Қирғизистонда эшак гўшти атрофида машмаша

Сурат манбаси, Reuters
Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва мамлакат шимолидаги шимолидаги Чуй вилоятида "эшак гўшти машмашаси" кўтарилган. Бугун матбуот йиғинида маълум қилинишича, Бишкек атрофидаги Манас қишлоғида эшак гўштини Гонконг учун тайёрлайдиган корхона чиндан ҳам мавжуд ва бу корхона раҳбарларига кўра, у қонуний йўлда очилган. Лекин "эшак гўшти ошхонларга ҳам тарқатилиши мумкин экан" деган овозалар матбуот ва ижтимоий тармоқларни ташвишга солган. Бишкеклик мухбиримиз Тўлқинбек ТУРДИБОЕВ инсонларнинг бунга муносабатини ўрганган.
Бишкекда харидорлар эшак гўшти туфайли озиқ-овқатидан гумон қилмокдалар.
Эшак гўшти ҳақида хабарлар ҳали тасдиқланмаган ва ўрганилаётган пайтда, айниқса, пойтахт Бишкекдаги ижтимоий овқатланиш жойларида харидорлар таомларни жуда эҳтиёткорлик билан танлаб қолишган. Эшак гўшти бозорларда сотилиши ҳам эҳтимоли бор деган баъзи оилалар энди музлатгичларидаги гўштдан ҳам гумон қилишмоқда. Аҳолисининг аксари мусулмонлардан иборат Қирғизистонда энг аввало ҳалол гўшт истеъмол қилинади. Шаҳар ошхона-ресторанларида эшак гўшти сотилаяпти экан деган овоза гаплар шу кунларда у ерга аввалдан келиб юрган харидорлар сонига ҳам жиддий таъсир қилган.
Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган чойхонага қарашли сомсахона атрофида одатда турнақатор навбатга турадиган харидорлар машмаша бошланиши ортидан ғойиб бўлишган.
Сомсахонадаги ишчилар аввалига харидорлар тўсатдан камайиб қолганлиги сабабини била олмай ҳайрон бўлганини айтади.
Кейин эса эшак гўшти тўғрисида оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларни эшитишган.
Пойтахт Бишкекда озиқ-овқатларни таклиф қилган энг йирик савдо маркази бўлган Ўш бозорида гўшт савдогарлари хавотирда. Улардан бирининг айтишича, эшак гўшти ҳақидаги миш-миш гаплар тарқалиб бошлаганидан сўнг, бозордаги гўшт расталарида харидорлар оқими сезиларли даражада камайган.
Бозорлар ва дўконларга келган одамлар: "Бу нима гўшт ўзи?» деб одатдагига қараганда кўпроқ сўрашган.
Би-би-си Бишкек идорасига яқин жойлашган ошхона айвонини тўлдириб ўтрадиган хўррандалар ҳам кўринмади.
Хўррандаларни кутиб оладиган маъмур йигит эса, "одамлар кўпми", деган саволимга ғамгин табассум билан:
«Йўғ-эй, ака! Ўзингиз ҳам барини кўриб, тушуниб турибсиз-ку», - дея жавоб берди.
Шаҳарнинг бошқа ўнлаб ошхона ва ресторанлари раҳбарлари ҳам кўплаб мижозларини йўқотиб, бошлари қотган.
Пойтахтдаги чойхоналарнинг бирида маъмур бўлиб ишлаган Тоҳир исмли ёш йигит ғазабини яширмайди:
«Ҳеч тасдиқланмаган овоза гапларни шунчалик кенг тарқатишга ҳожат бор эдимиди? "Таомлар танланг", деб ким билан гаплашма, кўзларида аллақандай гумон сезилади. Баъзилари эса, тўғридан тўғри: «Бу қандай гўшт ўзи, қаердан олдинглар? Эшак гўшти эмасми?» - деб сўраяпти. Биз шундай нотўғри маълумотлар туфайли харидорларимиздан ажралиб қолишни истамаймиз. Гўштни фақат ишончли, ўзимиз яхши таниган қассоблардан синчиклаб текшириб оламиз. Гумон қилишга ҳеч асос йўқ», дейди Тоҳир.
