Украина фронтидан Истанбулгача: Тинчлик музокаралари нимани ўзгартиради?

- Author, Ёгита Лимае
- Role, Шарқий Украина
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Мен ҳозир Украина дронларининг шарқий Покровск шаҳри чеккасидаги энг қизғин фронт чизиғидан олиб узатилаётган жонли эфирида катта тутун булутларини кўриб турибман.
Бир неча сония олдин Украина артиллерияси рус позицияларига зарба берди. Биз айнан шу жойларда рус аскарларининг Покровскга олиб борадиган асосий йўлга яқинлашишга уринаётганини кўрган эдик.
Зарба натижасида камида бир рус аскари яраланган, эҳтимол ҳалок бўлган.
Бўлаётганларни жонли эфирдан томоша қилиш даҳшатли.
Булар Россия бошлаган урушнинг қонли оқибатларини яққол кўрсатади. Бу урушда ҳозирга қадар юз минглаб одамлар ҳалок бўлди.АҚШ президенти Доналд Трамп таъбири билан айтганда - "тугамайдиган қонли қирғин".
Биз Украина армиясининг 155-механизациялашган бригадаси учун қўмондонлик марказига айлантирилган қишлоқдаги бир уйдамиз.
Экранларда кўриб турганимиз вайронагарчилик кўлами; бутунлай текисланган уйлар ва бинолар - олти ой олдин кўрганларимиздан анча катта.
Бу Донецк вилоятидаги муҳим транспорт тугуни бўлган Покровскни ҳимоя қилиш учун сўнгги бир неча ой давомида олиб борилган шиддатли жангларнинг исботидир.

Бу ҳафта ўт очишни тўхтатишга бўлган умидлар қайта-қайта пучга чиққанига гувоҳ бўлган ишончсиз аскарлар орасида ҳам эҳтиёткорона оптимизм сезилмоқда. Бунинг сабаби АҚШ, Европа, Туркия ва бошқа давлатларнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари Россия ва Украинани уч йилдан бери биринчи марта тўғридан-тўғри музокараларга ундаганидир.
Ўзини "Козак" чақирув белгиси билан таништирмоқчи бўлган офицер шундай деди: "Ўйлайманки, нимадир содир бўлиши керак, чунки бу музокараларни биринчи бўлиб Россия талаб қилди. Назаримда, улар 2022 йилдан бери ҳар қандай музокараларга киришишни рад этишган."
"Мен бу урушга хотиманинг бошланиши бўлишига ишонмоқчиман."
"Айни вақтда биз уларнинг захира қисмлари ва таъминот линияларини муваффақиятли йўқ қилганимизни кўриб турибман. Россиянинг бошидаги кучи ва қудрати йўқолган. Шу сабабдан ҳам бир нарса содир бўлади деб ўйлайман."

37 ёшли Юрий Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб киришидан олдин технология компаниясида ишлаган.
"Улар (Россия ва Украина) ўзаро гаплашишни бошлашлари керак. Биз, аскарлар, бу урушнинг тугашини хоҳлаймиз. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, биз уни тўхтата олмаймиз, чунки биз уни бошламадик", дейди у.
У экранга қарайди ва яна рус аскарларининг ҳаракатланаётганини кўради. У ва унинг ҳамкасблари уларнинг позициялари координаталарини ҳисоблаб чиқадилар ва уларни ўзларининг артиллерия бўлинмасига узатадилар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Биз қўмондонлик марказидан артиллерия позициясига кенг очиқ далалар бўйлаб ўтадиган лойқа йўллар орқали машинада кетяпмиз. Лой парчалари ҳавога кўтарилади, машинамиз сирпаниб, тойилиб кетади, биз эса имкон қадар тезроқ ҳаракат қиламиз. Тезликни бундай ошириш - 2023 йилда катта миқдорда қўллана бошлангач, Россия ва Украина учун ўлим ҳолатларини кескин оширган дрон зарбаларидан сақланишнинг бир усулидир.
Уруш технологиялари эса ривожланишда давом этмоқда. Энди янги таҳдид пайдо бўлди – учаётганда ўзидан ҳақиқий оптик толали кабелни ёядиган дронлар.
"Биз уларни аниқлай ёки зарарсизлантира олмаймиз, шунинг учун ҳозир бу ҳудудда биз билганимиздан анча кўп дронлар бўлиши мумкин", дейди Юрий.
Дарахтлар ва буталар остида яширинган артиллерия позициясига кириб борар эканмиз, аскарлар аллақачон тўпни ўқлашмоқда. Бу Францияда ишлаб чиқарилган ўзиюрар артиллерия қурилмаси бўлиб, "Цезар" деб аталади. Уруш бошидан бери Украинада кўплаб шундай қурилмалар ишлатилган ва Франция уларнинг ишлаб чиқаришини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

"Менга унинг аниқ нишонга олиши жуда ёқади. Биз турли хил ўқ-дорилардан фойдаланишимиз мумкин. Энг муҳими, уни жуда тез жанговар ҳолатга келтириш мумкин. Бу мен ишлатган эски Совет техникасидан анча самаралироқ", дейди Козак.
Украина аскарлари тўртта ўқ отишди, ҳар бири қулоқни қоматга келтирадиган овоз чиқаради. Атрофимиздан кирувчи снарядлар овозини ҳам эшитамиз. Жанг давом этмоқда.
"Эшитиб турганингиздек, душмандан ҳужум тўлқини келяпти ва биз уларни бостириш учун кўп ўқ-дориларга муҳтожмиз. Умид қиламизки, халқаро ҳамкорларимиз бизга имкон қадар кўпроқ ўқ-дори беришади, чунки агар биз муҳим ва муҳим бўлмаган нишонлар орасида танлашга мажбур бўлсак, душман муваффақиятга эришади", дейди Козак.
Биз аскарлардан Украинанинг ён беришига, тинчликни таъминлаш учун ерларини беришига тўғри келиши мумкинлиги ҳақидаги таклифлар ҳақида нима ўйлашларини сўраймиз.
"Буни ҳатто эшитиш азоб. Mен ҳам оилам бағрига қайтишни хоҳлайман. Қизим саккиз ёшда, мен уни жуда соғиндим. Аммо биз кучли бўлишимиз керак. Агар биз бир қанча ҳудудни берадиган бўлсак, улар тўхтайди деб ўйламайман. Бир неча йилдан кейин улар қайтиб келиб, ҳаммасини бошидан-бошлашади", дейди Юрий.
"Бу ерга келмаган, Россия тажовузининг оқибатларини сезмаган одамлар, ўша креслодаги шарҳловчилар ер беришинг мумкин ва ҳамма нарса тугайди дейишади. Улар биз қанча ака-ука ва дўстларимизни йўқотганимизни ҳеч қачон тушунишмайди. Биз еримизнинг бир метрини ҳам бермаслигимиз керак", дейди Козак.

Украинанинг ўз ерини ҳимоя қилиш учун тўлаган бадали ҳамма жойда кўринади. Бу айниқса автомобиль йўллари бўйлаб, шаҳар марказий майдонларидаги ёдгорлик деворларида ва мамлакатдаги янги қазилган қатор-қатор қабрларда жилмайиб турган ёш аскарларнинг фотосуратларида яққол сезилади.
Яна Степаненко меҳр билан ўғлининг севимли егуликлари – бир чашка иссиқ шоколад ва шоколадли пишириқ сотиб олади.
Сўнгра у Запорожье жанубий шаҳридаги қабристонга боради ва уларни 22 ёшли Владиславнинг қабри ёнига эҳтиёткорлик билан қўяди. 13 ёшли қизи Никол билан қабрни нам салфеткаларда артишади. Кўп ўтмай, улар бир-бирларининг қучоғида таскин тополмай йиғлаб юборишади.
Владислав Украина армиясида дрон оператори бўлган. У шу йилнинг 21 февралида Россия зарбаси натижасида жангда ҳалок бўлган.
Янага тўғридан-тўғри музокаралар қайта бошлангани ҳақидаги хабар ҳеч қандай умид бермайди. "Менга бу уруш абадийдек туюлади. Албатта, улар ечим топишига умид қиламан. Чунки у ерда ҳам, бу ерда ҳам (Россияда) одамлар ҳалок бўляпти. Аммо Путин очкўз. Унинг бизнинг еримизга бўлган иштаҳасини қондириб бўлмайди", дейди Яна.

Запорожье вилоятининг бир қисми ҳозирда Россия томонидан босиб олинган, фронт чизиғи шаҳардан 40 милдан камроқ масофада жойлашган.
Аммо Россия бир неча бор ҳар қандай тинчлик шартномасининг бир қисми сифатида Запорожье, Луганск, Донецк ва Херсон вилоятларининг тўлиқ назоратини талаб қилган.
"Йўқ. Мен Россияда эмас, Украинада яшашни хоҳлайман. Биз уларнинг босқин остида нималар қилишганини, Буча каби жойларда нималар қилганини – уларнинг шафқатсизлиги ва қийноқларини кўрдик", дейди Яна.
"Тасаввур қилинг-а, улар ҳатто бу қабристонни ҳам аяшмади", дея қўшимча қилади у бир неча ой олдин бомба портлаган яқин атрофдаги катта чуқурликни кўрсатиб.
Кўзларидан ёш оқиб, у яна шундай дейди: "Болам бекорга ўлмади деб умид қиламан. Ҳали ғалаба бўлади ва бутун Украина озод бўлади".












