинг Хатлон вилоятига сафар қилган.
Тожик-Афғон чегарасининг Қуйи Панж минтақасида тинчлик ҳукм сурмоқда, аммо бу ҳам бир қараганда ҳосил бўладиган тасаввур, холос.
Чегарачилар оҳори тўкилмаган янги ҳарбий кийим кийишган, бир қадар хотиржам кўринишарди.
Аммо бу хотиржамлик алдоқчидир, дарёнинг нариги тарафида нотинч Афғонистон...
Афғонистон тарафидаги турфа бинолар, омборхоналар, масжиднинг кўк гумбази ва ҳатто Аҳмадшоҳ Масъуднинг катта суратини Тожикистон чегарасидан кўриш мумкин.
Бундан бир йил аввал ҳам чегарадан юк машиналарнинг кети узилмай ўтиб туришини кузатиш мумкин эди.
Бугун эса чегара ўтиш нуқтаси деярли бўм-бўш.
Афғонистоннинг Қундузи етмиш чақиримча узоқда жойлашган.
Айнан Қундуз бундан бир ойча аввал Толиблар ва Афғон ҳукумат қўшинлари ўртасида қақшатқич жангларга саҳна бўлган эди.
“Кечалари отишма сасларини эшитамиз. Доим ҳушёр ва ҳар эҳтимолга тайёр ҳолатдамиз”, дейди чегарачилардан бири.
Афғонистон тарафида зўравонликлар Тожикистон ва ё минтақа учун янгилик эмас.
Йилларки бу мамлакатда тинчлик йўқ.
Аммо бу гал Марказий Осиё давлатлари ва Россияни хавотирга соладиган бошқа бир омил бор. Қундузда Афғон ҳукумати кучларига қарши курашаётганлар жангарилар сафида Марказий осиёликлар сони талайгина экани айтилди.
“Афғонистондаги жангарилар орасида ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, уйғурлару чеченлар бор”, дейди тожикистонлик мутахассис Қосимшоҳ Искандаров.
“Марказий осиёликлар фақат Афғон ҳукуматига қарши курашни мақсад қилишгани йўқ. Мақсад минтақа ва ҳатто Россияга сизиб кириш ва айнан шу ҳукуматларни хавотирга солмоқда”, дейди у.
Жангариларнинг бу каби эҳтимолий ҳужумларини қарши амаллар ўлароқ Тожикистон ҳукумати чегарадаги қўшинларини мустаҳкамлашга киришди.

Сурат манбаси, EPA
“Биз Афғонистондаги ҳамкасбларимиз билан доим мулоқотдамиз, бирор муаммо чиқса, уларга мурожаат қиламиз ва биргаликда ҳал қиламиз”, дейди Мудофаа вазирлигидан Амиршоҳ Ҳакимов.
Москва ҳам Афғонистондаги жангарилардан хавотирларни асос қилиб, Тожикистондаги 7000 нафарлик ҳарбий ҳозирлигини яна кучайтирди.
Ҳужумчи вертолётлар жўнатди.
Россия президенти Путин ҳам Тожикистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан учрашувда вазиятдан ташвишда эканини айтди.
Москвадаги мулозимлар яна Тожикистон чегараларига ўз ҳарбийларини қайтариш эҳтимоли мавжудлигига ишора қилишди.
“Қўшнинг тинг, сен тинч...”

