Каримов ва Мирзиёев даврларини қиёслаш вақти келди – британ журналисти Жоанна Лиллис

Сурат манбаси, BBC/Rasmiy
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 13 дақ
Лондонда Ўзбекистон ҳақида янги китоб нашр этилди. «Ипак cароб: Ўзбекистонда, кўзгунинг орқа томонида» деб номланган китобнинг муаллифи - британиялик таниқли журналист, The Economist журналининг Марказий Осиёдаги мухбири Жоанна Лиллис. Лиллис хоним яқин ўтмишда Ўзбекистонда яшаган ва ишлаган, ва кейин ҳам унга мунтазам сафар қилган. Ҳозирда Қозоғистонда яшаб ишлаб келаётган журналист 2018 йилда "Қора соялар: Қозоғистоннинг сирли дунёсида» номли китобини нашр қилганди. Унинг Ўзбекистон ҳақидаги китоби тақдимотини Лондоннинг Pushkin House маданият маркази ва Россия-Британия жамияти ташкил қилди. Томошабинлар қаршисида ўтказилган суҳбатни BBC мухбири Ибрат Сафо олиб борди.
Нега Ўзбекистон ҳақида китоб ёздингиз? Нега одамлар уни ўқиши керак ё Ўзбекистон билан қизиқишлари керак?
Раҳмат Ибрат, ва раҳмат Дейвид олқишли таништирув учун. Pushkin House ва Британия-Россия жамиятига ҳам бу тадбирга мезбонлик учун раҳмат. Ўзбекистонга шунча одам қизиқиб, бу ерга келганидан жуда хурсандман. Марказий Осиёда ишлайдиган журналист сифатида биз одатда у ерга қизиқишни уйғотишга қийналамиз. Саволингизга келсам, нега Ўзбекистон ҳақида китоб ёздим? Менимча, Ўзбекистонни яхши тушунишмайди. У ҳақида китоб ёзишимга сабаблардан бири шуки, Ғарб матбуотида кўп ҳолларда уни қолип, яъни эскича қарашлар билан тилга олишади: Ипак йўли, саҳро, туялар, мовий гумбазлар, дея. Худдики, у ўз ҳаётларини кечираётган инсонларга тўла мамлакат эмасдек. Уларнинг ҳам ўз орзу-ҳаваслари ва мақсадлари бор. Мен Ўзбекистон сиймосини тирилтиришни истадим. Ўзбекистонга бормаган ва, балки баъзиларингиз каби, борган ўқувчиларда бу қандай ўлка экани ҳақида билимни етказишни истадим. Ва айниқса одамлари ҳақида. Кўп ҳолларда Ўзбекистонликлар Ғарб матбуотида ўз овозларига эга эмаслар. Муҳаррирларимиз одатда Марказий Осиёга кўп саҳифаларни ажратишмайди, чунки бу кенг дунёда бошқа воқеалар кўп. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳар доим ўз фуқаролари гапиришини истайвермайди ва баъзида уларнинг овозини ўчиришга уринади. Мен шу одамларга минбар беришни истадим. Мен одамларда Ўзбекистонга бориш хоҳиш-истаги пайдо бўлишини истадим.
Суҳбатни томоша қилиш учун қуйидаги ҳаволани очинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Китобда Ўзбекистонга микроскоп орқали назар ташлагандексиз. Сиз Ўзбекистондаги охирги иккита ҳукуматни солиштиргансиз. Ўзбекистондаги даврлар одатда уларни ким бошқаргани билан таърифланади, масалан Ислом Каримов даври, сўнг Шавкат Мирзиёев даври. Ва баъзида анча йироқ ўтмишга ҳам назар ташлагансиз, ҳатто асрлар оша. Масалан, жадидлар аҳамияти ҳақида ёзгансиз. Яъни, китоб кўп даврларни қоплаган. Ўзингиз қисқача бир таъриф берасизми китобга, китоб нима ҳақида ва нималарни ёритади?
Китоб замонавий Ўзбекистон портретини чизишни мақсад қилган. Энг катта эътибор бу асрга, охирги 25 йилга қаратилган. Чунки бу вақтда менинг ўзим Ўзбекистон билан ишладим. Мен Ўзбекистонга 2001 йилда кўчиб бордим, ва 2005 йилгача яшадим. Кейин ҳам жуда тез-тез унга бориб турдим. Баъзида ҳатто бошқа хорижий журналистлар кириши қийин бўлган даврларда ҳам унга мунтазам бордим. Мен нафақат бу даврни, балки мустақилликка эришилгандан кейинги даврни кўрсатишни истадим, чунки мустақиллик унинг учун катта бурилиш бўлган. У 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаши билан мустақил давлат бўлди. Диққат марказида – шу. Лекин, Ибрат сиз айтганингиздек, мен тарихга ҳам юзландим, Ўзбекистон қаердан пайдо бўлгани ва қаерга қараб кетаётганини кўришга уриндим. Масалан, унга асос солинган 100 йил аввалга ҳам назар ташладим. Бу асрда эса, катта ўзгариш 2016 йилда бўлди, унда мустақил Ўзбекистонни 25 йил бошқарган Ислом Каримов вафот этди. Бу чорак аср дегани. Сиз айтганингиздек, Ўзбекистонни президентлар ифодалайди. Кимнингдир бошқаруви шу қадар узоқ бўлганига қараб, бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Китобимда у вафот этиши, ва бугунги президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келишини тасвирлаганман. Бунга мана тўққиз йил бўлди. Мен, айниқса, бу билан нима ўзгарганига қарашни истадим. Ислом Каримов даврида Ўзбекистон дунёдаги энг бешафқат режимлардан дея қайд этилган, у Шимолий Корея билан бир рўйхатда бўлган. Мирзиёев келганидан кейин нима ўзгарди? Мени илҳомлантирган нарса шуки, мен 2016 йилда Каримов вафотидан кўп ўтмай унинг Самарқанддаги қабрига бордим ва ўшанда бир нарсага ҳайрон бўлдим. Мирзиёев унинг ўрнига келганида, ҳамма нарса шу йўсинда давом этади деб ўйлашганди. Режим ўзгариши эмас, янада мустаҳкамланиши кутилганди. Авторитар ҳукм давом этиши кутилганди. Ҳа, Ўзбекистон жуда авторитар давлат бўлиб қолмоқда. Лекин, Шавкат Мирзиёев кутилмаганда катта кўламли ислоҳотларни бошлаб, ҳаммани чалғитиб қўйди. У сиёсий маҳбусларни озод қилди, қайсидир маънода матбуотни эркинлаштирди, ва кўплаб бошқа ислоҳотлар. Шундан илҳомландим. Яъни, Каримов қўли остида Ўзбекистон қандай эди ва бугун Мирзиёев қўли остида у қандай? Нима ўзгарди? Кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Лекин, нима ўзгармади? Ўзгармаган кўп салбий нарсалар ҳам бор.

Сурат манбаси, President.uz
Сиз ҳозир Мирзиёевга баҳо бериш учун тўғри вақт, деб биласизми? Яъни, уни Каримовга қиёслашга? Чунки у ҳукумат тепасида ҳали унча вақт бўлмади. Улар ўртасидаги контрастни чизиш учун бу тўғри вақтми?
