Қирғизистон: Ўш ва Жалолободдаги қонли миллий низо қайта текширилади Qirg'iziston Markaziy Osiyo dunyo yangiliklar

2010 йилги июнь воқеалари

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2010 йилги муваққат ҳукумат аъзоларига қарши жиноий ишни қайта бошлаган. Муваққат ҳукуматнинг айрим аъзолари эса, расмийларни 11 йил аввал содир бўлган воқеаларнинг баъзи ошкор этилмаган тафсилотлари борлигидан огоҳлантирмоқда. Этник низода "аксарияти ўзбек" юзлаб одамнинг қурбон бўлгани айтилган.

Мазкур қўмита 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеалар бўйича жиноий иш Жалолобод Ўзбек миллий маданий марказининг собиқ президенти ва собиқ парламент аъзоси Қодиржон Ботировнинг республикадан чиқиб кетиши билан боғлиқлигини айтмоқда.

Қўмита баёнотига кўра, жорий йилнинг 15 апрелида президент Садир Жапаров ташаббуси билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Жиноят кодекси 304-моддасининг 4-банди ("Хизмат вазифасини суистеъмол қилиш") билан жиноий иши қўзғаган.

"2010 йилнинг май-июнь ойларида мамлакат жанубида юз берган қонли воқеалар ижрочиларидан бири бўлган Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқсиз ва ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашгани учун муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига қарши жиноий иш қўзғатилган", дейилади хавфсизлик қўмитаси баёнотида.

Шунингдек, қўмита Қодиржон Ботировни чиқариб юборилиши билан бир қаторда, фожеанинг олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўрмаган муваққат ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ва минтақа даражасидаги мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилишини урғуламоқда.

Терговни олиб борилиши ва натижалари, ҳамда бу бўйича қабул қилинган процессуал қарорлар тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб бориши айтилмоқда.

Жанубий Қирғизистон

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Айрим халқаро ҳисоботларда 2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган миллий низо натижасида "аксарияти маҳаллий ўзбеклардан иборат юзлаб одам қурбон бўлган"и айтилган.

Ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида келиб чиққан мазкур этник низода яраланганлар сони эса, хабарларда минглаб экани айтилган.

Юз минглаб одамлар вақтинча уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Уйлар ва муассасаларга ўт қўйилган.

Воқеага алоқадор шахсларни жазолаш бўйича ҳаракатлар 11 йилдан бери давом этмоқда.

Орада Қирғизистондаги Ўзбек жамоаси раҳбарлари миллий низо қўзғаш ва 2010 йил июнида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган зўравонликларни ташкиллаштиришда айбланганлар.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотида исми қайд этилган Қодиржон Ботиров 2010 йилнинг май-июнь ойларида Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеалар бўйича "миллатлараро низони қўзғаш ва тартибсизликларни уюштириш"да айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бўлиб ўтган фожеа сабаб-оқибатларини ҳар томонлама текшириш ва таклифларни ишлаб чиқиш бўйича тузилган миллий комиссия хулосасида Ботировнинг "провокацион роли" алоҳида урғулаб кўрсатилгани маълум бўлган.

Қодиржон Ботиров тергов ва суд жараёнларида иштирок этмаган.

У қонли воқеаларгача мамлакатни тарк этган.

Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган.

Ботиров интернет тармоқларида ёйинлаган интервьюларида ўзининг айбсиз эканлигини ва Қирғизистон судларига ишонмаслигини айтган.

Қирғиз маҳкамаси унинг кўп миллионлик мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Қодиржон Ботиров қирғиз маҳкамасининг айбларини қатъиян рад этган ва қирғиз расмийларини ўзига қарашли мол-мулкни ўзлаштиришда айблаган.

У қонли воқеаларда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги муваққат ҳукуматини айблаган.

У уч йил аввал Украинанинг Одесса шаҳрида вафот этиб, Ўзбекистонда дафн қилингани хабар берилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари такшилотлари жабрланганларнинг аксарияти ўзбеклар бўлгани ҳолда, ҳодисалардан сўнг бошланган ҳибсга олишлар ва маҳкама жараёнларида асосан ўзбекларнинг нишонга олинганини қоралашган.

Ҳодисаларга алоқадорликда айбланиб, маҳкамага тортилганлар ўзларига нисбатан қийноқлардан шикоят қилишган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ўшанда Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларда "учинчи кучлар"ни айблаган.

Муваққат ҳукумат аъзолари нима дейди?

Бугунги Ўш

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Сурат тагсўзи, 2010 йилги миллий низодан "энг кўп жабр чеккан" бугунги Ўш манзаралари

2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда юз берган инқилобдан кейин, 14 кишидан иборат муваққат ҳукумат ҳокимият тепасига келган.

Улар эса, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбаев, Омурбек Текебаев, Темир Сариев, Азимбек Бекназаров, Исмоил Исоқов, Абдуғани Эркебаев, Элмира Ибраимова, Кенешбек Дуйшобаев, Эмилбек Қаптагаев, Болот Шер, Дуйшенкул Чотонов, Исо Омурқулов, Топчубек Турғуналиевлардир.

Махсус хизмат қўзғатилган жиноий иш доирасида муваққат ҳукумат аъзоларини ҳали сўроққа чақирмаган.

Президентнинг июнь воқеаларини тергов қилиш тўғрисидаги буйруғидан сўнг, собиқ муваққат президент Роза Отунбаева маҳаллий "Супер ТВ"га берган интервьюсида муваққат ҳукумат аъзоларининг ҳам бу хусусда айтадиган гаплари борлигини маълум қилган.

"Ўша сўзларимиз очиққа чиқса нима бўлади - уни ким билади? Хоҳ Жапаров бўлсин, хоҳ Ташиев, "қора қути"ни очмасликни маслаҳат бераман. Муваққат ҳукумат халқаро ҳамжамиятнинг улкан ҳиссаси билан бу ишни ёпганмиз", - деб айтган Роза Отунбаева.

Қирғизистондаги сўнгги "халқ инқилоби"

Сурат манбаси, EPA

Ўтган йилнинг октябрида юз берган инқилобдан кейин ҳокимият тепасига келган ҳозирги сиёсий гуруҳ эса, 11 йил аввал муваққат ҳукуматнинг сиёсий рақиби бўлган.

Шу нуқтаи назардан, муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси Эмилбек Қаптагаевнинг фикрича, президентнинг июнь воқеалари бўйича буйруғи сиёсий асосга эга.

"Ўрганамиз деса, ўргансин, бу ерда жуда кўп масалалар бор. Хусусан, низо нима сабабдан келиб чиққан, ким провокатор бўлганлиги ҳақида саволлар мавжуд. Агар буларнинг ҳаммасини ўрганиб, охиригача ета олишса, якунлаб, одамларга айтсин, саволларига жавоб берсин. Менимча, бу қонуний кўрсаткич. Масалан, армия ва милициядан қуролни тортиб олиб, ўзбек миллатига мансуб "сепаратист" бўлмаган тинч аҳолини ким ўлдирган, деган саволлар бор. Ушбу терговнинг давлат учун, халқ учун, халқ бирлиги учун фойдаси йўқ. Бу эски ярани янгилаб, бундан кейин можаронинг такрорланишига замин яратадиган қадамдир", - дейди Эмилбек Қаптағаев.

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков

Сурат манбаси, Reuters

2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеалар пайтида Ўш вилоятини бошқариб турган собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам 7 апрелда муваққат ҳукумат таркибига кирган.

Бироқ, у Ўш вилояти ҳокими лавозимида ишлагани сабабли, муваққат ҳукумат таркибидан чиққан.

Сооронбай Жээнбеков жорий йилнинг 11 апрель куни бўлиб ўтган маҳаллий кенгаш депутатларининг сайловлари ва референдумга қатнашаётиб, унда ҳам айтадиган кўп сўзлари борлигини таъкидлаган.

"Албатта, менинг ҳам айтадиган сўзларим кўп. Аммо ҳозирги вазиятда гапиришим, сиёсатчилар билан баҳслашишим ва мулоқотга киришишимдан кўра сукут сақлашим мамлакат учун фойдалироқ", - деган Жээнбеков журналистлар саволларига жавоб бераётиб.

Муваққат ҳукуматнинг яна бир аъзоси, собиқ президент Алмазбек Атамбаев эса ҳозирда қамоқда.

Ўш

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Бишкекдаги "Бир Дунё-Қирғизистон" нодавлат ҳуқуқ ташкилоти раҳбари Толекан Исмаилова 2010 йилги июнь фожеасини ҳар томонлама текшириб, айбдорларни аниқлаш вақти келди, деб ҳисоблайди.

"Хатолар, бажарилмаган ишлар текширилиши керак. Ҳуқуқ ҳимоячилари 11 йилдан буён айтиб келаяпмиз, адолат бўлмаса, жиноятчилар сиёсатда юраверишади, қариндошлари гуллаб-яшнайдилар ва ҳеч қандай ислоҳот бўлмайди. Шунинг учун айтаман, бу тарихий вазифа. Бунга диққат эътибор бериб, қонунга мувофиқ нейтрал ҳолатда ишлаш керак. Айбдорлар иқрор бўлишлари, қонунга бўйсунишлари, омма олдида кечирим сўрашлари ва тўғри йўлда юришларига вақт келди", - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

2010 йилнинг июнида Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеа учта комиссия томонидан текширилган.

Халқаро комиссия ўз хулосаларини 2011 йилнинг май ойида эълон қилган ва "маҳкамада ўз исботини топгани тақдирда, инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкин", деган хулосани берган.

Комиссия, шунингдек, зўравонликларни апрель воқеаларидан кейинги сиёсий вазият қўзғатгани, ўзбек жамоатчилигининг айирмачилик кайфиятида бўлмаганини тасдиқлаган.

Ўша пайтдаги ҳукумат ва парламент бунга рози бўлмай, комиссия раиси, финландиялик сиёсатчи Киммо Кильюненнинг Қирғизистонга киришини тақиқлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek