Ўш аҳолиси ҳамон газсиз қолмоқда

 "ЎзТрансГаз" ширкати 14 апрелида Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "ЎзТрансГаз" ширкати 14 апрелида Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатган.
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Ўш, мустақил журналист

Бир ҳафта аввал ўчирилган газ, шаҳар аҳолисига қатор ноқулайликларни яратмоқда. Расмийлар эса, муаммони ҳал этиш мақсадида сўзлашувлар олиб борилаётганини айтиш билан чекланмоқдалар.

Республиканинг жанубий ҳудудларини газ билан таъминловчи қўшни Ўзбекистоннинг "ЎзТрансГаз" ташкилоти жорий йилнинг 14 апрелида Ўш вилоятига зангори олов беришни тўхтатган.

Ўш шаҳар газ бошқармасининг маълумотига кўра, газнинг тўхтатилиши йилнинг биринчи чорак келишувининг муддати тугагани билан боғлиқ, янги келишув эса, Россиянинг "ГазПром" ташкилоти билан тузилиши керак.

Шу йилнинг 10 апрелида Россиянининг "ГазПром" ширкати "ҚирғизГаз"ни бир долларга сотиб олган. Ўша куннинг ўзида президент Алмазбек Атамбаев билан учрашган "ГазПром" раҳбари Алексей Миллер келажакда Қирғизистоннинг газ тармоғини ривожлантириш йўлида йирик сармоя ётқизилажагини айтган.

""ҚирғизГаз"нинг 40 миллион доллар қарзини яқин 5 йилликда тўлаб, келажакда Қирғизистоннинг газ тармоғини ривожлантириш учун 600 миллион доллар сармоя жалб этишни режалаштираяпмиз" - деб айтган жаноб Миллер.

17 мартда Талас вилоятига расмий иш сафари билан борган президент Алмазбек Атамбаев халқ билан учрашув чоғида "Газпром"дан умид катта эканлигини маълум қилди.

"ГазПром" бизга келиб яхши бўлди. Республикамизнинг газ йўқ ерларига, Бишкекнинг атрофи бўладими, бошқа шаҳарлар бўладими, газни етказиб бераман деяпти Миллер. Энди халқимиз уйини иситишда газдан кўпроқ фойдаланса, ўшанда электр энергиясини озроқ ишлатиб, сувдан унумли фойдаланиб қоламиз" - деди Атамбаев.

Ўзбекистондан олинувчи газни Ўшга қайта етказиш бўйича шу кунларда икки тарафлама сўзлашувлар олиб борилаётганини Қирғизистон энергетика вазири Ўсмўнбек Артиқбаев айтар экан, сўзлашувларда Россиянинг "Газпром" ташкилоти ҳам иштирок этаётганини қайд этди. Бироқ, вазир сўзлашувлар қачон ниҳоясига етиб, аҳолини қайта газ билан таъминланиш муддатини очиқламади.

Ўш шаҳар фуқароси Назокат Абдукаримова бир ҳафтадан бери газнинг йўқлиги сабаб, овқатни электр плитасида ёки ўчоқда пишираётганини айтади.

"Овқат қилиш учун ҳар доим газдан фойдаланамиз. Газ ўчганига мана бугун бир ҳафта бўлди. Биз учун ноқулай бўлаяпти. Раҳбарларимиз бу муаммони тезроқ ҳал қилиб берса деймиз" - дейди Назокат Абдукаримова.

Жорий йил бошида "ҚирғизГаз" ташкилотини Россиянинг "ГазПром" ташкилотига сотиш бўйича қонун лойиҳаси Қирғизистон Жўғўрқу Кенгашида муҳокама этилиб, депутатлар қўлловидан сўнг президент Алмазбек Атамбаев ҳузурига юборилган ва 10 апрелда президент қонун лойиҳасига имзо қўйган.