Ҳа, мен бу тўғри вақт эканига ишонаман. Келаси йил Мирзиёев ҳукумат тепасига келганига 10 йил бўлади. Кўп Ғарб давлатлари учун бу иккита тўлиқ муддат дегани. Тўғри, у ҳали Каримовчалик узоқ муддат давлатни бошқаргани йўқ, лекин яна бир тўғри нарса шуки, у Каримовчалик узоқ муддатда қолиш учун ўзига ваколатни берди. Кўрамиз, нима бўлади. Вақтнинг тўғри эканига яна бир сабаб шуки, менимча, Ўзбекистон яна бир бурилиш бўсағасида турибди. Мирзиёев келгач, ўз ватандошларини кўплаб яхши ўзгаришлар билан мамнун қилди, уларнинг ҳаётини эркинроқ ва яхшироқ қилди. Лекин, анча ортга қайтишлар ҳам бўляпти. Тўғриси, бу китобни ёзишга киришганимда, у «диктатурадан демократиягача» деган мазмунда бўлишини кутгандим. Лекин, бу юз бермади. Китобимда кўпгина босимлар мисолларини келтирганман. Ўзини ислоҳотчи, сўз эркинлиги тарафдори деб атайдиган президент фаолиятидаги ортга қайтишлар, президентни танқид қилувчилар қамоққа ташланадиган муҳитга эътиборни қаратишни истадим. Каримов даврида, айниқса охирги 10 йиллар ичида хорижий журналистларга у ердан хабар узатиш жуда қийин эди. Ва, у ҳукумат танқид ва хабарларга муносабат ҳам билдирмасди, ёпиқ эди. Умидим шуки, Ўзбекистон бугун анча етук давлат, ва Мирзиёев ва унинг атрофидагилар давлатга теран фикр билан ёндошадилар, ҳамда бу китобда ўзбекистонликлар тилидан ёритилган муаммоларга жиддий ёндошадилар. Ўзбекистонда мана қарийб 10 йил ичида шунча ислоҳотлар бўлса-да, сезиларли сиёсий ислоҳотлар қилинмади. Шу жиҳатдан, Мирзиёев шунчаки Ўзбекистонга янгича бўёқ бериб, сиёсий жиҳатдан уни бошқача қиёфада кўрсатишга уринаётгандек туюлади. Президентлик ва парламент сайловларини шаффофроқдек кўрсатади. Лекин, ишончли халқаро кузатувчилар наздида, Ўзбекистон ҳануз эркин ва адолатли сайловларни ўтказмади. Ўзбекистонда 1991 йилдан бери, президентлик ва парламент сайловларида биронта ҳақиқий мухолифат аъзоси қатнашган сайлов ўтказилмади. Бу реформа эмас, реформатлаш.
Сиз китобда Мирзиёев қилган кўпгина ўзгаришларни ёритгансиз ва улардан халқаро ҳамжамият ҳақиқатдан ҳам яхши таассурот олган. Масалан, у минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар кўплаб йиллар азоб чеккан донгдор Жаслиқ қамоғини ёпди, у қўшни давлатлар билан чегараларни очди, валюта ислоҳотларини қилди. Демак ислоҳотлар бор, лекин сиёсий эмас деяпсиз. Нега у буни қилмайди деб ўйласиз?
У қилган баъзи ижобий ўзгаришларни эслатганингиз учун раҳмат. Уларни мен инсонлар ҳаётини ўзгартирган, дея тасвирлаганман. Бу ҳақиқат. Масалан, чегараларнинг очилиши, қўшнилар билан яхши алоқалар ўрнатилиши. Чунки 25 йил давомида Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида ёпиқ ўтириш одамларга қийин бўлган. Лекин, нега у ҳеч бўлмаса юзаки сиёсий ислоҳотларни ҳам қилмайди? Бу жуда яхши савол. Ўйлашимча, бунда қандайдир эҳтиёткорлик ва ҳатто пессимизмни илғаш мумкин. Яъни, одамларга сиёсатни эркин муҳокама қилишга рухсат берилса, ва уларда овоз бериш учун муқобил тарафлар бўлса, нима юз бериши мумкин, деган. Мирзиёев одамлар ўртасида катта дастакка эга. Албатта, бунинг сабаби тарғиботми ё бошқами, бу савол очиқ. Мен Мирзиёевни ёқтирадиган кўпгина одамлар билан гаплашдим. Лекин, шунча қўллаб-қувватлови бўлсаям, у сиёсий рақибларга дош беришга қодирман, деб ўйламаяпти. Ўйлашимча, гап қудратни йўқотиб қўйишдан қўрқиш ҳақида кетяпти.
Яна бошқача таърифласак, Мирзиёевда Ўзбекистондаги барқарорлик бўйича ўз қарашлари бор. Уларнинг кўпи асосли дейиш мумкин, чунки Ўзбекистон хавфли «маҳалла»да жойлашган. Қийин, беқарор маҳаллада. Жанубда Афғонистон, унча узоқ бўлмаган ҳудудда Эрон, Ҳиндистон ва Покистон можаролари. Демак, мен ўйлашимча, Мирзиёев барқарорлик ҳақида ўйлайди. Марказий Осиё ва собиқ Совет Иттифоқида мавжуд бўлган жиҳатлардан бири шуки, раҳбарият очиқ сиёсатни яхши нарса деб билмайди. Унга беқарорлик деб қаралади. Ва барқарорликни ҳамма нарсадан юқори қадрлайдиган давлат учун сиёсатни очиқ қилиш – қийин вазифа. Ҳозирча, мана қарийб 10 йил бўляпти, у буни қилмаяпти, шунча ваъдалар берса ҳам. Шахсан мен, бунинг вақти келди деб ўйлайман.
