Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ретрансляторини нега текширишди?

Қирғизистон матбуотининг хабар беришича, Ўзбекистон чегарачилари чегара ҳудудидаги Унгор-Тепада жойлаштирилган ретрансляторни келиб текширишган.

Айни вақтда Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўкўн Мамитов Ўзбекистон томони бу ретрансляторни олиб ташлашни талаб қилганлигини рад этди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги баъзи Интернет ахборот саҳифалари Ўзбекистон Радио Тўлқинлар Давлат Қўмитаси Қирғизистон томонини икки томонлама эришилган битимларни бузишда айблаганлигини хабар беришганди.

Хабар берилишича, Ўзбекистон томони ушбу ретрансляторнинг ҳаттоки Ўзбекистон ҳудудида ўрнатилганлигини даъво қилиб, уни бузиб ташлашни талаб қилган.

12news.uz вебсаҳифасининг хабар беришича, Давлат Қўмитаси Қирғизистонни бу ретрансляторни Наманган вилоятининг Унгор-Тепасида 2007 йили ҳеч қандай рухсатсиз қурганликда айблаган.

Қирғизистон Бош Вазири муовини Ўзбекистон чегарачилари Унгор-Тепадаги ретрасляторни тикучарда келиб текширганликларини тасдиқлаган.

Қирғиз расмийсига кўра, тикучарда етиб келган тахминан 15 нафар чегарачи нима учун икки томон ўртасидаги чегарлар аниқланмаган ҳудудда ретраслятор ўрнатилганлигини билиш учун келишган холос.

"Улар бирон кишига "Қўлингни кўтар", деб ҳайқириб, қурол-яроғ ўқташмаган. Ўзбек чегарачилари фақат ўша ретранслятор станциясида ишлаётган ходимлардан уларнинг исм-шарифларини сўраб, ёзиб олган. Ҳамда улар нима сабабдан давлатлараро чегарадаги ўзаро тасдиқланмаган ва маъқулланмаган қисмида Қирғизистон станцияси жойлашганлигини ойдинлаштиришга ҳаракат қилишган. Маҳаллий ходимлар эса, бу станция шу ерда собиқ Совет Иттифоқи даврида ўрнатилиб, ўша пайтдан буён хизмат қилаётганлигини айтишган", - деди Қирғизистон ҳукумати мулозими.

Расмий Бишкекнинг билдиришича, айни дамда Қирғизистон Ташқи Ишлар Вазирлиги, Давлат Чегара Хизмати ва ҳукумат вакиллари бу борада Ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар юритишмоқда.