Туркистон жадидлари: Германиядан қайтгач отилган ака-ука Авазжоновлар

Германияга йўл олганда Муҳаммаджон 17, Раҳматжон 14 ёшида эди. (Кёслин, 1924 йил)

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV

Сурат тагсўзи, Германияга йўл олганда Муҳаммаджон 17, Раҳматжон 14 ёшида эди (Кёслин, 1924 йил)
    • Author, Баҳром Ирзаев
    • Role, Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими

Кечар устида авлоди, тушунмас ким этар авғон,

Тушар бечоранинг ёдиға кечмиш хони ва хоқони.

Ватан авлодиман деб лоф урарлар тушларида, йўқ,

Ким остида, ким устида, бу ватан кимларнинг қурбони?

Хосият Тиллахонова. Ватан "Билим ўчоғи" журнали, 1922 йил.

Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг 1920-йилларда хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақидаги мақолаларини эътиборингизга ҳавола этади.

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Республикаси (БХСР) томонидан йўлланган 55 талаба орасида ака-ука Муҳаммаджон ва Раҳматжон Авазжоновлар ҳам бор эди. Йўлга чиққанларида Муҳаммаджон 17 ёшида, укаси Раҳматжон эса 14 ёшида эди.

Муҳаммаджон 1905 йил, Раҳматжон 1908 йил Бухоро шаҳрида йирик савдогар оиласида дунёга келган. Уларнинг отаси Авазжон ўз вақтида Бухоро Амирлигининг юқори лавозимли ишлаган, 1912-18 йиллар эса Чоржўй божхонасида масъул бўлган. Ака-ука Авазжоновлар дастлаб Бухоро шаҳрида эски мактаб ва мадраса таълимини олди ва араб, форс тилларини мукаммал ўзлаштирди. Когондан ёлланган муаллимдан улар рус тили ва адабиёти, Европа мусиқа санъати сирларини ўрганди. Улар ёшлигидан амакилари (отасининг туғишган акасининг ўғиллари) кейинчалик БХСР ҳукуматида йирик мансабларда бўлган Мусожон ва Мухтор Саиджоновлар орқали жадид тараққийпарварлари ғоялари таъсирида улғайди ва "Ёш бухороликлар" ҳаракатига бош қўшди.

Германияга йўл

Раҳматжон (ўнгда) дўсти билан Кёслинда

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV

Сурат тагсўзи, Раҳматжон (ўнгда) дўсти билан Кёслинда

1922 йил сентябрда Муҳаммаджон ва Раҳматжон Авазжоновлар ҳам БХСР томонидан иқтидорли ёшлар қаторида Германияга таълим олишга юборилди. Улар дастлаб Германиянинг Кёслин (Köslin, бугунги Польша таркибидаги Koszalin) шаҳридаги педагогика мактабида бошқа бухоролик ёшлар қаторида таълим олди. Муҳаммаджон ўрта махсус шаҳодатномани қўлга киритгач, Коттбус (Cottbus) шаҳридаги "Олий текстил мактаби"га текстилчи-муҳандис йўналишига ўқишга кирди.

Раҳматжон эса Зарау (Groß Sarau) шаҳрида жойлашган "Прусс текстил индустрияси Олий мактаби"нинг текстилчи-кимёгар йўналишида таҳсил олди. 1928 йил июл ойида олий маълумот тўғрисидаги дипломни қўлга киритган Раҳматжон Авазжонов, 1928 йил август ойида эса Муҳаммаджон Авазжонов ватандошлари текстил соҳасида олий маълумот олган Исомиддин Аловуддинов ва қишлоқ хўжалиги йўналишида ўқиган Абдулла Пўлатовлар билан бирга СССРга қайтадилар.

1928 йил сентябрда Самарқандга етиб келган Муҳаммаджон Авазжонов ва Исомиддин Аловуддиновларни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев ўз кабинетида кутиб олди. Ҳукумат раҳбари уларни табриклаб, келажак вазифалари ҳақида тўхталди. Шундан сўнг уларни кузатиб, маълум миқдорда пул берди ва улар Бухорога йўл оладилар.

Муҳаммаджон Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда текстил комбинатлари қурилиши ва ишга туширилишига бош-қош бўлди. Маҳаллий ёшлардан соҳада етук мутахассилар етиштириш мақсадида комбинатлар қошида билим юртлари ташкил этди. Унинг сўнгги иш жойи 1934 йилдан Фарғона текстилкомбинатида бош инжинер ва ишлаб чиқариш бўлими раҳбарлиги вазифалари бўлди. Эндигина 32 ёшни қаршилаган Муҳаммаджон Авазжоновнинг ғайрати кундан кун жўш ураётган бир пайтида унинг атрофида қора булут пайдо бўлди.

