'Ойкўл' чегара масканидаги отишма ёпиқ муҳокама этилади'

19 январда Қирғизистон парламентининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси ўтган ҳафта охирида Боткен вилоятиданинг "Ойкул" чегара постида руй берган отишмани ёпиқ равишда муҳокама этишга қарор қилган.
Қўмита раиси Алмазбек Ботирбеков мазкур воқеа тафсилотларини журналистларсиз қараб чиқиш тўғри бўлишини айтган.
Олдинроқ Қирғизистон Қуролли кучлари Бош қароргоҳи қирғиз-тожик чегарасида содир этилган можарони ўрганишни ўз назоратига олаётганлигини эълон қилганди.
Тергов амалиётларини Боткен гарнизонига қарашли ҳарбий прокуратура ва вилоятнинг Ички ишлар бошқармаси биргаликда юритмоқда.
Қирғизистон Чегара хизматининг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимига биноан, тергов мобайнида ушбу можарога чегара маскани ходими бевосита алоқаси бор эканлиги аниқланган ва у ўқ отадиган қурол қўллаганлигини тан олган.
Расмий маълумотга мувофиқ, ҳамкасбларига қарата ўқ узган ҳарбий сўроқ бермоқда ва яна алоқаси борлиги тахмин қилинган бошқа ходимларнинг ҳам ҳаракати ўрганилмоқда.
Мулозимлар билдиришларича, 17 январ тунида Боткен вилоятининг Лайлак чегара кисмига карашли "Ойкул" постига куролли ҳужум қилинган. Натижада маскан бошлиғи ҳалок бўлган ва яна икки чегарачи жароҳатланган.
Олдинроқ, Қирғизистон хукуматининг чегара масалалари бўйича масъули Қурбонбой Искандаров бу ҳодисага "Тожикистон томонидан бирор шахс ёки идораларнинг алоқаси бор" деган тахминларни катъий рад этган ва "бу фақат давлатнинг ички ишларига боғлиқ жиҳат", эканлигини таъкидлаган.
Сўнгги бир кун давомида қирғиз-ўзбек чегара чизиғининг Жалол-Обод вилоятидаги Ола-Буқа туманида ҳам отишма содир этилган ва оқибатда Ўзбекистон фуқароси яраланган.
Қирғизистон Чегара давлат хизмати расмийларига кўра, "Кук-Серек" чегара масканига яқин ҳудудда отишма юз берган. Қирғиз-ўзбек чегарасининг шу ҳудуддаги кисмини қўриқлаётган Қирғизистон чегарачилари Ажек номли жойда Ўзбекистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган учта куролли шахсларга дуч келганлар. Номаълум кишилар овчилик милтиқларини ташлаш ҳақида чегарачилар талабига буйсунмаган ва шу билан бирга уларга карата ўқ узганлар.
Расмий хабарда таъкидланишича, Қирғизистон чегарачилари жавобан ўт очганда, овчилар дея тахмин қилинганлардан бири жароҳат олган. Яна икки шахс эса ортга караб қочган пайти уларни Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳудудида қўлга туширганлар.
Мулозимларга кўра, жароҳатланган ўзбек фуқаросига қирғиз томонида тиббий ёрдам кўрсатилган ва у можаро жойида олинган учта милтиқ билан бирга ўзбек чегарачиларига топширилган.
Айни пайтда мазкур ходисалар содир этилган худудларда чегарачилар фаолияти кучайтирилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