Келинг, Россия ҳақида гаплашайлик. Сиз иқтибос келтирган суҳбатдошларингиздан бири айтадики, Россия ўзгармагунча, Ўзбекистон ўзгармайди. Бу фикрга шахсан сиз қўшиласизми? Қўшилсангиз, нега?
Ҳа, суҳбатдошларимдан бири шу қизиқ фикрни билдирганди. Биз ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида гаплашаётгандик. Шахсан, мен бу фикрга қўшиламан. Биз Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсирига кам баҳо бермаслигимиз керак. Нафақат Марказий Осиё, балки умуман собиқ Совет республикаларига. Биз кўп гувоҳи бўлдик, бу ҳудудларда давлатлар либерал ўзгаришларни қилишга уринганида, Россия аралашади, буни бартараф қилади ё тўсиқ яратади. Шу жиҳатдан, Россиянинг муҳим роли борлигига қўшиламан. Россия ўз чегаралари яқинида муваффақиятли демократик давлатлар бўлишини истамайди. У ўша давлатлар билан ўз давлати ўртасида қиёслашлар бўлишини истамайди ва ўзига ўхшаш авторитар лидерлар билан муносабатда бўлишни афзал кўради. Шундай экан, албатта бунга қўшиламан.
Контрастларга келсак, Каримов ташқи кучларни, айниқса Россияни масофада ушлаган.
Ҳа, тўғри, ва бу контраст шу жиҳатдан қизиқ, Путин учун ҳам. Мирзиёев билан ишлаш унга осонроқ. Каримов ўз қарорини тез ўзгартириши билан танилганди. 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ғарб ҳарбий базага эга бўлиш учун унга яхши муносабатда бўлди. Лекин, Ғарб уни танқид қилиши биланоқ, ҳарбий базани ёпарди ва Россияга яқинлашаётгандек кўринарди. Аслида эса у ҳеч кимга яқин эмасди – у характери оғир, яккаликни яхши кўрадиган, хабар қилинишича, бирга ишлаш жуда қийин бўлган одам эди. Мирзиёев эса, шубҳасиз, муомалали ва башорат қилиш осонроқ сиёсатчи. У Россия муҳим шерик эканини, ҳам сўзда, ва ҳам амалда яққол намойиш қилади. Масалан, у Путинни ўтган йили Тошкентда қизил гилам тўшаб кутиб олди ва бу ижтимоий тармоқларда кўп танқидларга сабаб бўлди. Айни дамда, Мирзиёев ишлаш қийин бўлган қўшни билан тил топишишга уринаётгандек ҳам кўринади. У Россияни ҳафа қилишни истамайди ва уни муҳим шерик деб ҳам билади.
Mirziyoev bir xatoni qilyapti – ya’ni, dunyoviy muxolifatga ruxsat bermayotgani sabab, yagona muqobil yo‘l siyosiy Islom bo‘lib ko‘rinib qolyapti.
Президент Мирзиёевнинг энг катта ислоҳотларидан бири – диний эркинликлар. Бу ҳам Каримов вақти билан солиштирилса, энг катта контрастлардан бири, чунки Каримов даврида минглаб мусулмонлар, баъзида ҳатто намоз ўқигани учун қамалганди. Мирзиёев давлат тепасига келгач, диндор қатламга эркинликлар берди ва бу, ўзига яраша, Исломий ренессанс дея таърифланди. Масалан, Ҳаж ва Умрага бориш учун квоталар олиб ташланди, Қуръон мусобақалари ўтказилди ва ҳоказо. Лекин, кузатувчиларга кўра, бу диний эркинликлар энди бироз чекланяпти. Сиз бу борада қандай фикрдасиз? Ва Ўзбекистонга борганингизда нималарга гувоҳ бўлдингиз?
Ҳа, Исломий ренессанс деган таъриф бунга тўғри келади. Чунки Каримов даврида Исломнинг ўрни, мусулмонлар тақвоси чекланганди ва бу ҳозирда сезиларли даражада ўзгарган. Шубҳасиз, бу - Мирзиёевнинг хизмати. Каримов сиёсий Исломдан шубҳаланган ва унда бу борада ваҳима шаклланганди. Радикализм хавотирлари ундаги Ислом ҳақидаги паранойяга етаклаган. У Исломни назорат қилишга бор кучи билан берилди ва Хавфсизлик идоралари томонидан таҳдид дея кўрилган одамлар жазоланди. Ҳар қандай тақводор шахс, ҳатто масжидга кўпроқ боргани учун, соқол қўйгани ё муайян тарзда кийингани учун таҳдид деб ҳисобланиши мумкин эди. Бу минглаб мусулмонларнинг даҳшатли шароитлардаги турмаларга ташланишига етаклади ва уларнинг баъзилари бундан омон чиқмади. Мирзиёев қўли остида эса, Ислом атрофидаги мурватлар бўшаштирилгани ҳуш қарши олинди. Ўзим ҳам гувоҳ бўлганим, Ислом амаллари энди анча очиқ - масалан Рамазон жуда кенг нишонланади, жуда кўп одамлар масжидга чиқади. Айни вақтда гувоҳ бўлганим, айниқса ижтимоий тармоқларда Ислом ва дин ҳақидаги шарҳлар устидан назорат кучайган. Гумон кўп. Ижтимоий тармоқлардаги гаплари учун, улар унчалик хавфли бўлмаса-да, қамалган одамларни кўряпмиз. Хуллас, Каримов сиёсий Исломдан жуда-жуда қўрқарди. Бу қанчалик асосли бўлганини баҳс қилишимиз мумкин. Чунки Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам радикал Исломнинг кўринишлари бўлган, масалан бомба ҳужумлари. Мирзиёев англаса керак, сиёсий Ислом кўпларга жуда ёқимли кўринади. Лекин, у бир хатони қиляпти – яъни, дунёвий мухолифатга рухсат бермаётгани сабаб, ягона муқобил йўл сиёсий Ислом бўлиб кўриниб қоляпти. Ҳозирда сиёсий Ислом Ўзбекистонда муайян бир шаклда деб айтиб бўлмайди, лекин ўйлашимча унинг салоҳияти бор. Айниқса, дунёвий мухолифатдан рақобат йўқлиги назарга олинса.

Сурат манбаси, President.uz
Сиёсий Исломга аҳоли орасида анчагина катта дастак бордек кўринади. Масалан, ўз матбуот воситалари ва нашриёти бўлган Мубашшир Аҳмаднинг яқинда қамалишига бўлган муносабатларни назарда тутсак. Ундан ташқари Мирзиёевнинг Исломий ренессанси даврида кўпгина имомлар интернетда машҳур бўлиб, юз минглаб муридларга эга бўлдилар, баъзилари ҳақида китобингизда ҳам ёзгансиз. Яъни, бу каттагина қўллаб-қувватлов. Каримовни қўллаганлар айтиши мумкин, Каримовда сиёсий Исломдан қўрқишга асос бор эди. Масалан, сиз 90-йиллар бошларида Каримовнинг Наманганда, Исломий давлат ва шарият қонунлари ўрнатилишини истаган тақводор қатлам томонидан сиқувга олингани мисолини ёзгансиз. Каримов уларни таъқибга олиши билан, у одамларнинг баъзилари Афғонистонга қочди, Ўзбекистон Исломий ҳаракатини тузди ва Толибонга ҳам қўшилди. Демак, баъзилар айтиши мумкин, Каримов ҳақ бўлган – чунки у қўйиб берса, Ўзбекистон ҳам Толибонникидек тузумга айланиши мумкин эди. Бу асосли бўлса, балки Мирзиёев ҳам шуни англаётгандир?
Ҳа, бу фикрда албатта жон бор. Аммо, масаланинг қийин тарафи шундаки, бу воқеалар Каримов ҳақлигини исботладими, ёки унинг қаттиққўллиги аксинча шу воқеаларни келтириб чиқардими? Бу баҳслар одатда Ўзбекистондан ташқарида юз берарди, ва Каримов даврида хорижлик шарҳловчилар бу қаттиққўллик аслида тескари самара бераётганини айтишарди. Яъни, босим ортидан аксинча, Исломга қизиқиш ортган, давлатга адоват ва, эҳтимолки, радикализм кучайган. Ўйлашимча, Мирзиёев, албатта, Ислом аҳоли орасида қанчалар дастакка эга эканини кўра оляпти ва айни дамда минтақада сиёсий Исломнинг қандай ишлашини ҳам кўряпти. Масалан, Афғонистон ва Эронда. Мен уни Исломий эркинликларни чеклаяпти деб айтмаган бўлардим, лекин Ислом борасида кесиб бўлмайдиган қизил чизиқлар борлиги аниқ. Уларни кесганингизда, қамоққа олинишингиз мумкин ва бу юз беряпти. Ҳукумат Исломни, Ислом борасидаги мунозарани назорат қилишни хоҳлайди ва бу унга маъқул мунозара бўлиши керак. Бунда радикал ё экстремистик бўлмаган, шунчаки ҳукумат эшитишни истамайдиган қарашлар босимга олинади. Бу фикр эркинлиги масаласи. Чунки уни нафақат динда, балки сиёсатда, матбуотда ҳам кўряпмиз. Ҳукумат фикр эркинлигидан қўрқади.

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva
Қизил чизиқлар, дедингиз. Мирзиёев даврида яна қандай қизил чизиқлар бор, айтайлик сиёсатда, матбуотда, ҳаётда нималар ҳақида гапира олмайсиз?
Айниқса, матбуотда қизил чизиқлар борган сари аниқроқ кўрина бошлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда. Мирзиёев давлат тепасига келганида ва журналистларга ҳақиқий муаммоларни ёритишни айтганида, жуда катта ҳаяжон юзага келди. Журналистлар ҳайратда қолишди. Чунки шу пайтгача уларнинг вазифаси давлат пропаганда машинасига хизмат қилиш эди. Мустақил матбуот у ёқда турсин, ҳатто хусусий матбуот ҳам деярли йўқ эди. Тўсатдан уларни тўртинчи қудратга айланиб, муаммоларни олиб чиқиб ҳукуматни танқид қилишга рағбатлантира бошлашди. Бу журналистлар учун кутилмаган давр бўлди. Лекин, вақт ўтиши билан журналистлар қизил чизиқларга дуч кела бошладилар. Матбуот ҳақидаги бобимни ёзаётганимда мен жуда жасур ва довюрак профессионал журналистлар билан суҳбатлашдим. Лекин айни дамда, кўпгина журналистлар ўз хавфсизлигидан хавотир билдириб, мен билан суҳбатни рад қилишди, баъзилари микрофонсиз гаплашди. Бу мен учун ноодатий бўлди, чунки Қозоғистонда яшайман ва у ерда журналистлар тинимсиз менга мурожаат қилиб ўз муаммоларини айтишига ўрганганман. Ўзбекистонда эса журналист журналистга гапиришдан қўрқаётгани мени бироз ҳайратга солди. Журналистлар қамоққа ташланишини ҳам кўряпмиз. Улар менга ўзаро суҳбатда айтишларича, гапириб бўлмайдиган мавзуларни билишади, ҳамда уларга материални олиб ташлаш учун қўнғироқлар бўлади, масалан Украина уруши бўйича расман хабар қилинмайди, чунки ҳукумат бу муҳокама этилишини истамайди.
Бу яна Россиянинг таъсирига бориб тақаладими? Яъни, Россия Украина уруши муайян тарзда ёритилишини истамайдими?
