Ўзбекистон Россия бошчилигидаги иттифоқ сари яна бир қадам ташлади – бу нимани англатади? Видео

Сурат манбаси, government.ru
Россия иттифоқчиси Қирғизистонга камералар олдида эътироз билдираркан, Ўзбекистон Россия бошчилигидаги Евроосиё иттифоқи сари яна бир қадам ташлади. Бу хатарлими ёки Ўзбекистон Россия босимлари моҳирлик билан чап бераётганини англатадими?
Олма-отада Россия ва минтақанинг икки давлати Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида муҳим ҳодиса рўй берди.
Ўзбекистон Евроосиё иттифоқининг божхона транзити ягона тизимига қўшилиш нияти борлигини билдирди. Россия бош вазири эса ушбу ташкилотдаги яқин ҳамкори Қирғизистонга ҳамманинг олдида дакки берди.
Аъзолари ёпиқ эшиклар ортида ўзаро келишолмаётган ва Россия "катта оғалик" қилаётган ташкилотга яқинлашиш Ўзбекистон учун қанчалик зарур? Ўзбекистон Россия босимларига чап беришни моҳирлик билан уддалаяптими?
Диққат BBC нинг навбатдаги сонида шу масалага эътибор қаратдик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россиянинг Бош вазири 3 феврал куни камералар кўз ўнгида Қирғизистонга эътироз билдирди.
Михаил Мишустин Қирғизистондаги Россия ширкатларига давлат органлари томонидан бўлаётган босимдан шикоят қилди, уларни товламачиликда айблади ва Қирғизистон бош вазирига талаб қўйди.
"Қонунга зид, баъзан товламачилик ҳаракатларининг аниқ фактлари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик нотасида келтирилган. Биз Қирғизистон раҳбариятидан компанияларимизга нисбатан маъмурий босимни бас қилишни ва россиялик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашни сўраймиз"
Россия Бош вазирининг Қирғизистонга омма олдида эътироз билдириши ва талаб қўйишига расмий Бишкек ҳам қараб турмади, муносабат билдирди.
Мишустин Қирғизистонга эътирозини Олма отада Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши ўтаётган вақтда билдирди.
Ўша йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Бош вазири сал олдинроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг божхона транзити ягона тизимига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб баёнот берди.
Ўзбекистон қўшилмоқчи бўлаётган тизим қандай ишлайди?
Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқининг ўзига аъзолик ва бу иттифоқнинг божхона транзит тизимига аъзолик ўртасида қандай фарқ бор?
Божхона транзит тизимига аъзо бўла туриб, Ўзбекистон шу пайтгача рад этиб келган Евроосиё иттифоқининг, таъбир жоиз бўлса, қопқонига тушиб қолиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган 5 та давлат бор ва улар учун умумий ташқи тариф бўлмиш, умумий бож мавжуд.
Агар бошқа давлат Евроосиё иттифоқига аъзо бўлмоқчи бўлса, савдо тизимини ўша умумий тарифга тўла мослаштириши керак бўлади.
"Тўғрироғи савдо тизимини Россия савдо тизимига мослаштириши керак бўлади. Чунки умумий тариф сифатида Россия тарифи асос қилиб олинган", дейди савдо ва иқтисод таҳлилчиси Валижон Тўрақулов.
Унга кўра, Ўзбекистон божхона транзити ягона тизими билан ҳамкорлик бўладиган бўлса, бу мажбуриятларни олмайди.
"Чунки бу фақатгина шу 5 давлат ичида логистика бўйича ҳамкорлик холос. Бу Ўзбекистон учун қайсидир жиҳатдан иқтисодий фойдалар олиб келади. Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бир қисми билан тест ҳолатида ишлаб кўрмоқчимиз".
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
O‘zbekiston o‘ta pragmatik davlat. O‘zbekiston Yevroosiyo ittifoqining to‘liq a’zosi bo‘lishi uchun Rossiya juda katta narsa taklif qilishi kerak.
