Мирзиёев невараси расмий сафарда, ҳомилада "айбдор" аёллар ва Каримов ҳақида гапириш мумкинмасми?

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
Ҳомилага фақат аёл сабабчими?
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров 14 октябрь куни бўлиб ўтган президент бошчилигидаги селектордан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига гапирар экан, аёлларнинг кетма-кет фарзанд кўришини танқид қилди.
Унинг айтишича, президент мажлисида аёллар интервалга риоя қилмаган ҳолда бир йилнинг ичида икки марта ҳомиладор бўлиши, носоғлом ва нимжон болаларни туғиши ҳақида гап кетган.
«Ҳурматли президентимиз мана шу ҳолатларни вужудга келмаслиги учун, янги Ўзбекистонни қурувчи баркамол авлод, соғлом авлод дунёга келиши учун, албатта, маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, диний уламолар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жойлардаги тиббиёт ходимларининг яна ҳам масъулият билан вазифаларга қарашлари бўйича танқидий муносабат билдирдилар», — деди Худаяров.
Вазирнинг айтишича, бу масалалар аҳоли орасида кенг муҳокама қилинади ва унга қарши чоралар тарғибот қилинади. «Агар мана шундай ҳолатлар такрорланадиган бўлса, буни маҳалла даражасида муҳокама қилиб, буни бартараф этиш чораларини кўрилади», — деди вазир.
Аммо, вазир ҳомилани режалашдаги эркаклар ролига тўхталмади.
Президентнинг невараси расмий сафарда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Президент администрациясининг раҳбари Саида Мирзиёева Британияга қилган расмий сафарига ўғли Миромонни ҳам олиб келди.
Мирзиёева хоним Оксфорд университетига қилган ташрифидан улашган суратларида ўғли Миромоннинг ҳам тадбирларда иштирок этаётганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, Saida Mizriyoyeva
Президентнинг невараси бундан аввал ҳам мамлакат ичидаги турли тадбирларда кўриниш берган, лекин бу унинг расмий хорижий сафардаги илк иштироки деб кўрилмоқда.
Унинг айнан қандай ролда делегация таркибида сафар қилаётгани ва унинг иштирокига боғлиқ харажатларни ким қоплаётгани бўйича изоҳ берилмади.
Мирзиёеванинг ёзишича, Оксфорд университетининг "Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари" факултетида эндиликда ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади.
Ташриф чоғида у университетдан мукофот қабул қилганини маълум қилди.
"Университетдан Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида мукофот қабул қилганимдан хурсандман", - деб ёзди у ўз саҳифасида.
Каримов ҳақида танқидий фикр билдириш ман этилганми?

Сурат манбаси, Vaqt.uz
Vaqt.uz нашрифининг янги "Сиёсат+" таҳлилий дастури эфирга узатилгач, бироз ўтиб ўзгартирилди. Ундан АҚШда яшаётган мухолифат фаоли, "Эрк" партиясининг собиқ лидерларидан бири Жаҳонгир Муҳаммаднинг сўзлари кесиб ташланди.
Кўрсатув "Каримов фаолиятига чизгилар" дея номланган бўлиб, унинг муаллифларига кўра, унда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов давридаги сиёсий тизимнинг кучли ва заиф жиҳатлари таҳлил қилинди.
"Унинг жамият ҳаётига таъсири, ҳукумат ва халқ муносабатларида қолдирган изи ва энг муҳими — бу тизимдан келажак учун қандай сабоқ олиш мумкинлиги ҳақида сўз боради", дейилади унга ҳамроҳ мақолада.
Кўрсатувда Тошкентда яшаётган собиқ "Эрк" фаоли Дилором Исҳоқова, сиёсатшунов Фарҳод Толипов, Каримов даврининг илк йилларида президент девонида бўлим раҳбари бўлиб ишлаган Шароф Убайдуллаев, блогер Отабек Бакиров ва бошқалар фикрлари берилган. Аммо, Каримовнинг ашаддий танқидчиларидан бўлган Жаҳонгир Муҳаммад ўзининг шарҳлари йўқолиб қолганидан таажжуб изҳор қилди.
"Илёсжон, "Каримов даврига чизгилар" дастурингизни эълон қилдингиз. Бир кўрганимда, менга ҳам ўрин бергандингиз. Иккинчи бор қарасам, қирқиб ташланибди. Нима бўлганини изоҳлай оласизми? Цензурани ким қилди", - дея савол қўйди у ўз Фейсбук саҳифасида.
Кўрсатув бошловчиси Илёс Сафаров бу савол остида жавоб қолдирмади, аммо ўз саҳифасида матбуот эркин эмаслигига ишора қилиб пост ёзди.
"Ишонаман, бир кун келиб ўзбек халқи албатта эркин матбуотга эга бўлади. Биз кўрамизми, йўқми, билмайман, лекин шу кунлар албатта келади.
Ўзбекистонлик нашрлар ва журналистлар ҳукумат ва хавфсизлик идоралари томонидан уларнинг кўрсатув ва мақолалари олдиртириб ташланаётгани ё ўзгартирилиши йўлида босим бўлаётганини айтиб келадилар.












