Қуюқдан қуюқ ваъдалар ёки Ўзбекистонда пахта терими ибодатдан ҳам муҳим жараёнми?

Бу йилги пахта мавсумида ҳосилни тезроқ йиғиб олиш учун жойлардаги раҳбарият ўзига хос антиқа тадбирлар қўлламоқда.
Буларнинг сирасига одатга айланиб қолган мактаб ўқувчиларини мажбурий теримга чиқаришдан тортиб, теримчиларни рағбатлантириш учун рангли телевизор ва гилам ваъда қилишгача киради.
Чўл ҳудудидаги бир шаҳарча эса, одамларни пахта теришга чақириш учун масжид овоз кучайтиргичларидан фойдаланишни йўлга қўйибди. Эътиборингизга Ўзбекистондан келган мактубни ҳавола қиламиз:
Тонгги намоздан сўнг, масжид томларига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар эрталабки соат 7 да яна жонланиб қолади. Бу сафар шаҳарча аҳолисини ибодат қилишга эмас, балки айни кунларда Ўзбекистонда ибодатдан ҳам муҳимроқ жараён ҳисобланадиган пахта теримига чорлайди.
- Ҳурматли, оғайинлар, шаҳримиз аҳолиси, миллатимиз бойлиги бўлган пахтани териб олишга ўз ҳиссангизни қўшишни сўраймиз. Мана бу йил ҳар бир кило пахта учун 120 сўмдан нақд пул берилмоқда. Бугун пахтани терсангиз эртага пулини олишингиз мумкин, дейди хириллаб чиққан овозда шаҳарча сухандони.
Шўролар даврида совхоз, кейин ширкат хўжалиги бўлган ушбу аҳоли пункти одамлар сони 10 мингдан ошиб кетгани боис шаҳарча деган мақомга лойиқ кўрилган.
Аммо замонавий шаҳарчада шаҳарга хос бўлган элементларни кўрмайсиз. Унга кўрк бериб турган баҳоли қудрат қурилган дўконлару, тамаддихоналар пахта муносабати билан кечгача ёпиб қўйилган.
- Агар сизнинг дўконингиздан ҳеч бўлмаса бир одам пахтага чиқмаса, солиқ ва бошқа назорат органларидан одам келиб бошингизни қотириши мумкин. Мана бизда дўкондан тортиб тегирмонларгача 45 та нуқтанинг рўйхати бор. Пахтага чиқиш керак, дейди шаҳарча оқсоқоллари билан юрган гуруҳ бошлиғи.
“Ўтган йили ҳам пахтага чиқинглар, пулини нақд оласизлар дейишганди, аммо орадан бир йил ўтган бўлса ҳам ҳали олганимиз йўқ. Дўкон эгалари бўлганимиз учун бизни пулга муҳтож эмас деб ўйлашса керак. Шунинг учун иложи бўлса бу йил пахтага биздан ҳеч ким чиқмайди,” – дейди дўкон эшигини ёпиб олиб, яширинча савдо қилаётган дўкончи қиз.
Бу йил бу шаҳарчада бошқа пахтага ихтисослашган туманлардаги каби мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланмасликни режалаштиришганди.

Аммо ишчи кучининг етишмаслигига кўзлари етдими ёки бошқа сабаб туфайлими, аввалига 9-синфларни дарсдан сўнг, кейин эса мактабни бутунлай ёпиб, биратўласига далага ҳайдашди. Энди эса, ҳаттоки, 7-8-синфларга ҳам мактаб эшиклари вақтинча ёпилди. Шаҳарчадаги ягона коллеж ҳам пахтакорларга чигит ерга қадалгандан бери ёрдам бериб келади.
- Теримчиларга турли мукофотлар қўйилган, рангли телевизор, гилам ва яна кўплаб совғаларга эга бўлишингиз мумкин. Шаҳарчамиздаги фалончи ва фалончихонлар кунига 120 килодан пахта териб, мақтовларга эришмоқда, деб масжид овоз кучайтиргичидан теримчилар алқанади.
Намозга мана шундай қилиб чақиришганда ва масжидда президент Каримовнинг асарларидан парча келтиришнинг ўрнига одамларни диёнатга чақиришганда, шаҳарчамизда ёлғон, ўғрилик ва фаҳш камаярмиди, дейди бир намозхон.
“Кўчада бекор юргандан кўра, чиқиб пахта теринглар, эртага пахтага чиқмай, кўчада юрганларнинг исми фамилиясини мана шу микрофон орқали эълон қиламиз. Хапа бўлманглар,” – деб таҳдиднома қўшимча қилиб қўяди масжиддан чиқаётган овоз.
Шаҳарчадаги пахта терими муносабати билан юзага келган вазиятни фавқулодда ҳолатга ёки Иккинчи Жаҳон Урушидаги фронт орти ҳаётига қисман ўхшатиш мумкин.
