Америка амалиётини ким қоралади ва ким қораламади?

Индонезия пойтахти Жакартадаги АҚШ элчихонаси қаршисида намойишчилар ўз норозилигини мана шундай изҳор қилишди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Индонезия пойтахти Жакартадаги АҚШ элчихонаси қаршисида намойишчилар ўз норозилигини мана шундай изҳор қилишди.
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

БМТнинг Хавфсизлик кенгаши мажлисида Венесуэла раҳбарининг АҚШ томонидан қўлга олиши Американинг дўсту душманлари томонидан қаттиқ танқидларга учради.

Кўп аъзо давлатлар Николас Мадуро ноқонуний ва репрессив президент бўлгани борасида АҚШ билан ҳамфикрлар.

Лекин, кўплар АҚШнинг ҳарбий амалиёти халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига хилофлигини айтиб, Венесуэлада халқнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олувчи демократик ўзгариш бўлишини талаб қилишди.

АҚШнинг иттифоқчилари орасидан энг қаттиқ танқидий чиқиш қилган давлат Франция бўлди. Франция элчисининг ўринбосари Жей Дармадхикари АҚШнинг Мадурони олиб кетиши «можароларни тинч ечиш ва куч ишлатмаслик тамойилларларига зид» эканини айтди.

«Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигидек масъулиятни олган давлатлар томонидан БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши халқаро тартибнинг асосиига зарба беради, у давлатларнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат каби тамойилларга зид», - деди Франция вакили.

Дания элчисининг ўринбосари Сандра Йенсен Ланди ҳам ўз давлатининг «чуқур хавотир»ини изҳор қилди ва: «Бу воқеалар хавфли прецедент яратади. Халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми ҳурмат қилиниши шарт», - деди.

Pedro Sanchez
EPA
Ispaniya Maduro rejimini tan olmagan. U xalqaro qonunlarga zid, mintaqani mavhumlik va jangarilik sari itaradigan aralashuvni ham tan olmaydi.
Pedro Sanchez
Ispaniya bosh vaziri (bbc.com/uzbek)

Франция ва Дания қилган бу баёнотлар Мадуро қўлга олинишининг илк онларида Европа Иттифоқининг кўп аъзолари кўрсатган иккиланишдан кескин фарқ қилади. Франция ва Даниядан фарқли ўлароқ, Британия ва Греция дипломатлари БМТ мажлисида Американинг ҳарбий амалиётини қоралашмади.

Франция ва Дания танқидлари уларни Испания билан бир қаторга қўйди. Аввалроқ Испания Бош вазири Педро Санчез ўз ҳукумати «халқаро ҳуқуққа зид бўлган аралашувни тан олмаслиги»ни айтиб, АҚШ амалиёти минтақани мавҳумлик ва жангарилик сари итарганини билдирган.

Панама элчиси Элой Алфаро де Алба АҚШнинг Венесуэлада мухолифат иштирокида сайловлар ўтказмай туриб, у ердаги режим билан ишлаш режаларидан чуқур хавотирда эканини айтди.

Колумбия вакили Леонор Залабата Торрес эса ўзбошимча ва тажовузкор амални ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслигини айтди ва: "Бундай амаллар халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомининг жиддий бузилишига тенг", - деди.

Россиянинг БМТдаги элчиси АҚШ иттифоқчиларини иккиюзламачиликда айблади.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россиянинг БМТдаги элчиси АҚШ иттифоқчиларини иккиюзламачиликда айблади.

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя АҚШни «халқаро бандитизм», «нео-мустамлакачилик ва империализм»да айблади.

Унинг айтишича, «АҚШнинг куч билан устун бўлиш»ига ҳеч қандай асос йўқ. Небензя АҚШнинг иттифоқчиларини Трампни танқид қилмаганлари учун иккиюзламачиликда айблади.

Хитой элчиси Сун Лей "АҚШнинг ўзбошимча, ноқонуний ва буллинг қадамларидан Пекин қаттиқ ларзага келган"ини айтди ва Хитой буни қаттиқ қоралашини билдирди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш номидан ўқиб эшиттирилган баёнотда у халқаро қонунлар ҳурмат қилинмаганидан ўта чуқур хавотирда экани айтилди.

Фарқли тарзда, Британия вакили Жеймс Кариуки жуда қисқа баёнот бера туриб, шунчаки Британия «Венесуэла халқининг истакларини акс эттирувчи қонуний ҳукуматга тинч ўтилиш»ни исташини билдирди.

Греция элчисининг муовини Иоаннис Стаматекос ҳам Трампнинг Мадурони қўлга олишини қораламади ва можарони "мулоқот ва дипломатия" билан ечишга чақирди.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Волцнинг чиқишида айтилишича, Мадуронинг қўлга олиниши гиёҳванд моддалар ташуви ва террорчиликка масъул бўлган ноқонуний лидерга қарши қилинган.

"Венесуэлани Эрон, Ҳизбуллоҳ, бандитлар, Куба жосуслик хизматлари, ҳамда мамлакатни назорат қилаётган бошқа бузғунчи ўйинчилар амал қиладиган марказга айлантиролмайсиз. Дунёдаги энг йирик энергия заҳиралари АҚШнинг душманлари назорати остида қолишига йўл қўя олмайсиз", - деди у.

Икки ўт орасида

Европанинг кўп давлатлари учун Мадуронинг қўлга олиниши мураккаб дипломатик дилеммани келтириб чиқарди.

Улар БМТнинг фундаментал тамойилларини ҳимоя қилиш ва айниқса Украина каби масалаларда Америка ёрдамига муҳтож бўла туриб АҚШ қадамини қоралашдек икки ўт орасида қолдилар.

АҚШ иттифоқчилари орасида энг қаттиқ танқид Франциядан келди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШ иттифоқчилари орасида энг қаттиқ танқид Франциядан келди.

Халқаро қонунлар ҳурмат қилинишига чақирган Европа Иттифоқи Мадуронинг наркотрафиги дунё бўйлаб жиддий хавфсизлик таҳдидига сабаб бўлишини айтди, аммо Трампнинг энди Венесуэлани АҚШ "бошқаради" деган баёноти бўйича ҳеч нима демади.

Дарҳақиқат, Трампни ҳафа қилишдан қўрқаётган Европа лидерлари бошқа давлатлар томонидан иккиюзламачилик айблари хавфи остида қолишмоқда.

Йилларки, Европаликлар Россиянинг Украинага бостириб киришини халқаро қонунлар ва ҳудудий яхлитликнинг бузилиши дея қоралаб келишган.

Кўпгина ривожланаётган давлатлар бу мавқега қўшилмаганлар ва Ғарбнинг Вьетнамдан тортиб Ироққача бўлган ишғолларини ёдга солганлар. Энди улар бу рўйхатга Венесуэлани ҳам қўшишлари мумкин бўлади.

Очиқ қолаётган савол шуки, Европа Американинг Венесуэладаги амалиётидан узоқроқ муддатда қандай хулоса чиқаради? У кўплар наздида ишончсиз иттифоқчи деб кўрилаётган АҚШга камроқ таяниб, ўз қитъасидаги хавфсизлик учун каттароқ масъулиятни ўз бўйнига оладими?

Полша Бош вазири Доналд Туск шундай ниятда. Ижтимоий тармоқлардаги постида у қуйидагиларни ёзди: «Ожиз ва бўлинган Европани ҳеч ким жиддий қабул қилмайди: на душман, на иттифоқчи. Бу энди аниқ бўлди.»

«Биз ниҳоят ўз кучимизга ишонишимиз керак, ўзимизни қуроллантиришда давом этишимиз керак, ҳар қачонгидан ҳам бирлашишимиз керак. Ҳамма бир учун, биримиз ҳамма учун. Аксинча, биз йўқ бўламиз», - деб ёзди Полша раҳбари.