Туркманистон президенти нега ниқоб тақди? Коронавирус

Туркманистон президенти

Сурат манбаси, Turkmenistan TV

Сурат тагсўзи, Ниқобда балиқ овлаш.

Охирги кунлардаги бир тасвир минтақада кўпчиликни ҳайратга солмоқда.

Туркманистон президенти ниқоб тақиб экранда намоён бўлди.

Президент Бердимуҳаммедов ушбу лавҳада саҳро ўртасидаги чоғроқ сув ҳавзасида балиқ овлагани кўрсатилган.

Видеода президент катта-катта балиқларни тутади.

Аммо кўпчилик эътиборини бошқа ҳолат ўзига тортди.

Жаноб Бердимуҳаммедов маска ёки ниқобда эди.

Туркманистонда расман ҳали коронавирус аниқланмагани айтилади.

Маҳаллий матбуот эса президентнинг ниқоб тақишини вирусларга тўла чангдан ҳимояланиш учун, деб изоҳлаган.

Аммо Бердимуҳаммедов шу пайтгача саҳро ёки бошқа жойларда кўрсатган трюклари ҳамда бошқа амаллари чоғида ниқоб тақмасди.

Ниқоб таққан президент бу балиқ овида ҳам тинимсиз муваффақият қозониб, кўплаб балиқ тутди.

Кейин у балиқларни болалар уйига олиб бориб берган.

У ердаги болалар ҳам ниқоб тақишган.

Яқинда Туркманистон ҳам ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланиш қоидаларини киритди.

Ўтаётган ҳафтада ресторан, кафе ва бозорлар ёпилиши айтилди.

Давлат телеканаллари иккита қўшпарракли эски самолёт кимсасиз қишлоқни ҳаводан дезинфекция қилаётганини кўрсатишган.

Туркманистон коронавирусга қарши чоралар қўлласа-да, аммо худди Шимолий Корея каби ўз ҳудудида вирус йўқлигини айтиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek