Атрофдаги ўзбеклар: Туркманистон

Буюк туркман элини яратиш марҳум Туркманбоши даврида бошланган
Сурат тагсўзи, Буюк туркман элини яратиш марҳум Туркманбоши даврида бошланган

Туркманистон шимол-шарқидаги Чорджўй ва Тошҳовуз вилоятларида ҳар вақт ўзбекларнинг мавқеи ҳам, сони ҳам баланд бўлган.

Бир неча юз минг кишилик ўзбеклар аксар Бухоро, Хоразм ва Қашқадарёга яқин воҳаларда, Амударёнинг жанубий соҳилларидаги зироат ерларида яшашади.

"Биз Тошҳовўзда ўзбекча гапирамиз, рухсат бор" - дейди Оврўпода ўқиётган туркманистонлик ўзбек талаба қўрқа-писа - "Аммо бошқа жойларда бу қийин. Ўзбекча гапиришга рухсат йўқ".

Шу ерда суҳбатдошим гапини лўнда қилади: "Биласиз, мен ҳали Туркманистонга қайтишим керак".

'Нотўғри' миллат

Туркманистон чегарасига яқин яшовчи ва баъзан тўй-маъракага ўтиб-қайтиб турадиган хоразмлик танишим аллақачон Туркманистондаги қатор ҳудудларда ўзбек аёлларига жамоат ва давлат жойларида атлас киймаслик ҳамда сочини қирқкокил қилмаслик буюрилганини айтади.

"Ўзбек аёллари ҳам туркманча кўйлак кийишлари, сочларини иккита ўришлари керак. Эркаклар бошида эса фақат туркманча дўппи бўлиши шарт" - дейди ўз қариндошларидан мисол келтириб бу танишим.

Туркманистондаги ҳақиқий ҳаёт ҳақида тасаввурлар анча кам, чунки мамлакат ўта ёпиқ
Сурат тагсўзи, Туркманистондаги ҳақиқий ҳаёт ҳақида тасаввурлар анча кам, чунки мамлакат ўта ёпиқ

Бир қарашда бу гаплар миш-мишдек туюлади. Чунки дунёнинг энг мустабид яккаҳоким тузумларидан бири бўлмиш Туркманистонда яшайдиганлар ҳам, онда-сонда у ерга бориб турадиганлар ҳам исмларини ошкор этишдан қаттиқ қўрқадилар.

Туркманистонга бир неча бор иш билан борган туркиялик танишим ҳам ўз исмини бермаслик шарти билан бошқалар айтган фикрларни тасдиқлайди.

"У ерда ўзбеклар ва тожиклар аҳволи жуда ёмон. Ўз миллий кийимлари, мусиқа ва ё маданиятларини кўз-кўз этаверишларига тоқат қилинмайди" - дейди Марвда бўлган танишим.

Ўзбекистоннинг Урганч шаҳрида яшовчи фаол Ҳайитбой Ёқубов эса ўтган суҳбатларимиздан бирида Туркманистон ўзбеклари тушган бугунги аҳвол илдизларини Марказий Осиё мамлакатлари янгидан мустақил бўлган йилларга боғлаганди.

"Ўшанда Туркманистон ўзбеклари зич яшовчи минтақаларда ўзбеклар мавқеи баланд эди, кўплаб катта-кичик раҳбарлар бор эди. Бундан хавотирга тушган марҳум Туркманбоши уларни таъқиб қилишни бошлаган" - дейди Тошҳовўзга яқин яшовчи хоразмлик фаол.

Фаолларнинг айтишича, ёзилмаган миллий сиёсатга мувофиқ кичик раҳбарлик лавозимлари ҳам "етакчи" миллат вакилларига берилади. Шу асно айрим ўзбеклар миллатларини ўзгартириш босими остида қолишган.

Ашхобод ҳадиги Тошкентми?

Марҳум Туркманбоши даврида ўзбек миллатига мансуб мамлакат муфтийси қамоққа ташланганди. У узоқ йиллардан кейин Президент Бердимуҳаммедов давридагина озод қилинди.

"Бу ҳам қандайдир Ўзбекистонга ижобий ишора эди" - дейди хоразмлик фаол.

Президент Бердимуҳаммедов аҳён-аҳён телевизор орқали халққа жилмайиб, ўз кулгусини бахш этиб туради
Сурат тагсўзи, Президент Бердимуҳаммедов аҳён-аҳён телевизор орқали халққа жилмайиб, ўз кулгусини бахш этиб туради

Негаки, мустақиликка эришиш ортидан Ашхобод қўшни Тошкентга нисбатан ўз ишончсизлик ва хавотирларини яшириб ўтирмаган. Бунинг устига, у ердаги иккинчи йирик миллат бўлмиш ўзбеклар ҳам Туркманистон раҳбариятини ҳадикка солгани айтилади.

Ҳойнаҳой, Туркманистон ўзбекларида эҳтимолий бўлгинчилик кайфияти юзага келиши ва ё Ўзбекистоннинг бирон даъво билан чиқиши қўрқитган бўлиши мумкин, дейишади ўз исмини ошкор этишни истамайдиган таҳлилчилар. Чунки Туркманистоннинг ўзбеклар зич яшовчи вилоятлари Ўзбекистонга туташ.