Эшак гўшти сотилиши ҳақидаги текширилмасдан тарқатилган хабарлар аксарияти мусулмонларни ташкил қилиган аҳолини саросимага солиб қўйган.
Пойтахт Бишкек кўчаларида, қолаверса, ижтимоий тармоқларда «эшак гўшти можароси» энг муҳим мавзуга айланган.
«Узун қулоқ» ҳикоя
- Менинг эшак боқиладиган фермамдан бир грамм ҳам гўшт ҳеч бир чойхона ва ё кафега берилмаган, - дейди «Кай-Тал» хўжалиги раҳбари Алмаз Такирбошев матбуот анжуманида. Унинг фермаси эшак гўшти ишлаб чиқаради.
Алмаз Такирбошевнинг айтишича, гўшт музлатилган ҳолда ўртадаги шартнома асосида Хитойга етказилади.
Тадбиркорга кўра, эшак гўшти ишлаб чиқариш ва уни ҳайвонот боғларига сотиш - қонуний амалга ошириладиган катта бизнес.
Қирғизистонда шу иш билан шуғулланадиган корхона ва ширкатлар бундай гўштни мусулмон бўлмаган давлатлар - Хитойдан тортиб, Жанубий Америкага қадар етказиб беришади.
Айтилишича, ҳайвонот боғларидаги йиртқичлар ана шу эшак гўшти билан боқилади.
- Мазкур гўшт қонуний ишлаб чиқарилади. Олдинроқ, Қирғизистон Миллий телерадиоширкати журналистлари тарқатган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Бизнинг ушбу бизнесимиз етарли даражада даромадли ва ҳеч қандай хомашё қолмайди. Чунки, эшак гўшти хорижга юборилади. Сизлар (телевидение орқали) кўрган сўйилган ҳайвон калласи ва туёқларини фермер хўжаликлар ўз мақсадларида, жумладан итларини боқиш учун олиб кетишади, - дейди чорвадор Алмаз Такирбошев.
Унга кўра, можарога сабаб бўлган кўрсатувда бирон бир жамоат ошхонаси аниқ манзили тилга олинмаган. "Чунки, бундай ҳодисанинг ўзи бўлмаган", дейди тадбиркор.
Эшак гўшти фақат экспорт учун
Шошилинч маълумот тарқатган Ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекцияси матбуот хизмати эса, "Хитойга музлатилган ҳолда эшак гўшти етказиш" юзасидан шартномалари мавжудлигини даъво қилган "Кай-Тал" ширкатида тегишли рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар йўқ»лигини айтган.
Ушбу идоранинг айтишича, мазкур хўжалик расмий ҳужжатларсиз эшак гўштини хорижга чиқаришга ҳаққи йўқ ва «Кай-Тал» шахсий корхонасининг биронта ҳужжатлари давлат инспекциясида қайд этилмаган.
Бунга жавобан корхона раҳбари Алмаз Такирбошев эшак гўштини расмий экспорти билан Solax Trading LTD дея номланган бошқа бир ширкат шуғулланиши, улар фақат маҳсулот етказишларини айтган.
Аҳоли хавотирлари ва текширувлар
Ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги бўйича давлат инспекцияси ҳозир махсус комиссия ташкил қилган. Тегишли идоралар мутасаддилари эса, пойтахт Бишкек билан мамлакат шимолидаги Чуй вилоятида текширув ўтказишга буюрилган.
Кейинроқ, барча вилоятлардаги тегишли корхоналар ва савдо марказлари текширилади.
Аввалроқ, маҳаллий аҳоли шикоятларидан сўнг, Қирғизистон Миллий телерадиоширкати мухбирлари Манас қуналғаси яқинидаги қишлоқлардан бирига бориб, эшак гўштини ишлаб чиқарувчи корхонани тасвирга олишган.
Кечда ҳавога узатилган лавҳада бир неча биноларда сақланаётган эшак гўштлари акс этган.
Лавҳада ушбу гўшт маҳсулотлари маҳаллий ошхоналарга етказилаётганлиги даъво қилинганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












