Краснодар: Муҳожирларни қувиб чиқаришни казаклар ўз қўлига олган

Би-Би-Си ўзбек хизмати билан Россиянинг Краснодар ўлкаси Анапа шаҳридан ўзбекистонлик меҳнат муҳожири мулоқотга чиқиб, маҳаллий казаклар жамоаси уларни тазйиқ остига олаётгани ҳақида айтди. Исмини ошкор этмасликни сўраган ўзбекистонликка кўра, охирги ойларда казаклар муттасил рейдлар ўтказиб, муҳожирларни ёппасига тутиб депортация қилиш ҳаракатларида иштирок этмоқдалар.
Маҳаллий матбуотда эса, "Казакларга раҳмат, бизнинг соҳиллармизни муҳожирлардан тозалаб беришди" қабилида мақолалар пайдо бўлган.
Анапа тумани Казаклар жамияти дружинаси командири Владимир Савинскийнинг Би-Би-Сига айтишича, Краснодар ўлкасида ҳозирда полиция ва миграция хизмати ходимлари билан биргаликда ноқонунуий муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Аммо, унга кўра, бу қонунга бўйсунилган ҳолда ўтаяпти.
"Рейдларни ўтказиш вақтида ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмайди. Ноқонунуий муҳожирлар аниқланган вақтда тегишли миграция ё полиция бўлимига юборилиб, тегишли иш очилади. Ва агарда улар депортация қилиниши керак, деган хулосага келинса, иш маҳкамага оширилиб, тегишли ҳум чиқарилади. Ана шу аснода ўтган ойнинг ўзида маҳкама қарорига асосан, қонуний йўлда 36 кишига яқин муҳожир депортация қилинди," - дейди у.
Унинг айтишича, депортация қилиш қарори ноқонунуий асосда яшаш, рўйхатдан ўтмаганлик, Россия Федерацияси қонунларига риоя қилмаслик ёки уни бузиш каби омиллар асосида қабул қилинади.
Казаклар кучаймоқда
Жаноб Савинскийнинг "қонуний" сўзини қайта-қайта такрорлашига қарамай, минтақадан келаётган хабарлар вазиятнинг аксини исботламоқда. Казаклар дружиналари қурилишларга кириб бориб, муҳожирларни дўппослаши, иш жойидан ҳайдаб чиқариши ҳақида хабарлар олинмоқда.
Бироқ, суҳбатдош: "Айнан биз ўтказган рейдлар мобайнида бу каби ҳодисалар юз бермаган," - деб иддаоларни рад қилди. У, шунингдек, Би-Би-Си тингловчисининг казаклар муҳожирларга 1 октябрга қадар минтақани ташлаб чиқишга мухлат берганини "кулгили" деб атади.
Айни дамда Ғарб бизнес доираларида нуфузли Financial Times рўзномаси яқинда Россия казаклари ҳақида мақола чоп этганди. Краснодар минтақасида казаклар ҳаёти билан танишиб қайтган мақола муаллифи уларнинг маданияти қайта тикланиб, ҳарбий куч ва миллий ғояларни тарғиб қилувчи ҳаракат сифатидаги мавқелари кучайиб бораётгани ҳақидаги хулосага келган.

Бу эса миллатчилик ва ксенофобия кучаяётган манзарада рўй бермоқда.
Ўтган йили ўзи ҳам казаклардан бўлган Краснодар ҳокими Александр Ткачев мингга яқин казакларга полиция билан биргаликда ноқонунуий муҳожирлар, жиноятчилик ва спиртли ичимликларга қарши курашда иштирок этишларига рухсат берган. Краснодар Россия бўйлаб бу каби хизмат учун казакларга ҳақ тўлайдиган ягона вилоятдир.
"Ҳатто подваллар"ни босиб кетган муҳожирлар
Мақола муаллифига кўра, Сочидаги Қишки Олимпия Ўйинлари олдидан казаклар ёрдамига айниқса кўп аҳамият берилмоқда. Улар ҳибсга олиш ҳуқуқига эга эмаслар, аммо пневматик тўппонча ва ҳипчин олиб юришлари мумкин, дейилади мақолада.
Россия матбуоти ҳам Сочида келгуси йил февралида ўтказилажак Олимпиада ўйинларидан аввал ўйингоҳлар қурилиши тугаганидан сўнг минтақада қолаётган муҳожирларни аниқлаш учун махсус комиссия тузилгани ва бу комиссия аъзолари деярли уйма-уй юриб, меҳнат муҳожирларини излаётгани ҳақида хабар бермоқда.
Минтақа раҳбарлари бир неча маротаба қурилиш ишлари тугаганидан сўнг муҳожирлар ортга қайтишлари кераклигини таъкидлашган. Россия матбуоти Краснодар ҳокими Александр Ткачевнинг юз минглаб муҳожирлар бозор, қурилиш, квартира ва ҳатто подвалларни босиб кетганлиги ҳақидаги сўзларини келтирган.
Краснодардаги "Умид" ўзбеклар жамияти раҳбари Тожиддин Нурматовнинг тасдиқлашича, Краснодарда ноқонунуий муҳожирликка қарши кураш кетмоқда. Унинг айтишича Олимпиада учун солинаётган иншоотлар қурилиши ва у қурилишда ишлаш муҳлати ҳам ниҳоясига етай деб қолди.
"Ҳозирда бу ердан кетган маъқул. Чунки қурилиш ишлари тугаяпти ва уларга иш берган ташкилот ҳар қандай вақтда битимни бузиши мумкин. Олимпида яқинлашиб келмоқда, ҳозир ҳамма эътибор ва чоралар шунга қаратилган," - дейди у.
Жаноб Нурматов муҳожирларни казаклар дўппослагани ҳолати рўй берганини тасдиқлади. Бироқ, у казаклар атамани билан бу борада суҳбатлашгани, ва атаман мазкур дўппослаш ҳоли маиший сабаблар асосида келиб чиққани, ҳамда айбдор казаклар сўнгра хипчин билан савалаш орқали жазоланганини билдирган.