"Ўзбекистон ўша пайтда бутун минтақадаги етакчи давлат эди ва кўплар Ўзбекистонга ҳам ҳавас ва ҳам хавотир билан қарашарди" - дейди хоразмлик суҳбатдошим.

Туркманбоши қўрқувлари асоссиз эди. Негаки Ўзбекистон ташқаридаги ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўз вазифаси эмаслигини намоён этадиган сиёсат йўлини танлаганди.

Лекин буни англагунча ҳам Туркманбоши ўзбек-туркман чегараларида симтўр тортишни бошлади ва Ўзбекистон билан ўртада виза тизими жорий этди.

Мазкур амалларга Тошҳовўз ва Чорджўйда ўзбеклар зич яшаши сабаб бўлган, деб кўпчилик қатъий ишонади.

Кейинроқ эса гўё Сапармурод Ниёзов жонига қасд қилиш ниятидаги Туркман мухолифати раҳбарининг Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиб келгани ҳақидаги Ашхобод иддаоси бу икки қўшни давлат муносабатларини музлатиб ташлади.

"Аммо айни ишлардан у ердаги ўзбеклар энг кўп азият чекишди" - дейишади фаоллар - "Негаки, ўзбеклар зимдан Ўзбекистонга хайрихоҳ деган хавотир туркман раҳбарлари кўнглидан кетмаганди".

Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам бир-бирини айланиб ўтадиган темир йўллар қуришмоқда
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам бир-бирини айланиб ўтадиган темир йўллар қуришмоқда

Ўзбекистон ўзбеклари билан қариндошчилик алоқаларини тутиб туришни истамаслик Ашхобод сиёсатида яширин ҳам эмасди.

Ҳатто чегаранинг ўзбек тарафидан келин бўлиб тушиб борган ўнлаб ёш аёлларни оиласи, эри ва болаларидан узиб, Ўзбекистонга чиқариб юбориш ҳоллари ҳам учради.

Улар кўп ҳолларда кимга ўз додини айтишни билишмасди. Негаки, Ўзбекистон айни муаммолар билан жиддий шуғулланнишга раъй кўрсатгани кенг оммага маълум эмас.

Темир йўл сиёсати

Ўзбекистон транспорт мустақиллигига эришиш ниятида Туркманистон орқали Тошкентни Термиз билан улайдиган темир йўлини ўз ҳудуди орқали ўтказди. Туркманлар эса Бухоро орқали Қозоғистонга чиқадиган темир йўл ўрнида энди Ғарбий Устюрт орқали бевосита Қозоғистон билан уланадиган поезд йўли ётқизишмоқчи.

Ўртадаги виза тизими боис қариндошлар ҳатто тўй ва ё азага боришга ҳам қийналишларини айтишади. Амударё эса баъзилар учун нариги соҳилига кечиш мушкул наҳрга айланди.

"Расман чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли учун визасиз ўтиб-қайтишга рухсат бор" - дейди хоразмлик суҳбатдошларимдан бири - "Бироқ чегаралар кутилмаганда ёпилиб қолаверади ва бу икки давлат фуқаролари ҳар доим ҳам қоғозлардаги мавжуд ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишга қодир бўлолмайдилар".

Хуллас, қайсидир маънода Ўзбекистондан "чирт" узилган Туркманистон ўзбеклари энди Бухоро ё Урганчга эмас, балки узоқдаги Ашхободга қатнашга мажбур бўла бошладилар.

Бу ўз ҳудудида миллий масала мавжудлигини истамайдиган Туркманистон учун ўнғай вазият эди.

Ҳамма бир хил кийиниши керак
Сурат тагсўзи, Ҳамма бир хил кийиниши керак

Четдаги ўзбеклар муаммоларини ҳар вақт улар яшайдиган мамлакатнинг ўз ички иши, дея кўриб келадиган Ўзбекистон учун ҳам айни воқелик хавотир уйғотган кўринмасди.

Қолаверса, Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ икки-учта мамлакатидан бири бўлиб қолмоқда. Шу даражада ёпиқки, ҳатто муайян воқелик мавжудлигини эҳтимолга яқин тутишнинг ўзи баъзида имконсиз.

Улкан Қорақум саҳросини эгаллаган, аҳоли ўта сийрак ва ҳатто Марказий Осиёдан ҳам қайсидир маънода узилиб қолган Туркманистондаги ҳаётга теранроқ боқиш имкони деярли мавжуд эмас.

Мамлакатга борган яккам-дуккам сайёҳлар ҳақиқий ҳаёт билан таниша олмайдилар, четдан келганлар билан суҳбатлашадиган оддий инсонлар "сиёсатга тўғри келмайдиган бирон гап" айтиб қўйишдан қўрқувда.

Ташқарига туйнукдек очилган туркман телеканалларида эса бир манзара: Сочлари иккита ўрилган, узун куйлакдаги аёллар ҳамда туркманча дўппи кийган эркаклар.

Ва ниҳоят, аҳён-аҳён телевизор орқали халққа жилмайиб, ўз кулгусини бахш этиб турадиган кўп қиррали президент.