Ҳа, ўйлашимча, ҳукумат Украина мавзусининг очиқ муҳокамасини бартараф қиляпти, чунки у жуда эҳтиёткор бўлишни истайди. У Россияни ғазаблантиришни ҳам ва уни ҳаддан ташқари дастаклаётгандек кўринишни ҳам истамайди. Бу яққол кўринади. Масалан, Қозоғистонда матбуот Украинани очиқча ёритади, ҳатто давлат матбуотида турли жанглар мажмуасини кўра оласиз. Ўзбек матбуоти эса асосан жим. Ҳукумат журналистларга турли мавзуларни ёритмасликни айтиб қўнғироқ қилганини ҳам биламиз. Тушунишимча, Қозоғистондаги 2022 йилги зўравонликлардан кейин ҳам журналистларга бу мавзуга яқинлашмаслик буюрилган. Ахир бу ён қўшни давлатда юз бераётган катта воқеа эди ва унда одамлар ўлди, лекин ўзбек журналистларига уни ёритмаслик буюрилган. Эслайман, 2001 йилда 11 сентябрь воқеалари юз берганида мен Бухорода эдим. Ўшанда Ўзбекистон телевидениесида бу умуман хабар қилинмади, ўрнига теннис мусобақаси кўрсатилди. Мен Россия каналларидан ўша даҳшатли хабарларни билиб олдим, унда интернет ривожланмаган эди. Ўзбек журналистлари уларга бу ҳодисани қачон ва қандай ёритишни айтишларини кутишган. Бугун бу юз бермаса керак, чунки довюрак журналистлар кўп Ўзбекистонда, ижтимоий тармоқлар ҳар қандай хабарни омма муҳокамасига олиб чиқа олади.

Сурат манбаси, President.uz
Сиз ёзасизки, журналистлар кесиши мумкин бўлмаган энг катта қизил чизиқлардан бири бу – президентнинг оиласи. Бу тегиб бўлмайдиган мавзу. Китобингизда сиз президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг кўтарилиши ҳақида ёзгансиз. У бугунда президент администрацияси раҳбари. Шунингдек, китобда Гулнора Каримова ҳақида батафсил ёзгансиз. У ўз характери ва йирик коррупцион амаллари билан Ўзбекистонни дунёга машҳур қилганди. Сизнингча, Ўзбекистон Гулнора ишидан сабоқ чиқарганми ва бугунда бошқача иш олиб боряптими?
Ҳа, Гулнора Каримова машмасаси Каримов даврининг ҳал қилувчи воқеаси бўлди. Унинг бизнесга бўлган тўймас иштаҳаси, турли давлат секторидаги манфаатлари... Мен Ўзбекистонда яшаганимда, менга айтишарди, «мана бу Гулнора Каримованики, мана бу ҳам Гулнора Каримованики», бу кўнгилочар шоу-бизнесдан тортиб телекомунникациялар секторигача ёйилганди. Бу соҳада унга қарши коррупцион айбловлар билан дунё бўйлаб бир нечта ишлар очилди. Буларнинг охирида у ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан ажойиб тарзда ўзини уятга қўйди ва охири профиллари ёпилиб, уй қамоғига тушди. Сўнг Мирзиёев даврида расман қамоққа олинди. Бу катта машмаша бўлган. Хўш, сабоқ чиқарилдими? Жавобим - «ҳа ва йўқ». Каримова ва Мирзиёеваларни солиштирсангиз, ўхшашлиги шуки, уларнинг иккови ҳам Ўзбекистонда таниқли шахслар. Лекин, ўхшашлик шу билан тугайди, менимча. Чунки Саида анча ҳушёр шахс, унинг сиёсатга муносабати жиддий. У Мирзиёевга ворис деб ҳам кўриляпти. У Гулнора Каримовага қараганда анча мулоҳазалироқ кўринади. Лекин, бунинг бошқа тарафи ҳам бор. Биламанки, кўпгина ўзбекистонликлар юқоридаги оила аъзоларини, айниқса улар тобора кўп бўлса, ҳукумат лавозимларида кўришни исташмайди. Непотизм уни амалга ошираётганлардан бошқа ҳеч кимга ёқмайди. Бу адолатли рақобатдек кўринмайди. Ҳа, Саида Мирзиёева ишга лаёқатли кўринади, лекин непотизм элементи мавжуд. Гулнора Каримова можаросидан сабоқ чиқаришдими, деб сўралганда, мен йўқ деб жавоб берадиган соҳа шуки, уларнинг бизнесда тутган катта ўрни. Мен Гулнора Каримова айбдор деб топилган ва айбланган йирик коррупция бугунги Ўзбекистонда юз беряпти демоқчимасман, лекин гувоҳи бўлаётганимиз – Мирзиёев оиласининг аъзолари бизнесда аҳамиятли ўринларни эгаллашмоқда. Улар қанчалик бунга лойиқ бўлмасин, буни кузатаётган одамлар албатта непотизм ва таниш-билишчиликни кўради. Улар бизнесда муваффақиятли бўлиш учун ҳамма тенг имкониятларга эга бўлиши керак, дейишади.
