Тожикистондаги мухолифатчи деразадан ўзини ташлаган

Тожикистон ахборот воситалари хабар беришича, Ислом уйғониш партияси фаоли Умкджон Тожиев Исфара шаҳар Ички Ишлар бўлимида учинчи қаватдан ўзини ташлаб қочмоқчи бўлган.
Ушбу хабарни Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлаган.
Умеджон Тожиев 30 октябр куни маъмурий қонунбузарлик - милиция ходимларига буйсунмаслик айби билан ўн кунга ҳибсга олинган.
Шунингдек, фаолга "жиноий гуруҳни тузиш" моддаси бўйича жиноий иш очилган.
Хабарларга кўра, Тожиев сўроқ қилингандан кейин учинчи қаватдан ўзини ташлаб юборган ва оёғидан жароҳатланган.
У милиция ходимлари томонидан касалхонага етказилиб, биринчи ёрдам кўрсатилгани айтилмоқда. Журналистларнинг Тожиевга нисбатан жисмоний ва руҳий босимлар ўтказилдими, деган саволларига тергов ходимлари "бундай усул ҳеч қачон қўлланилмаслиги"ни билдиришган.
Айни пайтда Тожиевнинг тергов жараёнида иштирок этганлар билан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Тожиевнинг ҳимоячиси эса ундан қийноқлар остида қилмаган жиноятини тан олишга мажбурлашганини айтади.
Шу билан бирга фаолларда Тожиевни деразадан ташлаб юборган бўлишлари мумкинлиги ҳақида тахминлар бор.
Исломий партия аъзолари ҳодисани текшириш ниятидалар.
Улар сайловга яқин қолар экан ўзларига нисбатан Исфарада босимлар янада кучайганини билдиришяпти.
Тожикистон Исломий партияси мамлакатдаги асосий мухолиф кучлардан ҳисобланади. Партия сафида 50 мингга яқин киши бор.
Ислом уйғониш партияси 1990 йилларда Тожикистонда ислом давлати тузиш чақириғи билан чиққан Абдулла Нурий томонидан тузилган.