Бу ҳали янги тизим - 2024 йилнинг 26 декабрида тасдиқланди. Назарияга қаралса, шартноманинг асосий мақсади юкларни «узлуксиз» ташиш, яъни иштирокчилар ўртасида энг қулай ва самарали логистикани таъминлашдан иборат. Лекин амалда бу Ўзбекистон учун қандай кечади деган саволлар пайдо бўлмоқда. Чунки ҳатто иттифоқининг аъзолари учун ҳам шу пайтгача божхона тизими силлиқ ишламаган.
"Амалий жиҳатдан, сонлар билан, илмий ишлар орқали исботлаб берилгани йўқ. Чунки ҳали бу тажрибада йўқ. Лекин назарий жиҳатдан фойдалари бор. Ўзбекистоннинг Россия, Қозоғистон билан яхши ҳамкорлиги бўлган тақдирда ҳам жуда кўп ҳолатларда логистика тизимида муаммоларини биламиз. Масалан, яқинда ҳам Ўзбекистонга картошка жуда ҳам керак бўлиб турган пайтда, ўтказилмади. Ёки 2000 йилларнинг охирида қайсидир жиҳатдан Россия босим бериб, жуда кўп помидор борганда Россияга киритилмаган ва помидорлар истеъмолга яроқсиз бўлиб, катта зарар кўрган. Агар назарий жиҳатдан олиб қаралса, Ўзбекистон логистика тизимига аъзо бўладиган бўлса, қайсидир жиҳатдан кўплаб кўринмайдиган тўсиқларни айланиб ўта олади", дейди Валижон Тўрақулов.
Таҳлилчига кўра, Евроосиё иттифоқининг ичида ҳам муаммолар етарли. Унда парламент йўқлиги, Россия гегемон давлат сифатида сўзини ўтказиши каби муаммолар бор.
"Агар Хитой бу ташкилотга кирганида мувозанатни барпо бўларди", дейди у.
Божхона транзит тизимига қўшилиш иқтисодий қарорми ёки сиёсий?

Сурат манбаси, Government.ru
Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи ҳақида гап кетганда, энг муҳим аргументлардан бири – Россиянинг сиёсий таъсири тилга олинади.
Россия, охирги йилларда Украинага бостириб кириб, ўз таъсир доирасини қаттиқ қўриқлашини исботлади ва Марказий Осиё давлатларини ҳам ҳануз ўз томорқаси деб кўради. Шундай манзарада божхона транзити ягона тизими ишга туширилиши ва унга Ўзбекистон ҳам қўшилиши иқтисодий қарорми, ёки сиёсий?
"Бу жудаям сенситив ҳолатда қабул қилинган дипломатик қарор. Бу нарсанинг Ўзбекистоннинг кўп қутблик сиёсатига тўғри келадиган жиҳати ҳам бор. Иқтисодий жиҳатдан фойдалари бор", дейди Валижон Тўрақулов.
Қирғизистон тажрибаси қандай?
Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистон ҳам Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик иттифоқи аъзоси.
Россия билан бевосита чегарадош бўлмаган бу давлатнинг иттифоқ ичидаги тажрибаси Ўзбекистонга қўл келиши мумкин.
Бишкекдан сиёсий таҳлилчи Чинара Эсенгул Қирғизистоннинг Евроосиё иттифоқида ҳам ижобий ҳам салбий тажрибаси борлигини айтади.
Унга кўра, Евроосиё иттифоқига аъзо давлатларнинг Қирғизистонга қўшни бўлиши ижобий томонлардан бири. Бундан ташқари, Россиянинг мамлакат ижтимоий хавфсизлигидаги катта роли, яъни мигрантларнинг Россияда эмин эркин ишлаши нуқтаи назаридан иттифоққа аъзо бўлиш Қирғизистонда ижтимоий босимни камайтиради.
"Салбий томонларига келадиган бўлсак, бошқа кўплаб эшикларнинг ёпилиши билан боғлиқ. Хитой билан савдо алоқаларимиз ёмонлашди. Чунки биз Евроосиё иттифоқига киришдан олдин, Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси эдик. Ҳозир ҳам шундай, аммо олдин божхона тарифлари бошқа эди. Хитойдан импорт қилиб Евроосиё маконига реэкспорт қилиш модели ҳали ҳам ишлаяпти, аммо расман бу ноқонуний, контрабанда ҳисобланади", дейди у.
Таҳлилчига кўра, натижада савдо кўлами тушиб кетди ва миграция оқими кучайди. Хизмат кўрсатиш дохил иқтисодий вазият ёмонлашди. Шунингдек, учинчи давлатлар билан ҳам савдо муносабатлари ночорлашди. Масалан, Туркия ва бошқа давлатлар билан савдо сурати рисоладагидек эмас.
" Ҳатто қўшни Қозоғистон билан аълоқаларимиз аъло эмас. Чегарамизда доим Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида можаро бўлади. Қозоғистон бизни контрабандада айблайди. Қирғизистон "фақат бизни синчиклаб текширасизлар, Қозоғистон-Хитой чегараси ҳам обод эмас", дейди. Россияга санкциялар киритилганидан кейин Беларус билан муносабатлари қандай бўлганини эсласангиз керак. Буларни айтишдан сабаб Евроосиё ҳудудида умумий тил топишга ҳаракат қилишяпти. Қирғизистон бу иттифоқдаги унча ривожланмаган ва кучли бўлмаган давлат сифатида доим жабр кўради".
Россиянинг Қирғизистонга очиқ дакки бериши "катта оғалик"ми?
Евроосиё иттифоқи йиғилиши ўтаётган Олма-отада Россия Бош вазири Михаил Мишустиннинг Қирғизистон вазирига камералар қаршисида эътироз билдириши ва талаб қўйиши кутилмаган бўлди.
"Мени ҳайратлантирган жиҳати, бу масала очиқ равишда оммага ёйилиши ва Россия федерацияси Бош вазир томонидан янграши. Бу нафақат ички сиёсат, мамлакатимизда бўлаётган нарсалардан дарак беради, балки бу давлатларнинг муносабатини кўрсатади. Бир томондан бу масалани ўта юқори даражада олиб чиққан Россия раҳбариятини танқид қилиш мумкин. Бу каби ишлар ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинади. Аммо менимча, бу атайин қилинди. Гўёки "катта оға" хавотирланганини кўрсатиш учун. Яъни биз бу ҳақда дунёга очиқ айтамиз ва сизга гапиришимиз мумкин, сиз эса қулоқ тутишингиз керак, дегандек", дейди Чинара Эсенгул.
Ўзбекистон бир кун келиб Евроосиё иттифоқига аъзо бўладими?
Ўзбекистон Иттифоқнинг божхона транзити ягона тизимига қўшилиши мумкин. Аммо Россия кўп йиллардан бери Ўзбекистонни иттифоққа тўлақонли аъзо бўлиб киришига ундаб келади.
Мутахассислар иттифоққа аъзоликнинг Ўзбекистон учун фойдасидан зарари кўплигини айтишади.
"2005 йилда иттифоқ бошқа номда Евроосиё иқтисодий ягона ҳудуди, деб аталарди. Халқаро Валюта жамғармаси мутахассиси МДҲ давлатлари ЖСТ ёки Россия томонидан бошқарилаётган савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи бўлса, биринчи Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгани яхши, деган нарсани айтиб ўтган", дейди Валижон Тўрақулов.
Қирғизистонлик таҳлилчи эса, иттифоққа аъзо бўлиб киришни Ўзбекистонга тавсия қилмайди.
"Ўзбекистонга ҳеч қачон буни тавсия қилмасдим. Ўзбекистон жуда яхши жойлашиб олди, мувозанатни топди. Евроосиё иттифоқида расман кузатувчи давлат ҳисобланади", дейди Чинара Эсенгул.
Таҳлилчилар иттифоқнинг айнан божхонага оид қисмидан Ўзбекистон ўта манфаатдорлигини айтишмоқда. Бунинг асосий сабаби жўғрофий жойлашув. Ўзбекистон денгиз йўлига чиқиш учун икки давлатни кесиб ўтиши керак. Шунинг учун Ўзбекистон ҳеч бўлмаганда шимолдаги кўшнилари билан божхона соҳасида тўлиқ интеграция бўлиши керак, деб ҳисоблайди Чинара Эсенгул.
"Аммо тўлиқ, яъни божхона, транзит ва тарифлардан ташқари аъзо бўлиш Ўзбекистон учун нотўғри ва бефойда бўлади. Буни Ўзбекистон тушунади. У ўзини ортиқча мажбуриятлар билан яна бир бор чеклашни истамайди. Менимча, Ўзбекистон турган ҳозирги мавқе тўғри ва шундай давом этиш мумкин", дейди Чинара Эсенгул.
Таҳлилчининг айтишича, Россия Ўзбекистоннинг тўлиқ аъзо бўлиб кириб, иттифоқни кучайтиришини истаётган бўлса-да, ҳозирча Тошкент ўз позициясида тура оляпти.
"Келинг, очиқ айтсак, Ўзбекистон ўта прагматик давлат. Балки бу маданият билан бироз боғлиқдир. Ўзбекистон ҳеч қачон фойдасиз ишни қилмайди. Нафақат ҳозир, балки стратегик режада ҳам шундай. Ўзбекистон Евроосиё иттифоқининг тўлиқ аъзоси бўлиши учун Россия жуда катта нарса таклиф қилиши керак. Яъни, истиқболга потенциал бўладиган ҳаддан зиёд катта таклиф. Ўзбекистоннинг аҳолиси энг кўп, армияси жуда кучли. Шунинг учун ҳам Путин қайта сайлангач илк ташрифни Ўзбекистонга қилди, Ўзбекистон ҳақида кўп гапирди. У Марказий Осиёда Ўзбекистон етакчилардан бири эканлигини тушунади. Айниқса ҳокимият алмашиб, Мирзиёев келгач ислоҳотларни бошлагач, Путин Ўзбекистон қанчалик субъектлигини, яъни мустақиллигини ва унга босим қилиб бўлмаслигини, аммо уни ишонтириш мумкинлигини билади".
Ҳозирги уруш вазиятида келаси 10 йил Россия учун ўта қийин даврлар бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу сабаб Россия Ўзбекистонни кўндира оладиган бирор каттароқ таклиф бериши даргумон.
"Шунинг учун Россия барибир Ўзбекистоннинг қарам жиҳатларига босим ўтказади. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби миграция масаласида қарам. Россиядаги ўзбек мигрантларига нима бўлади, деган масала очиқ. Ўзбекистон бу муаммони стратегик нуқтаи назардан секин-секин ечишга ҳаракат қиляпти", дейди Чинара Эсенгул.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони кескин – 6 баробарга қисқарди.
2016 йили уларнинг сони 4 миллиондан 6 миллионгача эканлиги айтилган бўлса, 2024 йили бу рақам бир миллион атрофида эканлиги эълон қилинди.
Қирғизистонлик таҳлилчининг айтишича, Россияга мигрантлар борасида қарамлик сақланиб қоларкан, Ўзбекистон Россия сиёсатини эътиборсиз қолдиролмайди.
"Яъни у на Хитой билан ёки Ғарб, на араб давлатлари билан ўта яқинлаша олади. Аммо у ҳозирча мувозанатни жуда яхши ушлаяпти. Тенг тақсимланган сиёсат дейилади бунга. Катта ўйинчилар орасида масофани тўғри сақлаяпти. Менимча, у шундай давом этади. Тенг тақсимланган ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон Евроосиё иттифоқининг тўлиқ аъзоси бўлмаслиги керак ва бўлолмайди".