Сурат манбаси,
Чегарага яқин Қумсангир шаҳарчасида яшовчилар ҳам ташвишда.
“Қўшнинг тинч, сен тинч деган гап бор бизда...Қўшнининг уйида тўполон бўлса, бу сизга ҳам таъсир қилади”, дейди ёши саксонга яқинлашиб қолган отахон.
“Ҳукумат чегарани қўриқлаш йўлида кўпроқ ҳаракат қилиши керак, бу уларнинг иши...Биз бу ерда ҳам нотинчлик бўлишини истамаймиз”, дейди маҳаллий ўқитувчи.
Чегарадан икки соатча машинада юрсангиз пойтахт Душанбега келасиз.
Бу ерда ҳаёт қайнайди.
Аммо аксарият душанбеликлар сўнгги воқеалардан хавотирга тушишган.
Такси ҳайдовчиси Аброрнинг тўрт нафар фарзанди бор, у ҳозирда тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг аъзоси бўлган.
Собиқ Шўро ҳудудида расман рўйхатга олинган ягона Ислом партиясининг тақиқлаб қўйилиши ҳақидаги хабар янгиликларнинг олди қаторига чиқди.
Ислом Уйғониш партиясининг раҳбари Муҳиддин Кабирий, кейинроқ унинг ўғли ҳам “террорчиликка кўмак беришда” айбланди.
Партиянинг четга чиқиб кетолмаган раҳбарлари қамоққа олинди.
Ҳайдовчи Аброр ҳам хавотирга тушган.
“Авваллари соқолим деб тўхтатишса, уларга Ислом Уйғониш партияси аъзосиман деб айтардим. Қўйворишарди. Энди билмадим нима бўлади. Худога шукр, ҳали тўхтатишмади. Ушлаб олишса, мени ҳам террорчига чиқаришлари аниқ”, дейди у.
Сўнгги парламент сайловида Ислом Уйғониш партияси ўрин олишга муваффақ бўлмади.
Шунда ҳам халқ орасида партиянинг тарафдорлари оз эмас эди.
Жамиятда илдиз отган порахўрлик, муҳожирларнинг тақдири ва қатор ижтимоий муаммолар ҳақида мухолифатда бўлган бу партия бонг уриб турарди.
Энди расман фаолиятда бўлган диний партиянинг тақиқланиши радикал гуруҳларга яна бир баҳона яратди.
Мутахассисларга кўра, бу тақиқ жамиятда экстремистик кучларни яна ҳам қувватлантиради.
“Интернет жиҳод”

Сурат манбаси, none
“Одамлар қашшоқ, ҳукумат эса сизга фақат ёлғон гапиради, бу ҳолатда ёш авлод қаерга борсин, кимга дардини айтади”, деб сўрайди исмини очиқлашдан чўчиган ёш журналистлардан бири.
“Ёшларга Тожикистондаги муаммоларни радикал ғояларга қўшиб “едириб” турибди баъзи гуруҳлар...Ким интернетни тўсади? Ким уларга муқобил йўлни кўрсатади?”
Экстремист ғоялар урчиётгани ҳам бор гап.
Май ойида Тожикистон махсус кучларининг юқори лавозимли зобитларидан бири “Исломий давлат” сафига қўшилгани ҳақидаги хабар ҳукуматни бир силкитиб қўйди.
Бу хабар яшин тезлигида, асосан мамлакатнинг энг чекка қишлоқларига қадар кириб борган мобил интернет орқали тарқади.
Гулмурод Ҳалимов Сурияда ўз ақидаларича жиҳод қилаётган юзлаб тожикистонликлар сафига қўшилди.
Тожикистонлик жангарилар тез-тез ижтимоий тармоқлар орқали ўз тарғиботларини ёйишади.
Суриядаги ҳаётлари қанчалар яхшилиги ва маошлари билан мақтанишади.
Сентябр ойида эса Мудофаа вазирининг ўринбосари ҳукуматга қарши қуролли исён кўтаргани хабар қилинди.
Ўнлаб инсонлар қурбон бўлди.
Ҳукумат айни қуролли исённи режалаш ва ташкиллаштиришда Ислом Уйғониш партиясини айблади.
Бу айбловларга ишонганлар ҳам, ишонмаганлар ҳам оз эмас.

Сурат манбаси, you tube
Бутун мамлакат бўйлаб Жума намозларида Муҳиддин Кабирий ва у раҳбарлик қилган партияга қарши ваъзлар ўқилмоқда.
Тожикистон вилоятлари, жумладан Афғонистон билан чегара минтақаларида ҳаёт яна оғирлашмоқда. Қиш қаҳратони яқинлашиб келар экан, электр энергиясига чеклов ўрнатилган.
Тожикистонликлар асосан Россияда ишлаётган муҳожирларнинг пулига кун кўриб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Аммо Россия рублининг қадри тушиб кетиши билан аксарият муҳожирларнинг нони яримта бўлди.
Ватанга жўнатиладиган маблағлар ҳам кескин озайди.
Ғолиб Баротов ўғли Эҳсон билан икки ой аввал Россиядан қайтишганди.
Тожикистонда ҳам ишласа бўлар деган умид бор эди.
Аммо икки ой ишсизлик ва пулсизлик бу оилани қийнаб қўйди.
‘Ҳеч Россияга боргим йўқ, ўғлимни ҳам боришини истамайман, мен кўрган қийинчиликларни кўрмасин...Аммо бошқа илож қолмади”, дейди Ғолиб Баротов.
Бутун Тожикистонда миллионлаб Ғолиб ва Эҳсонлар бор.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












