Собянин: патент тўловини яна ошириш керак

Сурат манбаси, MARAT ABULKHATIN/TASS
Москва шаҳри ҳокими Сергей Собянин Россия пойтахтидаги меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш учун патент тўловини кўпайтириш таклифи билан чиқди.
Москва мэри фикрича, меҳнат патенти учун талаб қилинадиган тўлов миқдорининг оширилиши пойтахтга мигрантлар оқимини камайтиришга хизмат қилади.
Москва раҳбари ушбу таклифини шаҳар Думаси қаршисидаги йиллик ҳисоботи пайти илгари сурган.
"Бизга қолса, шаҳарда мигрантлар бўлмасин, ҳамма ишларни москваликларнинг ўзлари бажарганлари маъқул. Бироқ бизда 2 миллион иш ўринлари бўш ва москваликлар хоҳлаганларида ҳам жисмонан бажаришга қодир эмас. Мен бу йил мигрантларнинг патентлари тўловларини ошириш мумкин, деб ҳисоблайман", деган Сергей Собянин.
Шаҳар ҳокими сўзларига кўра, Москва шаҳри ҳукумати пойтахтдаги мигрантларнинг сонини оптималлаштириш устида ишлаши лозим, токи "улар тартиб ва қонунни бажарсинлар".
Сергей Собянин мигрант меҳнат патенти тўловини қанчага ошириш борасидаги саволга аниқлик киритмаган.
Ҳозирги пайтда меҳнат патентининг нархи 1 ойда 4200 Россия рубль, қарийб 73 АҚШ долларини ташкил этади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02