Айрилиқ

Раҳматжон иккинчи аёли Елизавета билан

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи, Раҳматжон иккинчи аёли Елизавета билан

Укаси Раҳматжон Авазжоновнинг эса ватандаги ҳаёти бошқача кечди. Раҳматжон ўқишнинг сўнгги йили Зарау шаҳрида гўзал немис қизи Эльза Прагер билан танишиб уни севиб қолганди. Афтидан уларнинг расман оила қуриш тараддудига тушганини сезиб қолган совет хуфялари Раҳматжонни босим ёки алдов йўли билан Москвага олиб келдилар. Унинг 1928 йил ёзи сўнгида саккиз кун давомида Москвадаги қамоқда сақлангани, акаси Муҳаммаджоннинг уйига бормасдан, аввал ҳукумат раҳбари Файзулла Хўжаевнинг қабулига кириши ҳам юқоридаги фикрни асослаши мумкин.

Раҳматжон сўнг Москвада қолиб, дастлаб Москва шаҳридаги "Эркин меҳнат" тўқимачилик фабрикасида, 1930-35 йилларда эса Петр Алексеевич номидаги Москва чарм ишлаб чиқарувчилар иттифоқи лабараториясида фаолият олиб борди. Айни пайтда Германиядан аёли ва фарзандини олиб келиш ёки уларнинг олдига бориш учун рухсат олиш мақсадида совет ҳукумати масъул идораларига тинимсиз мурожаат этди. 1930 йилдан Германия элчихонасига қатнади. Германиядан Эльза ҳам Раҳматжонга муҳаббат изҳори билан тўла севги мактубларини битиб, 1928 йил кузида дунёга келган фарзандлари Анхимнинг сурати билан ҳар ой хат йўллар эди. Хуллас дунёнинг қарийиб учдан бирини эгаллаган шўролар мамлакатида икки севишган қалб учун жой топилмади. 1935 йилга келиб севган ёри ва фарзандини қайта кўриш умидини узган Раҳматжон Тошкентга қайтди ва Тошкент текстил комбинатда цех бошлиғи, муҳандис бўлиб иш бошлади.

Раҳматжоннинг Германияда туғилган ўғли Ахим

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи, Раҳматжоннинг Германияда туғилган ўғли Ахим

"Катта қирғин"

1937 йил 4 сентябрь куни Раҳматжон Авазжонов ЎзССР Жиноят Кодексининг 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбланиб қамоққа олинди. У яшаётган Тошкент текстил комбинатининг ётоқхонасида тинтув ўтказилиб паспорти, Германияда олган дипломи, турли хатлар, суратлари ва бошқа шахсий буюмлари, уйдан топилган 30 сўм пул ҳам далолатнома асосида олиб кетилди.

Унинг турмуш ўртоғи Ўрта Осиё давлат университети (САГУ) кимё факультетининг 5-курс талабаси бўлган Елизаветта Савельевна Авазжанова ва эндигина бир ёшига тўлган қизи Светланага на тушунтириш берилди на бир тийин пул қолдирилди.

Икки кундан кейин эса Фарғонада Муҳаммаджон Авазжонов ҳам қамоққа олинди. Унга тегишли хонадонда тинтув ўтказилиб, паспорти, Германиянинг Олий Прусс текстил индустрия институтини тугатгани ҳақидаги дипломи ва гувоҳномалари, шунингдек, кўплаб Германиядан келтирилган ўз соҳасига доир илмий китоблар, Хислатнинг шеърий тўплами, немис тилидаги бадиий адабиётлар, албом ва суратлар, ҳамма-ҳаммасиси олиб кетилди.

Эртаси куни ўтган қайта тафтишда уйдаги барча жиҳозлар - жомадон, камар, 60 сўм миқдоридаги пул, қаламдон, ручка, хуллас ҳамма нарса хатлаб олиб кетилди. Унинг турмуш ўртоғи Маҳбуба Авазжанова, етти яшар ўғли Иноят ва тўрт яшар қизи Люба бўм-бўш уйда ва бир тийинсиз оталарининг ортидан йиғлаб қолдилар.

Муҳаммаджон Авазжонов олий маълумотли мутахассис эди

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи, Муҳаммаджон Авазжонов олий маълумотли мутахассис эди

Табиатан ҳассос қалб эгаси бўлган Муҳаммаджон адабиётни жуда севар, бўш вақтларида эса ўзи Германиядан келтирган фотоаппарати орқали турли табиат манзараларини, тарихий биноларни, дўстлар базмлари, одамларни суратга олиб юрар эди. 1937 йил 9 сентябрда ўтказилган илк сўроқда терговчи асосий эътиборни ана шу суратларга қаратди. Шундан сўнг ҳеч бир аниқ асослар кўрсатилмаган ҳолда Муҳаммаджон Авазжонов Германия жосуси деб, ЎзССР Жиноят Кодексининг 57 моддаси I қисми (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж) билан айбланди.

Энг қизиғи уни қамоққа олиш тўғрисидаги ордер 1937 йил 11 ноябрда, яъни айбланишидан икки ҳафта ўтиб берилганди.

