Қирғизистон қамоғидаги ўзбек фаоли Азимжон Асқаров оғир касалми?

Сурат манбаси, fergananews.com
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Ўш
Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров оғир аҳволда бўлиши мумкин.
Бу ҳақда "Фарғона" халқаро ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг манбасига кўра, Асқаровнинг соғлиги ёмонлашган, аммо маҳкумнинг нима дардга чалингани номаълум.
"Қирғизистонда умрбод озодликдан маҳрум қилинган, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист, дўстимиз ва ҳамкасбимиз Азимжон Асқаров қаттиқ оғрияпти, ўзини ёмон хис қилаяпти. Ўн кундан бери тана ҳарорати юқори даражада, нафас олиши қийинлашиб, ўрнидан турмай қўйган. Касаллик ташхиси номаълум. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти"- дейди Даниил Кислов.
Журналист Қирғизистон раҳбариятидан Азимжон Асқаровни инсонийлик юзасидан зудлик билан озод қилишга даъват этади.
Нималар маълум?
Азимжон Асқаров Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеаларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Унинг адвокати Валерян Вахитов, ҳимоясидаги инсон соғлиги тўғрисида хавотирли маълумотни олгандан кейин зудлик билан Ўшдан Бишкека кетаётганини ва эртага у билан учрашишни режалаётганини айтади.
"Мен бугун Бишкекка кетаяпман. Эртага менда коронавирус йўқлиги ҳақидаги тиббий справкани оламан. Шундан кейин Азимжон Асқаров билан учрашишга ҳаракат қиламан." - деди адвокат Вахитов.
Унинг айтишича, ўтган май ойида учрашмоқчи бўлганида, қамоқхона маъмурияти ткоронавирус билан оғримаётгани ҳақида қоғоз талаб қилиб, рухсат бермаган.
"Ундан аввал январ ойида учрашган эдим. Қамоқда 70 ёшга яқинлашиб қолган одамнинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур қилинг" - дейди ҳимоячи Валерян Вахитов.
Адвокат Вахитов ўтган 13 июлда ҳам Қирғизистон Жазони ижро этиш хизматидан ҳимоясидаги инсонни хасталиги сабаб озод этишни талаб қилган.
Жазони ижро этиш давлат хизмати эса Азимжон Асқаровнинг соғлиги яхши экани, унга қўшимча дорилар керак эмаслигини айтган.
Шунингдек, идора маҳкумни қамоқдан озод этиш илтимосини адвокат судга йўллаши зарурлигини, улар фақат буйруқни бажарувчи эканини урғулаган.
Мазкур муассаса матбуот котиби Самат Қалиқов, Азимжон Ақаровнинг хасталиги бўйича тарқатилган сўнгги маълумот ҳам ҳақиқатан йироқ эканини айтади.
"Оммавий ахборот воситаларида Азимжон Асқаровнинг соғлиги ёмонлашиб, тана ҳарорати кўтарилиб, керакли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақида берилаётган маълумотлар ёлғон. Унинг соғлиги яхши" - дейди Самат Қалиқов.
Унинг билдиришича, Асқаров ўтирган қамохона биносида бир кунда уч махал маҳбусларнинг тана ҳарорати текширилиб, икки махал дезинфекция ишлари олиб борилаяпти.
"Тиббий ёрдам, барча дорилар етарли. Махбусларни ходимларимиз кузатув камералари орқали назорат қилиб туришади" - дейди Жазони ижро этиш давлат хизмати вакили.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Қирғизистон қамоқхоналаридаги махбуслар орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган.
Шунингдек, муассаса ходимлари ҳам бу дарддан халос.
"Асқаров озод этилсин"
Жорий йилнинг 13 май куни Бишкекда Олий суд бир умрга қамалган ҳуқуқбон Азимжон Асқаровнинг кассация тартибидаги аризасини қўриб чиққан ва ҳукмни ўз кучида қолдирганди.
Июнь ойида эса Бишкекнинг маъмурий суди Асқаровнинг ҳукуматга нисбатан шикоятини кўриб чиқишдан бош тортган.
Бугунги кунда Қирғизистонда COVID-19 билан боғлиқ ҳолат ўта кескинлашган.
10 йилдан бери қамоқда сақланаётган Азимжон Асқаров 69 ёшга кирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2016 йилнинг апрел ойида Қирғизистон ҳукуматига Азимжон Асқаров борасида тавсия берганди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги унинг ишини обдон ўрганган ва қамалишидан тбошлаб, барча босқичда ҳуқуқлари топталган, дея хулоса қилган.
Ташкилот Қирғизисон ҳукуматидан Асқаровни ҳеч қандай шартларсиз дарҳол озод қилишни сўраган.
Қайта-қайта кўрилган иш
2017 йил сўнггида Қирғизистонда Асқаров иши қайта кўриб чиқилди, бироқ унга белгиланган бир умрлик қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилган.
Қирғизистон Республикаси Жиноят Кодексига ўзгартиришлар киритилиши ортидан 2019 йилнинг 30 июлида Асқаровнинг ишида яна бир бор кўриб чиқилди.
Жорий йил бошида Қирғизистон Олий Суди Азимжон Асқаровнинг ишини БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасининг тавсиясига биноан қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.
Ўтган 27 февралда Бишкекда Қирғизистон Олий Суди жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқишни бошлаган.
Бироқ, бу иш натижасида барча апелляция ишлари инкор этилиб, БМТнинг Асқаровни озод этиш борасидаги мурожаати қондирилмаган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кузатувчилар Азимжон Асқаров ноҳақ қамалиб, қийноқларга солинганини айтиб, унга қўйилган айбловлар исботланганини савол остига оладилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