Китобингизда яна бир парадокс ҳақида ёзгансиз. Яъни Мирзиёев Каримов давридан қолган тизимнинг кўп жиҳатларини ўзгартирди, айниқса иқтисодда, лекин айни дамда у Каримовга бир авлиёдек қарайди. Унинг ҳайкали пойига гул қўяди. У ҳақида ҳали ҳам телевидениеда ё матбуотда кўп танқидий фикр билдириб бўлмайди. Нега Каримов давридаги жиноятлар ва камчиликлар очиқча муҳокама қилиниб, Ўзбекистон учун буткул янги даврни бошлашмайди? Нега бундай ғалати парадоксни кўрамиз?
Ҳа, парадокс мавжуд. Менинг китобимдаги қисқа бир бобда Янги Ўзбекистонда Каримовга нисбатан мана шундай зиддиятли муносабат борлиги ҳақида ёзганман. Каримов - «эски Ўзбекистон» дегани. Бир тарафдан, Мирзиёев ҳақиқатдан ҳам Каримовнинг кўп соҳаларда: матбуот, ижтимоий соҳа, иқтисоддаги қоидаларини ўзгартирди, лекин бошқа тарафдан, Каримов даври ҳали очиқ баҳсу-мунозараларга олиб чиқилмади. Аксинча, Каримов Ўзбекистоннинг асосчисидек кўкларга кўтарилади. Унинг қабри зиёратгоҳга айланган, устига мақбара қуриб безатилган. Бу – парадокс. Лекин, бу ҳолат мен "Ипак сароб" китобимда ёзадиган муайян воқеаларга мос тушади. Ҳамма гап айбларга иқрор бўлиш ё бўлмасликда. Китобимдан ўтмишдаги гуноҳларни ювиш мавзуси катта жой олган. Мирзиёев сиёсий маҳбусларни озод қилди, лекин улар аслида нега қамалганларини муҳокамага олиб чиқмади. Бу маҳбусларга нисбатан қилинган адолатсизликларни тўғирлашга ҳаракат қилинмади. Кўп ҳолларда бу маҳбуслар жазони тўла ўтаб бўлганларидан кейин чиқишди – яъни, уларга «узр, биздан хато ўтибди» дея, дарвозаларни ланг очворишмади. 2005 йилги Андижон хунрезликларида юзлаб одамлар ўлган, лекин у ҳам очиқ муҳокама қилинмади. Шунчаки прокуратуранинг нуфузли вакили бегуноҳ одамлар отилганини тан олди. Биттагина жумла билан, «ҳа, хатолар қилинган», қабилида. Одамлар 25 йил диктатурадан жабр чекканидан кейин, уларга ўтмиш жиноятлари ҳақида гапириб юракларини бўшатиб олишларига имкон берилиши керак, деган қарашлар бор. Ким, қандай жиноятни қилди, нега қилди – булар очиқ гапирилиши керак. Мақсад – бу жиноятларнинг келажакда такрорланишининг олдини олиш бўлиш керак. Хўш, бу нега юз бермаяпти? Бу Ўзбекистон учун ўта нозик масала. Авваламбор, Мирзиёев давлат тепасига келишдан олдин 13 йил Каримовнинг бош вазири бўлган. Унинг ўзи ўша жиноятларда шахсан айбланмаётган бўлса-да ва Ўзбекистонда бош вазир анча технократик рол деб кўрилса-да, Мирзиёев ўша режимнинг жиддий иштирокчиси эди. Шунга менимча, бундай мунозарани очиш қийин. Лекин мен ҳам, китобимдаги суҳбатдошларим, масалан ўзига қилинган адолатсизликларга қарши курашаётган собиқ маҳбуслар ҳам бундай мунозарага зарурат бор деб биламиз. Агар Мирзиёев адолат билан ўша даврга баҳо берилишига ва ҳатто баъзилардан кечирим сўралишига йўл очса, бу мавжуд тизимни барбод қилмайди. Аксинча, у Ўзбекистонни келажакка юзланган кучли давлат сифатида ривожлантиради.













