Ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилди - O'zbekiston, mintaqa

Сурат манбаси, Timur Karpov
Қирғизистон қамоқхонасида оламдан ўтган инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров 31 июль куни, ўз васиятига биноан Ўзбекистонда дафн этилди.
Марҳумнинг жанозаси Тошкент вилояти Янгибозор қишлоғида бўлиб ўтган.
Азимжон Асқаровнинг тобути жума куни тушга яқин марҳумнинг беваси Ҳадича Асқарова ҳамроҳлигида Ўшдаги "Дўстлик" чегара-ўтиш нуқтаси орқали Ўзбекистонга келтирилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
30 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз томони билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида марҳум яқинларининг илтимосини қондиришга келишилганини маълум қилган.
Асқаровнинг яқинлари Қирғизистонда унинг қабри топталиши эҳтимолидан хавотир билдиришган.
Умрбод қамоқ ва қамоқда поёнига етган умр
69 ёшли Азимжон Асқаров 25 июль куни Бишкекдаги 47- сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган.
Тиббий хулосада ўлим "ўпканинг тўлиқ икки томонлама зотилжамга учрагани" натижасида юзага келгани айтилган.

Сурат манбаси, Timur Karpov
Аввалроқ Асқаровнинг адвокати ва қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ҳукуматга мурожаат қилиб, соғлиги ёмонлашган маҳкумни зудлик билан озод этишга чақиришганди.
Адвокати ва фаолларнинг талабларига қарамасдан, Азимжон Асқаров ва бошқа маҳсублар коронавирусга текширилмаган.

Сурат манбаси, Timur Karpov
Азимжон Асқаров 2010 йил ёзида Жалолободда юз берган этник тўқнашувларда айбланган.
Қирғиз маҳкамаси уни тартибсизликлар чоғида маҳаллий милиционернинг ўлимига алоқадорликда айбдор, деб топган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жиноят иши сохталаштирилгани ва қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари Асқаровдан фаолияти учун ўч олганини айтишади.
Қирғизистоннинг юқори маҳкамалари Жалолобод маҳкамаси Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарган умрбод қамоқ жазосини кучда қолдирган.

Сурат манбаси, Fergananews.com
2016 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши уни айбсиз деб топган ва зудлик билан озод этиш ҳақида қарор чиқарган.
Қирғизистоннинг ҳозирда қамоқда бўлган Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги ҳукумати БМТ қарорини ижро этишдан бош тортган.
Бирлашган Миллатлар, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровнинг ўлими юзасидан текширув ўтказишга чақирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













