Шавкат Мирзиёев: 'Давлат халққа хизмат қилмаяпти'

Сурат манбаси, courtesy
Бош вазир ва Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев жойларда "одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётгани" ва аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига ишончи қолмаганини айтган.
Чоршанба куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар -Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қурултойида нутқ сўзлаган жаноб Мирзиёев "халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қиладиган вақт келгани"ни таъкидлаган.
"Афсуски, ҳаётда бунинг аксини кўрсатадиган баъзи бир рақамларга сизнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасига, вазирлик ва идораларга, барча даражадаги ҳокимликларга тушган мурожаатларнинг умумий сони 338 мингтани ташкил этди. Улардан 200 мингдан ортиғи ёки 60 фоизи туман ва шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади", деб айтган жаноб Мирзиёев ўзининг амалда сайловолди дастури деб айтиш мумкин бўлган маърузасида.
Унга кўра, бундан кейин раҳбарлар фаолиятига уларнинг халқ ичида юриши ва муаммоларни ҳал қилишига қараб баҳо берилади.
Жаноб Мирзиёев шунингдек, давлат хизматчиларининг иш куни ва ҳафтаси аниқ меъёрга солиниши кераклигини айтиб, давлат хизматчилари тўғрисида махсус қонун қабул қилишни таклиф қилган.
Унинг маълум қилишича, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига уч ҳафта ичида фуқаролардан 50 мингдан ортиқ шикоятлар келиб тушган.
'Рақамлар билан овора'
Жаноб Мирзиёевга кўра, "ишга жойлаштириш, ер участкалари ажратиш, иш ҳақи ва пенсияларни ўз вақтида тўлаш масалалари бўйича мурожаатлар сони кўпайган".
"Айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир мурожаатларнинг ошгани, ишимиздаги камчиликлардан далолат беради", -деб айтган Бош вазир.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги иқтисодий ўсишга доир рақамлар одамлар турмушида акс этмаяпти.
"Ўсиш суръатлари - бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир", -деб айтган Бош вазир.
У ҳукумат ўз олдига 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш вазифасини қўйганини айтган.
Жаноб Мирзиёев давлатнинг статистика идоралари фақат рақамларни қайд этиш билан овора эканини танқид қилган.
У аҳолини иш билан таъминлашга доир "тизимли ишлар" амалга оширилишини маълум қилган.
Мирзиёевга кўра, асосий эътибор экспортга йўналтирилган мева-сабзавот, озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга қаратилади.
У аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, жумладан, уй-жой билан таъминлаш, дори-дармон ва кўмир нархини тушириш юзасидан қатъий чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилган.
Бундан ташқари, жаноб Мирзиёев олимлар ва ижодкор зиёлиларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатни модернизациялаш мақсадида интернет ва замонавий коммуникация технологияларини ривожлантиришга эътибор қаратилишини айтган.
Одил судлов
Жаноб Мирзиёев ўз нутқида аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бўлган эътирозларига диққат қаратган.
У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.
Бош вазирнинг таъкидлашича, кейинги йилларда судлар томонидан биронта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган.
"Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак", - деб айтган жаноб Мирзиёев.
Унга кўра, "суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масаладир".
Аввалроқ Сенат жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган, аммо ҳозирча амнистиянинг кўлами қанчалик бўлиши, жумладан, диний-сиёсий айбловлар билан қамалганларнинг озод этилиш-этилмаслиги номаълум.
Мирзиёевнинг Президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.
Ўтган ҳафта муваққат Президент шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.
У шунингдек, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан алоқаларни яхшилаш томон қадамлар қўйган.
Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.
Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишади.
4 декабр кунги сайловларда Мирзиёевдан ташқари яна уч сиёсий партия номзодлари иштирок этадилар.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкоролик Ташкилоти сўнгги ўн йилда илк бор Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли ҳайъат юборишини маълум қилган.
Сайловларда мухолифат иштирок этмайди ва жаноб Мирзиёев ҳозирга қадар сиёсий соҳада жиддий ислоҳотларни амалга ошириши борасида ҳеч қандай ишора бермаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook - BBC UZBEK
Google+BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - uzbekbbclondon
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.