Шаҳарчада ўқувчиларнинг вазифаси мактабда ўқиш, ўт ўчирувчиники эса, ўтни ўчириш, шундай экан пахтани унинг эгаси фермер ўз билганича териб олсин, деган чақириқни ҳеч учратмайсиз. Пахтага чиқариш тадбирларидан норозилар ҳам фикрларини ичларига ютишади. Чунки сиз бир думалаб миллат душманига айланиб қолишингиз мумкин.
Шунинг учун ҳам, ҳаттоки, пахтага чиқмай қочиб юрганлар ҳам норозилик билдириш ўрнига ўз юмушлари билан овора бўлишни афзал билишади.
Масжид овоз кучайтиргичидан пахтага чорлаб турилган вақтда шаҳарча участка милицияси ва унга бошқа жойлардан келган ёрдамчи милиция ва посбонлар кўчаларни кезиб, овозларини баланд қўйганча бекорчиларни пахтага чиқишга чақиради. Бу пайтда шаҳарча кўчалари бўшаб қолади.
Шаҳарча участка милициясининг нишони бу сафар, “пайнетчи” деб танилган, мобил телефонларга пул тушириб берувчи дўкон эгаси бўлди.
Милициянинг бақир-чақирларидан сўнг, “пайнетчи” дўконини ёпиб, қаёққадир кетиб қолди. Уни танийдиганлар пахтага кетмагани аниқ дейди.
Пахтага қўлидан иш келадиган ҳамма жалб қилинган. Ҳаттоки, шифохона ходимлари ҳам пахта даласида ётиб хосил йиғиштирмоқда.
Ўзбек матбуотида бот-бот ишлатиладиган жумла каби, ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириш учун ёрдамга мамлакатнинг ишонган тоғи бўлмиш ҳарбий структура хизматчилари ҳам жалб қилинган.
Қайсидир туманга ҳарбийлар, яна бошқасига милиция ходимлари ва ўт ўчирувчилар сафарбар қилинган.
- Пахта бу сиёсат, у билан ҳазиллашманглар, дейди далага чиқишни истамаётган боласини койиб отахон.
Биз кузатган шаҳарчага ҳам ҳар йили ўт ўчирувчилар ёрдам беришга келишади.
“Бироқ уларга аҳоли пахта теришда ёрдамлашади,” дейди теримчиларни ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчи.
Маҳаллий одамларнинг айтишларича, ўт ўчирувчиларда пул кўп ва беллариини оғритиб пахта теришни исташмайди. Аммо кунлик нормативни бажаришлари мажбурий.
Бундай ҳолатда ўт ўчирувчилар кўпроқ пул ишлашни истайдиган маҳаллий ахолини ёрдамга чақиради.
Агар фермерлар килосига 120 сўмдан ҳақ беришса, ўт ўчирувчилар 150 сўмдан нақд беришади.
- Фермерларга юз кило териб берсангиз, икки кундан сўнг турли баҳоналарни рўкач қилишиб, 90 килосига пул беришади. Пожарнийлар эса, 100 килони тортиб олган заҳоти 15 минг сўмни қўлингизга тутқазади, дейди икки йилдан бери ёрдамчи ўт ўчирувчиларга пахта териб берадиган бир йигит.
Ўт ўчирувчилар пахта терадиган дала ажойиб томошахонага ўхшаб қолади. 150 сўмдан пул олишни истовчи шаҳар аҳолисини маъмурият пахта эгатлари оралаб қувиб юради.
Кучи бор йигитлар тирақайлаб қочиб, пахта теришда давом этаверади. Шарттаки қиз-жувонлар эса, жанжал қилиб бўлса-да, ўт ўчирувчиларга ёрдам беришда давом этишади.
- Пожарнийларнинг келиши шаҳарчамизга кони фойда. Кимдир уйини ижарага беради, яна кимдир уларга махсус таом пиширади. Дўконлар эса бу мавсумда миллион-миллион фойда кўради. Теримчиларнинг шодлигини айтмасангиз ҳам бўлади, дейди бир шаҳарлик.
Умуман асосий аҳолиси ишсиз бўлган, ушбу шаҳарчанинг билагида кучи бор ҳар бири 2 ойдан ошадиган йиғим-теримда чўнтакларини қаппайтириб олади.
- Ўзи пахта мавсумида бунақа шов-шув қилмасдан, ҳаммасини тўғри ташкиллаштириш орқали ҳосилни териб олиш мумкин. Бунга салоҳият етарли. Теримчиларни алдамасдан, ҳақини тўлиқ ва меҳнатига яраша берилса, мактаб ўқувчиларию, ҳарбийларни ҳам безовта қилмаса бўлади. Ҳақи яхши берилса, керак бўлса Россияда сарсон бўлиб юрганлар ҳам келиб пахтасини теради, дейди кўчадаги қув-қувларни кузатиб турган нафақадаги одам.












