Россия: Муслималар нега ҳимояга муҳтож?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия: Муслималар нега ҳимояга муҳтож? - шу кунларда пойтахт Москвадаги Мусулмонларга психологик ёрдам кўрсатиш ассоциацияси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бўлаётган мурожаатларга эътибор қаратди.
Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача, деб нисбат берилса, уларнинг салмоқли қисмини айнан Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ташкил этишади.
Россиядаги биргина Ўзбекистонлик хотин-қиз мигрантлар сонларининг ўзи ярим миллиондан ортиши тахмин қилинади.
Россиядаги биргина Ўзбекистонлик хотин-қиз мигрантлар сонларининг ўзи ярим миллиондан ортиши тахмин қилинади.
Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятга ойдинлик киритиш учун Москвадаги Мусулмонларга психологик ёрдам кўрсатиш ассоциацияси раҳбари Ольга Павлова билан суҳбатлашди:
Ольга Павлова: Муҳожирлардан бизга бўлаётган мурожаатлар умумий ҳисобда 3-5 фоизни ташкил қилади. Улар руҳий сиқилишлар, оилавий муаммолар, ота-она ва болалар орасидаги муносабатларда, шунингдек, бегона юртда дуч келинаётган маълум бир мураккаб вазиятларда маслаҳатлар сўрашади. Масалан, яқинда оиладаги зўравонлик мавзуси кўтарилди. Бу ҳам жамиятимизнинг долзарб муаммоларидан бири саналади.
Би-би-си: Нима учун мусулмонлар учун алоҳида психологик марказ?
Ольга Павлова: Эътиқод - иймонли инсон учун руҳий барқарорликнинг кучли манбаси ҳисобланади. Шу боис мурожаат қилувчи ҳам, маслаҳат берувчи ҳам эътиқодли ва бир дин вакиллари бўлишса, улар бу манбадан шахснинг руҳий ҳолатини тикланиши ва мустаҳкамланиши учун фойдаланиши мумкин.
Би-би-си: Муҳожирлар сизлар билан боғланиш учун қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
Ольга Павлова: Ташкилотимизнинг ўз сайти, электрон манзили ва ижтимоий тармоқларда саҳифалари бор, ишонч телефонимиз куну-тун ишлаб турибди. Биз билан ёзиб, қўнғироқ қилиб, барча замонавий воситалар орқали боғланиш мумкин. Албатта маслаҳат ва кўмак берамиз, ёки жамоамиз учун мутахассислар ҳам танлаймиз. Бизда турли йўналишлар бўйича хизмат кўрсатувчи ходимлар бор. Психолог, психиатр, невролог ва бошқа тиббий ёрдамга мухтожларга ёрдам берамиз. Ҳаттоки, ҳузуримизга келиш имконияти бўлмаганларга масофадан туриб, онлайн маслаҳат ҳам беришимиз мумкин.
Би-би-си: Диний идораларнинг ёрдамига таянишга тўғри келса керак?
Ольга Павлова: Албатта. Биз Россия мусулмонлар идораси, диний қўмитаси, Ал-Васатия ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номли диний-маърифий марказлар билан мунтазам ҳамкорлик қиламиз. Тренинглар, гуруҳ машғулотлари ҳам ташкиллаштираяпмиз. Мусулмонларимизни қийнаётган саволларга олимлар жавоб берадилар, диний илм олиш борасида ёрдам кўрсатилади. Бу ердаги муҳожирларга кўмаклашувчи юристлар билан биргаликда ишлаймиз. Мурожаат қилувчиларнинг муаммолари ҳар томонлама ўрганилиб, албатта ижобий ҳал қилинади.
Би-би-си: Узр, бу савол учун: Эгнингиздаги атлас либосни қаердан олдингиз?
Ольга Павлова: Биз бу йил шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф оиласининг таклифи билан Ўзбекистонда бўлдик. Шайхнинг қизи - Одинахон Муҳаммад Юсуф бизни таклиф қилди. Бу гўзал ўзбекона либосларни ўша ерда ерда олдик. Ўзбекистонда бўлган ўша иссиқлик хамиша юрагимизни иситиб турибди. У ер бизга жуда ёқди ва умид қиламизки, иншааллоҳ яна борамиз деб.
Би-би-си: Россияда сўнгги йилларда Ислом динининг қамрови кенгайиб бораётгани кузатилмоқда.
Оммавийлиги жиҳатидан Ислом Россияда насронийликдан кейинда турган бўлса-да, унга эътиқод қилувчилар сони кескин ортиб бораётгани боис, таҳлилчилар бу мамлакат тобора мусулмонлашаётганини билдирмоқда.
Россияда 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда Исломга эътиқод қилувчилар сони 15 миллион атрофида бўлган.
Бу аҳолининг 10 фоизи демакдир. Атиги уч йил ичида бу кўрсаткич кескин кўтарилиб, 20 миллионга чиқди.
Бу рақамни Россия Мусулмонлар идораси ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда бу мамлакатда аҳолининг 14 фоизидан ортиқроғи, туғилаётган ҳар тўрт инсоннинг бири мусулмондир.
Таҳлилчилар 2000-йиллардан буён Россия мусулмонлари Марказий Осиёдан келиб ишловчилар ҳисобига ортиб бораётганини айтишади ва келажакда яқин ўн йил ичида бу кўрсатгич яна камида икки баробар ортишини тахмин қилишмоқда.
Россияда ўзбекистонлик мусулмонларнинг мақоми турлича: бу ерда муқим иш ва турар жойга эгалар ҳам, тирикчиликка пул топиш учун вақтинча ишлашга мажбур ўзбеклар ҳам кўп.
Қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, Россиядаги энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келади.
Чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида энг ҳуқуқсиз ва ижтимоий ҳимоясиз қолиб келганлари ҳам айнан улар, деб кўрилишган.
Суҳбатни Москвадаги мухбиримиз Соҳиба Ҳаёт уюштирган.
Бир кўринг-чи. Агар, ҳозир Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлсангиз, сиз қандай вазиятдасиз? Ёрдам сўраб, шу каби ассоциация ёки марказларга ҳеч мурожаат қилган ҳолларингиз бўлганми?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