Муҳаммаджон совет турмасида яна қарийб бир йил муттасил қийноқ ва азоблар остида қисмат ҳукмини кутди. 1938 йил 1 октябрда собиқ Германияда таҳсил олган Темурбек Казбеков билан, 1938 йил 2 октябрь куни кимёгар Саттор Жабборлар билан юзлаштиришларда Муҳаммаджон Авазжонов Германияда "Озод Туркистон" деган аксилинқилобий жосуслик ташкилоти умуман мавжуд бўлмаганини қайта-қайта таъкидлади.

У барча ҳолатда ўзининг айбсизлигини исбот этишга интилишига қарамай, бир йил аввал аллақачон тайёрлаб қўйилган айблов баённомаси 1938 йил октябрида СССР Генерал Прокурори Андрей Вишинский томонидан тасдиқланди. Муҳаммаджон Авазжонов суд иши 1938 йил 9 октябрь куни атиги 20 дақиқа давом этди. "Учлик" суди Муҳаммаджоннинг барча мулкларини мусодара этиб, уни отувга буюрди.

33 ёшли Муҳаммаджон ўша куниёқ отилди.

"Крокодил"га кулган

1937 йил 5 сентябрь куни Раҳматжон Авазжонов билан илк сўроқда асосан ундан Германияга бориши ва кимнинг пулига ўқигани билан қизиқишади. Икки ҳафта ўтиб чиқарилган қарорда унинг беш йил Германияда ўқигани, "Туркистон" аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, Германияга ишловчи жосус, 1927 йил СССРга жосуслик мақсадида қайтган деб, ЎзССР Жиноят Кодексининг 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 62 (аксилсовет тарғибот) моддалари билан айбланди.

Унинг ўз севгилиси висолига етиш ҳаракатларида Москвадаги Германия элчихонасига қатнагани эса жосуслик дея талқин қилинди.

Раҳматжонга қўйилган айбловлардан бирида унинг карикатурага кулгани айтилган

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev

Сурат тагсўзи, Раҳматжонга қўйилган айбловлардан бирида унинг карикатурага кулгани айтилган

Уч ой ўтиб гўёки Раҳматжоннинг "Крокодил" ҳажвий журналида чиққан карикатурани кўриб кулгани ва бу билан советларнинг зарбдор стахановчилик ҳаракатининг ишчиларга ҳеч қандай фойдаси йўқ деган гапига иқрор бўлишини талаб қилдилар.

Раҳматжоннинг айблов баённомаси 1937 йил 6 декабрда ЎзССР НКВД раҳбари Дереник Захарович Апресян томонидан имзоланди.

Ўз акасиники билан бир кунда - 1938 йил 9 октябрь куни ўтган суд иши 20 дақиқа давом этди ва Раҳматжон ЎзССР ЖКнинг 57-1 (Ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 58 (қуролли қўзғолонга ҳаракат), 64 (Совет давлатига қарши теракт), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалар билан айбдор деб топилиб олий жазога ҳукм этилди.

30 ёшли Раҳматжон ўша куниёқ, акаси билан бир кунда отилди.

Адолат "тикланди"

Сталинча қатағонларнинг фош этилиши жараёнида Муҳаммаджон ва Раҳматжон Авазжоновларнинг ишлари ҳам қайта кўриб чиқилди.

Раҳматжон Авазжонов 1957 йил 20 сентябрда СССР Олий Судининг ҳарбий коллегиясининг қарори асосида оқланди.

Муҳаммаджон Авазжоновнинг иши қайта кўрилаётган вақтда у билан бирга ишлаган бир қатор кишилар гувоҳ сифатида сўроққа тортилди. Улардан бу вақтда Тошкент текстилкомбинатга қарашли мактаб директори Розенцвит Леонид Моисеевич 1956 йил 9 ноябрь куни Муҳаммаджон Авазжонов ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади:

"Мен 1934 йил Иваново текстил техникумини тугатиб, Тошкент текстил комбинатига ишга юборилганман. Бу ерда кадрлар тайёрлаш курси раҳбари сифатида Фарғона текстил комбинати ва унинг қошидаги Джерзинский номли техникум билан ҳам ҳамкорликда ишлардик. Мен Фарғона текстил комбинатининг ишлаб чиқариш бўлими раҳбари ва Фарғона техникуми ўқитувчиси бўлган Муҳаммаджон Авазжонов билан 1935 йилда бир йилдан кўпроқ вақт турли масалаларда хизмат вазифам юзасидан мулоқотда бўлганман. Менда у текстил соҳасида мавжуд барча технологияларни мукаммал билувчи ва ҳар томонлама етук мутахассис сифатида таассурот қолдирган. Шу вақт давомида бирор марта уларнинг аксилсовет фаолиятини сезмаганман ёки бирор одамдан шунга ўхшаш фикрларни ҳам эшитмаганман."

Укаси оқланишидан уч кун ўтиб Муҳаммаджон Авазжонов ҳам оқланди.

Унинг рафиқаси Маҳбуба Авазжоновага 81 сўм 96 тийин қайтариб берилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek