Сергей Собянин: 'Иш ўринлари аввало россияликлар учун бўлиши керак'

Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг кўплари тиббий суғурта билан таъминланмаган
Сурат тагсўзи, Россияда меҳнат муҳожирларининг ўз иш жойларида ва транспорт ҳалокати оқибатида оғир жароҳат олишлари кўп учрайди
    • Author, Давлат Қудрат
    • Role, Би-би-си, Москва

Москва ҳокими Сергей Собянин "иш ўринлари биринчи навбатда Россия фуқароларига берилиши керак"лигини айтган.

Ҳокимга кўра, Москвада меҳнат муҳожирларининг аксарияти ноқонуний тарзда маош олишади ва улар тиббий суғуртасига эга эмаслар.

Бундай вазият, ҳокимнинг фикрича, пойтахт ижтимоий тизими, хусусан, тиббиёт соҳасида катта муаммо яратади.

Айни вақтда муҳожирларга тўланадиган иш ҳаққи ва суғрута масаласи энг жиддий муаммолар қаторида кўрилади.

Сергей Собянин бу ҳақда Москва ҳукумати мажлисидаги чиқишида гапирган. 'Бемор муҳожирлар Москва учун катта муаммо'

"Москва шифохоналари тиббий суғуртага эга бўлмаган оғир касалликка чалинган муҳожирларни қабул қилиш ва даволашга мажбур бўлишади. Ушбу ҳол, бизнинг ижтимоий соҳамиз, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига катта муаммоларни келтириб чиқаради", дейди Сергей Собянин.

Россияга оқиб бораётган марказий осиёликлар
Сурат тагсўзи, Минг-минглаб ватанларида иш топа олмаган марказий осиёликлар Россияга йўл солишади

Айни пайтда тиббий суғуртанинг йўқлиги муҳожирларнинг ўзлари учун ҳам жиддий муаммо эканлиги айтилади.

Москва шифохоналаридан бирида ишлаётган шифокор Жасур Жўраевга кўра, кўпчилик муҳожирларни даволаниш ҳуқуқидан маҳрум этилганига асосан иш берувчи ширкатлар айбдордир. "Иш рухсатномасига эга бўлган ҳар бир муҳожирга иш берувчи ширкат тиббий суғурта билан таъминлаши керак. Лекин, Россияда бу нарса қилинмайди. Чунки, агар иш пайтида муҳожир жароҳат олгудек бўлса, иш берувчи томон унга катта товон тўлашига тўғри келади. Шу боис, иш берувчи ширкатлар муҳожирларни суғурта билан таъмин этмайди", -дейди шифокор Жасур Жўраев.

Россияда меҳнат муҳожирларининг ўз иш жойларида ва транспорт ҳалокати оқибатида оғир жароҳат олишлари кўп учрайди.

Москвадаги "Миграция ва қонун" нодавлат ташкилоти эксперти Юлдуз Аминованинг айтишича, муҳожирларга тўланадиган маошлар камлиги боис улар даволаниш имкониятидан маҳрумлар.

"Россияда марказий осиёлик муҳожирлар арзимаган пулга ишлашга мажбурлар. Агар касал бўлиб қолишса ёки бирон фалокатга дучор бўлишса, улар учун даволаниш катта муаммо бўлади. Албатта, Москвада "тез ёрдам" шифохоналари транспорт ҳалокати ёки оғир бемор бўлган хорижийларни текин қабул қилиш ва даволашга мажбур бўлишади. Лекин, улар шифохонада жуда қисқа муддат сақланади" - дейди Юлдуз Аминова.

Яқинда Россия расмийлари келтирган рақамларга биноан Санкт-Петербургда тиббий кўрикдан ўтган муҳожирлар орасида 254 нафар ВИЧ вируси юқтирган ва 163 нафар сил касалига мубтало бўлган хорижийлар аниқланган. Бир ойча олдин Россия Миграция хизмати меҳнат муҳожирлар учун тиббий суғурта мажбурий бўлиш қарорини таклиф этди. Агар ушбу лойиҳа ҳукумат томонидан қабул қилинса, Россияда муҳожирларнинг тиббий суғуртасиз ишлашлари ман этилади.